Жамият аъзоларига муносабат

ФАРОВОН ОИЛА — ФАРЗАНД КЕЛАЖАГИНИНГ КАФОЛАТИ

ФАРОВОН ОИЛА — ФАРЗАНД КЕЛАЖАГИНИНГ КАФОЛАТИ

Оила — жамиятнинг энг муҳим бўғини, инсон ҳаётининг таянчи ва фарзанд тарбиясининг муқаддас масканидир. Фаровон оила эса нафақат моддий бойлик, балки ўзаро меҳр-оқибат, ҳурмат-эҳтиром, ҳалоллик, сабр-тоқат ва маънавий бойлик мужассам бўлган муборак қўрғондир. Зеро, бугун оилада қандай муҳит яратилса, эртанги кун фарзандларининг ҳаёти ҳам шунга қараб шаклланади.

Ислом динида оилага алоҳида эътибор қаратилган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:«Унинг аломатларидан (яна бири) сизлар учун ўзларингиздан жуфтлар яратиши ва ўртангизда муҳаббат ва раҳм-шафқат пайдо қилишидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган қавм учун аломатлар бордир» (Рум сураси, 21-оят).

Ушбу ояти карима оила қуришдан кўзланган асосий мақсадлардан biri ўзаро муҳаббат, меҳр-шафқат ва хотиржамлик эканини англатади. Оилада эр-хотин бир-бирига ҳурмат билан муносабатда бўлса, бир-бирининг қадрига етса, бундай хонадонда фарзандлар ҳам меҳр-муҳаббат муҳитида вояга етади.

Фаровон оила фақатгина кенг уй-жой, тўкин дастурхон ёки моддий бойлик билан ўлчанмайди. Ҳақиқий фаровонлик — хонадонда тинчлик-хотиржамлик, ҳалол ризқ, ота-онанинг ўзаро ҳурмати, фарзандларнинг одоб-ахлоқи ва қалблардаги иймон-эътиқод билан белгиланади.

Оилада ота ўз масъулиятини англаб, аҳлига меҳрибон ва адолатли бўлса, она фарзандлар тарбиясига эътибор қаратиб, хонадонда меҳр-оқибатни мустаҳкамласа, бундай оилада соғлом маънавий муҳит шаклланади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:«Сизларнинг энг яхшиларингиз — ўз аҳлига нисбатан яхши бўлганларингиздир» (Имом Термизий ривояти).

Бу ҳадис ҳар бир инсонга оила олдидаги масъулиятини эслатади. Зеро, инсоннинг гўзал хулқи, меҳрибонлиги ва одоб-ахлоқи энг аввало ўз оиласида намоён бўлиши лозим.

Фарзанд — Аллоҳ таолонинг инсонга берган буюк неъмати ва омонатидир. Уни дунёга келтириш қанчалик масъулиятли бўлса, уни комил инсон қилиб тарбиялаш ундан ҳам улкан масъулиятдир.

Фарзанднинг келажаги оиладаги тарбиядан бошланади. У ота-онасининг гап-сўзларидан, хатти-ҳаракатларидан, бир-бирига бўлган муносабатидан ўрнак олади. Агар хонадонда ростгўйлик, ҳалоллик, меҳр-оқибат ва катталарга ҳурмат устувор бўлса, фарзанд ҳам ана шу фазилатларни ўзлаштиради.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда Луқмон алайҳиссаломнинг ўғлига қилган насиҳатларини баён қилиб, фарзанд тарбиясида иймон, ибодат, гўзал хулқ ва камтарликнинг аҳамиятини кўрсатади.

Шунингдек, Таҳрим сурасининг 6-оятида:«Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни ва аҳлингизни дўзахдан сақланг...» деб марҳамат қилинади.

Демак, ота-онанинг вазифаси фарзандини фақат моддий жиҳатдан таъминлаш эмас, балки унинг қалбига иймон, одоб, ҳаё, илмга муҳаббат ва эзгуликка интилиш туйғуларини сингдириш ҳамдир.

Бугунги кунда фарзандларимизни турли ёт ғоялар, зарарли одатлар, ахлоқий бузилишлар ва интернет орқали тарқалаётган салбий таъсирлардан асраш ҳар бир ота-онанинг муҳим вазифасидир. Бунинг учун фарзандлар билан доимий мулоқотда бўлиш, уларнинг қизиқишлари ва муаммоларига бефарқ бўлмаслик, бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш зарур.

Уларни илм олишга, касб-ҳунар эгаллашга, Ватанга садоқатли бўлишга, ота-она ва устозларни ҳурмат қилишга ўргатиш лозим. Айниқса, фарзандлар қалбида Қуръони карим ва суннати набавияга муҳаббат уйғотиш, ҳалол билан ҳаромнинг фарқини тушунтириш уларнинг маънавий камолоти учун муҳим аҳамиятга эга.

Зеро, бугун тарбияга эътибор қаратилган оила эртага жамиятга муносиб, илмли, одобли ва масъулиятли инсонларни етказиб беради.

Ҳар бир ота-она фарзандининг бахтли келажагини истайди. Аммо бу келажак ўз-ўзидан яратилмайди. У оиладаги меҳр, ота-онанинг ибрати, ҳалол меҳнат, дуо ва тўғри тарбия орқали бунёд бўлади.

Шундай экан, ҳар бир хонадонда тинчлик ва тотувликни асраш, эр-хотин ўртасидаги меҳр-оқибатни мустаҳкамлаш, фарзандларга эътибор ва тарбия бериш барчамизнинг муқаддас бурчимиздир.

Абдуғани Абдуллажонов 
Чуст туман “Қосимшайх” жоме масжиди имом хатиби 

Related posts