Таълим тарбия

ФАРЗАНД ТАРБИЯСИГА ЭЪТИБОР БЕРАЙЛИК!

ФАРЗАНД ТАРБИЯСИГА ЭЪТИБОР БЕРАЙЛИК!

Фарзанд тарбиясида оилавий муҳитнинг ўрни беқиёс. Чунки доно халқимиз қуш уясида кўрганини қилади дейди. Фарзанд Аллоҳ таоло ато этган улуғ неъмат, қолаверса, у ота-она зиммасидаги омонат ҳамдир. Ҳар бир ота-она ўз боласининг солиҳ маънавий баркамол бўлиб етишишини орзу қилади. Оиладаги соғлом муҳит ва тўғри тарбия ўғил-қизларимизнинг билим ва касб-ҳунарли, ҳалол-пок бўлиб вояга етишлари учун асосий пойдевордир. 

Фарзанд Аллоҳнинг санаб адоғига етиб бўлмайдиган неъматлар ичидаги бир неъматдир. У дунё ҳаётининг зийнатидир. Бу тўғрисида Аллоҳ таоло Қуръони каримда “Каҳф” сурасининг 46-оятида марҳамат қилиб айтадики: “Мол-мулк фарзандлар дунё ҳаётининг зийнатидир”.

Фарзанд қалб райҳони, гулидир. Ёшлик чоғларида уларни эркалаб кўнглимиз ҳузур қилади. Катта бўлганларида ёрдамларидан баҳраманд бўламиз. Вафот қилганимиздан сўнг эса уларнинг саъйи-ҳаракатлари туфайли номаи амолимиздаги савобларимиз зиёда бўлади. Аллоҳ таоло инсонга фарзандни аслида неъмат қилиб берган, лекин гоҳида манашу фарзанд ота-онасига  бало бўлиши ҳам мумкин. 

Агар оила тинч-тотув бўлиб, ота-она ўз фарзандларига яхши тарбия берсалару, бола улғайганда ота-онасига раҳмат олиб келса, бу улар учун Аллоҳнинг мукофоти бўлади. Аксинча бола бадхулқ, безори бўлиб кўчадан лаънат олиб келса, бу ота-оналар учун жазодир. Фарзанд тарбиясида ёшларни бекор қолдирмаслик лозим, гиёхвандликка ружу қўйиш, ҳар-хил ёт оқимларга эргашиш каби зарарли одатлардан сақлашимиз, бунда эса иложи борича уларни нима билан шуғулланаётгани кимлар билан юргани ҳақида маҳалла-куй, қўни-қўшни, айниқса, ота-оналар жуда катта эътибор билан қарамоқликлари керак бўлади. Лекин, улар билан қизиқилмаса, уларга нисбатан бепарво бўлинса кўнгилсиз ҳолатлар юзага келиши мумкин. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз ҳадисларида айтганларки: “Ёшлик вақтингизни кексаликдан олдин, бўш вақтингизни бирор иш билан  машғул бўлиб қолишдан олдин ғанимат билинг”. 

Ушбу ҳадисдан, хулоса шуки, ота-оналар фарзандларига ҳар бир кунни ғанимат билиб, ҳаётдан фойдаланиш зарурлигини кенгроқ қилиб тушунтиришлари лозим. Уларни ёшлик давридан бошлаб меҳнатга ўргатиб, ҳалол меҳнат, пешона тери билан топилган  ризқ-рўзида барака бўлиши ҳақида панду-насиҳатлар қилишлари айни муддаодир. 

 

Тожиддин ХЎЖАХАНОВ,
Янгиқўрғон тумани, “Ёрилган” жоме 
масжиди имом-хатиби

Related posts