Дунёда инсон қалбини юмшатадиган, уйга файз олиб кирадиган неъматлардан бири — фарзанддир. Боланинг кулгуси уйга бахт олиб киради, йиғиси эса ота-онанинг юрагини титратади. Шунинг учун Ислом фарзанд тарбиясига жуда катта аҳамият берган.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: “Молларингиз ва фарзандларингиз — бир синовдир”. (Тағобун сураси, 15-оят)
Яна бир оятда: “Албатта, мол-дунё ва фарзандлар ҳаёт зийнатидир”.(Каҳф сураси, 46-оят)
Демак, фарзанд — фақат қувонч эмас, балки улкан масъулият ҳамдир. Уларнинг қалби пок қоғоз кабидир. Нима ёзилса, шу қолади. Агар иймон, одоб ва меҳр берилса — солиҳ фарзанд бўлиб етишади. Агар эътиборсиз қолдирилса, жамият учун оғир оқибатларга сабаб бўлиши мумкин.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам болаларга шундай муносабатлари; болаларни жуда яхши кўрар эдилар. У зот ҳатто намозда турганларида набиралари елкаларига чиқиб оларди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни тушириб юбормас, боланинг кўнгли синмасин деб саждани узоқ қилардилар. Бир куни саҳобалар ҳайрон бўлиб сўрашди:
— Ё Расулаллоҳ, саждани нега бунча узоқ қилдингиз?
Шунда у зот: “Ўғлим елкамга чиқиб олди. Уни шоширгим келмади”, — дедилар.
Бу ҳадис болага меҳр бериш қанчалик муҳим эканини кўрсатади.
Яна бир ҳадисда: “Биздан кичикларга раҳм қилмаган, катталарни ҳурмат қилмаган киши биздан эмас”. (Имом Термизий ривояти)
Болани уриш, ҳақорат қилиш, бошқалар олдида камситиш — унинг қалбида умрбод оғриқ қолдириши мумкин. Бир оғиз яхши сўз эса унинг бутун ҳаётини ўзгартириб юбориши мумкин.
Ривоятларда келишича. Бир солиҳ инсондан: — Дунёда энг оғир нарса нима? — деб сўрашибди.
У киши: — Ота-онанинг қариб қолганида меҳрсиз фарзанд қўлига қараб қолиши, деб жавоб берибди.
Чунки болаликда берилмаган меҳр, катта бўлгач қайтиб келмайди. Кичиклигида қучоқламаган ота, катта бўлганида меҳр кутмаслиги керак. Болаликда эшитилмаган дуо, кейин қалбда совуқликка айланади.
Шунинг учун фарзандга фақат кийим ва овқат эмас, вақт ҳам керак. Телефонга эмас, фарзанднинг кўзига қараб гапириш керак. Унинг қалбига йўл топиш керак.
Исломда боланинг ҳақлари жуда кўп:
— ҳалол ризқ билан боқиш;
яхши исм қўйиш;
одоб ва илм ўргатиш;
меҳр бериш;
адолатли муносабат қилиш.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ҳеч бир ота ўз фарзандига яхши одобдан кўра афзалроқ нарса бермаган”. (Имом Термизий ривояти)
Бугун баъзи ота-оналар фарзандига қиммат телефон олади, лекин тарбия беришга вақт ажратмайди. Натижада бола интернетдан тарбия оляпти. Бу эса жуда хатарли.
1-Июнь — фақат байрам эмас. Бу кун болага ўйинчоқ олиб бериш билан тугамайди.
Бу кун — ўзимизга савол берадиган кун:
Фарзандим билан қанча вақт ўтказяпман?
Унинг қалбида нималар борлигини биламанми?
У мендан қўрқадими ёки мени яхши кўрадими?
Мен фарзандимга дунё беряпманми ёки тарбия? Чунки келажакда юртнинг тақдири бугунги болалар қўлида бўлади.
Хулоса қилганда.
Болани йиғлатиш осон, қалбини синдириш ундан ҳам осон. Аммо унинг кўнглини кўтариш — садақа. Уни тўғри тарбиялаш эса умматни ислоҳ қилишдир.
Бугун фарзандларимизнинг қўлига фақат телефон эмас, китоб ҳам беришимиз керак. Икки дунё илмлари, одоб ва иймон ҳамда миллий қадриятларимизни, ҳам ўргатишимиз лозим.
Аллоҳ таоло барча фарзандларимизни солиҳ, диёнатли, илмли шу билан бир қаторда ота-онасига, ватанига ва халқига садоқатли қилиб вояга етишини насиб қилсин.
Акрамхон Абдуллаев,
Наманган шаҳар “Ёқуббой ҳожи” жоме
масжиди имом ноиби