Таълим тарбия

ФАРЗАНДЛАРНИ ЧИРОЙЛИ ОДОБГА ЎРГАТИШ

ФАРЗАНДЛАРНИ ЧИРОЙЛИ ОДОБГА ЎРГАТИШ

Араб тилидаги “адаб” сўзи турли омилларга кўра бизнинг тилимизда “одоб” ва “адаб” шаклида ишлатиладиган бўлиб қолган. Гоҳида бу икки ибора айри-айри икки маънони англатадигандек бўлиб туюлади. Мисол учун “одобнома” ва “адабиёт” сўзларини олишимиз мумкин, Аслида эса, луғатда бу икки иборанинг ўзаги бирдир. “Адаб” сўзининг асл маъноси “чақириш”дир. Шунинг учун, таом тайёрлаб унга одамларнинг чақирилиши арабларда “маъдабатун” дейилади. Уламолар: “Адаб” бир малака бўлиб, у ўз эгасини ўзига айб келтирадиган нарсалардан сақлайди, деганлар. Кейинчалик бу сўзни таълим беришга ишлатадиган бўлди. Биров боласига ўзини қандай тутиш ҳақида таълим берса, “боласига адаб берди” дейиладиган бўлди. Зотан, таълим нафсни одобли бўлишига, завқли бўлишига ва табиатни гўзал қилишга чақирувчи энг яхши омилдир. Бировни ундан содир бўлган ёмонлик учун жазолашни ҳам “адабини берди” дейилади. Чунки, бундай жазо уни одоб ҳақиқатига чорлайди. Эшитувчи ва ўқувчига кучли таъсир қилувчи ва баён этилган нарсани қайта қилишга уриниш руҳини уйғотувчи чиройли каломга ҳам “адаб” дейилади. Бизда буни “адабиёт” шаклида ишлатиш одат бўлиб қолган. 

Адабиёт билан шуғулланувчи шахснинг “адиб” дейилиши эса, унинг ўз ижоди ила одамларни адабга чақириши, яхшиликка ундаб, ёмонликдан қайтариши туфайлидир. Боланинг ким бўлиб етишишида асосан Аллоҳ таолонинг тавфиқ бериши бош ўрин тутса ҳам, унинг одобли бўлишида ота-онанинг ўрни каттадир. 

Аллоҳ таолонинг Ўзи ота-онага мана шу ишни юклаган ва уни адо этишни талаб қилган. Аллоҳ таоло боланинг ким бўлиб етишишига ота-она томонидан бериладиган яхши тарбияни сабаб қилиб қўйган. Бу дунёдаги барча жараёнларни сабабият қонуни асосида кечадиган қилиб қўйган Аллоҳ таоло инсон боласининг одобли бўлиб етишувини тарбияга боғлаб қўйган. 

Шунинг учун, ҳар бир ота-она ўз фарзандининг тарбияси чиройли бўлиши учун қўлидан келган барча чораларни кўриши лозимдир. 

Имом Бухорий “Ал-адаб ал-муфрад” да келтирган ривоятида: “Салоҳият Аллоҳдан, одоб оталардан”, дейилган.

“Салоҳият” кишидаги аҳлоқий сифатлардан биридир.Яъни, унинг яратилишидаги асл хиқатида бор сифатлардан. Уламолар: “Ўша яратилишдаги асл хамиртуруш ўрнида бўлади. Уни яхшилик ила давом эттирилса, ҳақиқий сифатга айланиб қолади”, деганлар. Ана шунинг учун “салоҳият Аллоҳдан”  дейилмоқда. Бу ривоятдаги “одоб”дан мақсад, инсоннинг бир фазилатга эришиш учун қиладиган мақтовга сазовор бўлган уринишидир. Яъни, яхши ахлоқларга амал қилиш, бошқача қилиб айтганда, мақталган сўз ва ишларни амалга оширишдир. 

Одоб кейин ўрганиладиган ва ўз-ўзидан бўлмай, уриниш ила амалга ошадиган хислатдир. Шунинг учун, ҳадисда “одоб оталардан” дейилмоқда. Жобир ибн Самурадан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Бирингизнинг боласига одоб бермоғи ҳар куни ярим соъ миқдорида садақа қилиб турганидан афзал”,-деганлар”. 

