Таълим тарбия

ЕТТИ НАСИҲАТ — ҲАЁТ САЛОМАТЛИГИНИНГ КАЛИТИ

ЕТТИ НАСИҲАТ — ҲАЁТ САЛОМАТЛИГИНИНГ КАЛИТИ

Инсон ҳаёт йўлида кўп одамларга дуч келади.  Ким биландир дўст тутинади, кимдандир маслаҳат олади, яна кимгадир сирини очади. Аммо ҳар бир инсон ҳам ишончга муносиб эмас. Шунинг учун доно зотлар инсонни ҳалокатдан асрайдиган насихатларни мерос қилиб қолдирганлар.

Ҳакимлардан бири айтган экан: “Етти нарсани ёдлаб амал қилсанг, саломат бўласан.”

Бу сўзлар қисқа бўлса-да, бутун ҳаёт тажрибасини ўз ичига олган ҳикматдир.

Ғаюр ва ичиқора инсондан узоқ бўл

Ичи қора инсон бировнинг бахтини кўролмайди. У сенинг муваффақиятингдан қувонмайди, аксинча, қалбида ғашлик пайдо бўлади. Бундай инсон билан шерикчилик ҳам, яқинлик ҳам охири афсус келтиради.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: “Ҳасад қилувчининг ҳасадидан паноҳ сўрайман.” (Фалақ сураси, 5-оят)

Ҳасад — қалбни емирувчи касалликдир.

Ҳасадчидан ҳожат сўрама

Ҳасадчи инсон сенга ёрдам берса ҳам, қалбида оғриқ билан беради. У сенинг яхшилигингни эмас, қийналишингни хоҳлайди. Шунинг учун солиҳлар эҳтиёжни аввало Аллоҳдан сўрашни ўргатганлар. 
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Мўмин киши ҳасад қилмайди.” (Имом Насоий ривояти)

Жоҳил билан яқин бўлма

Жоҳил инсон сени ўзининг нодонлиги билан чарчатади. У ҳақиқатни тушунишни истамайди, насихатни қабул қилмайди ва кўпинча ўз билганидан қолмайди.

Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу айтганлар: “Жоҳилнинг дўстлиги машаққатдир.”

Аллоҳ таоло ҳам Қуръонда: “Жоҳиллар уларга сўз қотсалар: «Салом», дейдилар.” 
(Фурқон сураси, 63-оят) деб, мўминларни беҳуда тортишувдан қайтарган.

Ўзингдан кучли билан курашма

Бу насиҳат нафақат жисмоний куч, балки ҳаётий тажриба ва имкониятда ҳам ҳадни билишни англатади. Ҳар бир ишда ақл билан йўл тутиш инсонни саломат сақлайди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Кучли инсон курашда енгган эмас, ғазаб пайтида ўзини тийган инсондир.” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти)

Иккиюзламачи билан биродар бўлма

Мунофиқ инсоннинг тили бошқа, қалби бошқадир.  У олдингда дўст, орқангдан душмандир. Бундай одам билан яқинлик қалбга озор келтиради.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Мунофиқнинг белгиси учта: гапирса ёлғон гапиради, ваъда берса бузади, омонат қўйилса хиёнат қилади.” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти)

Бахил билан дўстлашма

Бахил инсон фақат молда эмас, меҳрда ҳам бахил бўлади.  У бировнинг яхшилигини хоҳламайди. Бундай инсоннинг суҳбати қалбни тор қилади.

Аллоҳ таоло айтади: “Ким нафсининг бахиллигидан сақланса, ана ўшалар нажот топувчилардир.” (Ҳашр сураси, 9-оят)

Сирингни ҳар кимга омонат қилма

Инсоннинг сири — унинг қадри. Ҳар бир қулоқ ҳам омонатни сақлай олмайди. Баъзан энг яқин деб билган инсон ҳам сирни тарқатиб юбориши мумкин.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу айтганлар: “Сиринг қонингдир, уни фақат ишончли жойда сақла.” 
Сукут кўп ҳолда инсонни пушаймонликдан сақлайди.

Ҳикматли инсонлар айтган бу етти насиҳат ҳаёт йўлида инсон учун гўё бир чароғдир. Ким уларга амал қилса, кўп кулфатлардан омон қолади. Чунки инсоннинг саломатлиги фақат тан саломатлиги эмас, балки қалб, дўстлик ва муносабатлар саломатлиги билан ҳам ўлчанади.

Аллоҳ таоло барчамизга солиҳ инсонлар билан ҳамсуҳбат бўлишни, ёмон хулқли кишилардан узоқ юришни ва ҳикмат билан ҳаёт кечиришни насиб этсин.


Нуруллоҳ Имамов, 
Тўрақўрғон туман  Хонақоҳ жоме  
масжид имом хатиби

Related posts