Жаҳолатга қарши маърифат

ГИЁҲВАНДЛИК ВА УНИНГ САЛБИЙ ОҚИБАТЛАРИ

ГИЁҲВАНДЛИК ВА УНИНГ САЛБИЙ ОҚИБАТЛАРИ

Гиёҳвандлик – инсоннинг гиёҳванд моддага ўрганиб қолишига айтилади. Гиёҳвандлик Аллоҳ таоло инсонга ато этган жон, жисм ва ақл неъматларининг заволи бўлиб Аллоҳнинг яратиш ҳикмати ва иродасига зид ҳатти-харакатдир. 

Гиёҳвандлик - бу бангилик, оғир хасталикдир, яъни у ёки бу наркотик моддаларга ёки кайф берувчи моддаларга ишқибозлик ва мойиллик ҳосил қилишдир, яъни инсон ўз ихтиёри билан миясини захарлайди. Натижада ушбу ўта гунох ва нотўғри йўлга қадам қўйган шахс ўзининг одамийлик қиёфасини йўқотади, ўзининг олийжаноб инсонийлик кўринишидан жудо бўлади. Руҳан носоғлом холга келади, касб-ҳунаридан махрум бўлиб қолади, оқибатда жиноий ишларга қўл уради, ўғрилик қилади, ўзига ҳам бошқаларга ҳам бахтсизлик келтириб чиқаради.

Гиёҳвандликка мубтало бўлган киши атроф-мухитда бўлаётган воқеаларга бепарво бўлиб колади. Унинг гирдобига тушган бемор нафақат ўз яқинлари балки юртини ҳам танимайдиган манқуртга айланади. Мана шунинг ўзиёқ гиёҳвандликнинг нақадар тубанликка олиб боришини англатади. Гиёҳвандлик инсонга ҳар томонлама улкан зарар беради. Буни тиббиёт мутахассислари бир овоздан тасдиқлашган. 

Гиёҳвандлик оқибатида ўнлаб тузалмас касалликларга йўлиқиш, танани турли касалликларга чалиниши, хотирани сусайтиради, бош, юрак, сил, истисқо хасталикларини юзага келтиради, бевакт ўлим ҳолатлари, мажрух, ақли ноқис фарзандлар туғилиши исботланган. Бундан ташқари, бу зарарли иллат инсонни ўта ялқов, камғайрат, оилага бепарво, хамиятсиз, жинсий заиф қилиб қўяди, кўзини хиралаштиради, тишларни тўкиб юборади.

Гиёҳванд аввало Парвардигорга осий бўлиб, Пайғамбаримиз Мухаммад салаллоху алайхи васаллам хидоятларидан махрум бўлади. Энг оғири ҳам руҳан, ҳам жисмонан инсонийлик қиёфасини йўқотади. Шуни асло унутмаслигимиз лозимки, гиёҳванд моддани тажриба учун унинг кайфини синаб кўриш мақсадида бир-икки марта истеъмол қилиш, хеч нарса бўлмайди деб хавас қилиш, ўта хавфли ва ўта ақлсизликдир. Зеро Аллоҳ таоло каломи шарифининг бир неча оятларида барчамизни огоҳлантириб айтадики: “Аллоҳ сизларга ризқ қилиб берган нарсаларнинг халол ва покларини тановвул қилингиз ва ўзларингиз иймон келтирган Аллоҳдан қўрқингиз!(Моида,88). “Ўз қўлларингиз билан ўзларингизни халокатга ташламангиз! ”(Бақара,195). “Ўзларингизни(бир-бирингизни нохақ) ўлдирмангиз! Албатта, Аллоҳ сизларга рахм шафқатлидир” (Нисо,29).

Ҳазрати Расулуллох салаллоху алайхи васаллам бундай деганлар: “Ҳар бир маст қилувчи нарса хамрдир, ҳар бир хамр эса харомдир”. Бошка хадисда: “Пайғамбар салаллоху алайхи васаллам ҳар кандай маст килувчи, баданни бўшаштирувчи ва сусайтирувчи нарсаларни истеъмол қилишдан қайтардилар”, дейилади.

Фатволарда келишича, Гиёҳванд моддаларни истемол қилиш уни сотиш ва унинг тижоратидан келган фойда ҳам харом саналади. Таъкидлаш жоизки, гиёҳванд моддаларни ёшларимиз ичида тарқатаётганлар жамиятимизнинг ҳам динимизнинг ҳам душманлари бўлиб, уларнинг охиратлари барбод бўлади. 

Юртимиз барча турдаги гиёҳвандликка қарши изчил кураш олиб бормоқда. Оммавий ахборот воситалари орқали дунёда “аср вабоси” деб ном олган гиёҳвандликнинг инсон соғлиғига зарари ва унинг аянчли оқибатлари хақида баралла айтилмоқда ва кенг тушунтирилмоқда. Шунинг учун ҳар биримиз келажагимиз бўлган фарзандларимизга ўқувчи ва талабаларимизга, махаллалардаги ёшларимизга бепарво бўлмайлик. Уларнинг тарбияси билан жиддий шуғулланишимиз, қаерда, кимлар билан юрганидан, нима иш қилаётганларидан бохабар бўлишимиз даркор. Бир болага етти маҳалла ота-она деган гап бор халқимизда, шундай экан азизлар, бола ўзимизнинг фарзандимизми ёки бегонаникими уларга эътиборли бўлайлик. 

Халкимиз келажаги бўлган бу ёшларга уларнинг тарбияларига илм олишларига эътибор бериб, келажакда уларни халқ учун, миллат учун, ватан учун, муқаддас динимиз учун хизмат қиладиган бўлишларига харакат қилайлик.


Росулхон Қориев,
Поп тумани “Ғойиб ёронлар” жоме 
масжиди имом-хатиби

Related posts