Шарҳ: Фарзандга одоб бериш, уни яхшилаб тарбия қилиш молу дунё сарфлаб садақа қилишдан афзал ишдир. Бу ерда асосий эътибор берилиши лозим бўлган нарса тарбиянинг аҳамияти қанчалик эканлигидир. 

Бизда Боласини тарбия қилса, ўзи учун қиляпти. Одобли бўлса, боласи унга яхшилик қилади.

Одамлар “Боласи одобли экан” деб мақтайди каби тушинчалар бор. Шу билан бирга, бола тарбияси Аллоҳнинг динидаги масулият эканини хам кўпчилик тушунади. Эртага Аллоҳнинг хузурида жавоб бераман, деган тушунча ҳам бор. Лекин болани тарбия қилиш садақадан афзал эканини мана шу ердан биляпмиз. Катта дабдабали тўй-томоша қилгандан кўра ўз фарзандига одоб бериши афзал эканини ҳар бир инсон тушуниб етиб, амал қилса, ёшларимиз тарбиясида улкан ижобий ўзгаришлар зоҳир бўлар эди. Афсуски, баъзи ёшларимиз онгида ҳали ҳам катта, дабдабали тўй-томоша қилиш иштиёқи кучли. 

Одамларда “Болани тарбия қилиш садақага қўшилмайди” деган тушунча бор. Бу ерда тарбиянинг садақадан афзал нарса экани ва яхши савобларга сабаб бўлиши ҳақида сўз бормоқда. Фақат ҳозирги кунда ҳаётда, кўзга кўриниб турган муомала билан тугамасдан, тарбиянинг савоби оҳиратга ҳам қолар экан, қолганда ҳам, садақа қилганидан афзал савоб қолар экан. Ана шу муаммони тушуниб етиб, ҳар бир мўмин-мусулмон банда фарзандига тарбия бериш учун жуда ҳам яхши ғайрат билан иш олиб бориши керак. 

Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Ўзингизни ва аҳлингизни дўзаҳдан сақланг” ояти ҳақида: Уларга таълим беринг ва одоб беринг деган. 

Шарҳ: Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу Таҳрим сурасида келган “Ўзингизни ва аҳлингизни дўзаҳдан сақланг” деган ояти каримани тафсир қилиб шундай деганлар: Бу оятнинг мазмуни: Уларга таълим беринг ва одоб ўргатинг, деганидир.

Исломда қиз болаларга алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, ҳатто бозордан ўз фарзанларига бирор нарса олиб келган ота ҳам олиб келган ширинлик ёки мевани аввал қизларга бериб, кейин ўғил болаларга бериш зарурлиги кўрсатилган. 

Жобир ибн Абдуллоҳдан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимнинг учта қизи бўлса, уларга одоб берса, меҳрли бўлса ва кафолатини олган бўлса, албатта, унга жаннат вожиб бўлади”,-дедилар. 

“Ё Расулуллоҳ! Агар иккита бўлса ҳамми?” “Иккита бўлса ҳам”,-дедилар. Қавмдан баъзилар дейишди: “Битта бўлса-чи?” дейилганда, “Битта бўлса ҳам”, дер эдилар” деб билди. 

Шарҳ: Аслида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Битта бўлса ҳам, вожиб бўлади”, деб жавоб берганлари ҳақидаги ривоятлар ҳам бор. Биттами, иккитами ёки учтами, ундан кўпми қиз болани тарбиялаб вояга етказиш ила бандага жаннатга кириш вожиб бўлиб қолиши жуда улуғ гап. Бу гап қиз бола тарбиясига динимизда қанчалар эътибор берилганини яна бир бор таъкидлайди. Албатта, қиз бола тарбияси жуда нозик ва машаққатли меҳнат эканини ҳамма яхши билади. Аммо бу меҳнатнинг савоби ва мукофоти ҳам ўзига яраша юқори даражада эканини ушбу ҳадиси шарифдан билиб оламиз. Ўз фарзандига одоб бериш ҳар куни садақа қилишдан афзал бўлса, ҳар бир мусулмон дабдабабозлик ва риёкорлик билан катта эҳсон қилиш ўрнига фарзандига тарбия ва одоб ўргатиши лозим эмасми? Аллоҳ таоло қиёмат куни: “Нима учун катта зиёфат ёки дабдабали тўй қилмадинг?” деб сўрамайди. Балки "Нима учун фарзандинга яхши тарбия бермадинг?”деб сўрайди. 

Зикрулло Умурзақов,
Норин тумани бош имом хатиби

Related posts