Ҳар қандай миллатнинг келажаги ёшларнинг тарбияси ва салоҳиятига боғлиқ. Агар ёшлар тўғри тарбияланса, миллат равнақ топади, юрт тараққий этади. Агар уларга эътиборсизлик қилинса, ахлоқий таназзул ва жамиятда бузғунчилк юзага келади. Шунинг учун ёшлар тарбияси нафақат ота-она ва устозлар, балки бутун жамият учун ҳам масъулиятли вазифадир.
Ислом таълимотида ёшлар тарбиясига катта аҳамият берилган. Қуръон ва ҳадисларда фарзандларнинг ахлоқий, маънавий, илмий ва жисмоний ривожланиши учун қатор йўриқномалар берилган.
Бугунги кунда ёшлар таълим-тарбияси ҳар қачонгидан ҳам муҳим, зеро, улар жамият тараққиётининг ҳаракатлантирувчи асосий кучдир. Шу сабаб юртбошимиз томонларидан келажагимиз эгалари бўлган ёшларни орзу-интилишлари, қобилият ва салоҳиятини рўёбга чиқариш давлат сиёсатининг энг муҳим ва устивор йўналиши сифатида белгиланиб, бу йўлда улкан ишлар амалга оширилаётганига гувоҳмиз.
Ўз вақтида, давлат раҳбари томонидан ёшларни илм-маърифатли бўлиши учун жуда кўп икониятлар яратиб берилмоқда. Ёшлар учун ўқув марказлари, касб-ҳунар ўрганишлари учун мономарказлари, хорижий тиллар, замонавий теҳнологияларни ўрганиш учун курслар шулар жумласидандир. Бу имкониятлардан оқилона ва тўғри фойдаланишимиз лозим.
Лекин, минг афсуслар бўлсинки, баъзи ёшлар, хоссатан мактаб ёшидагилар, вақтларини аксар интернет ва фойдасиз компютер ўйинларини ўйнаб, инсонни қалби ва иймонига зарар келтирадиган расм ва видеоларни томоша қилиб ҳамда тўғри адаштирувчи нотаниш кишилар билан суҳбат ўтказиб умрларни олтин даврини зоя қилмоқдалар. Барчамиз ёш авлод таълим-тарбияси борасида юртимизда олиб борилаётган изчил ислохатларни амалга оширишда ўзаро ҳамжиҳадлик руҳида саъй-ҳаракат қилсак, бу-борадаги дунёқараш ва тасаввурларни тубдан ўзгартирсак, кўзланган мақсад ва натижаларга эришамиз.
Динимизда ёшларни ростгўйлик, ваъдага вафо, омонатдордик, каттага ҳурмат, кичикка иззат, ўзгаларга меҳр-оқибатли бўлиш каби фазилатлар соҳиби қилиб вояга етқазишга катта аҳамият қаратилади. Ҳадисларнинг бирида пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилдилар: "Ота ўз боласига чиройли одобдан кўра яхшироқ нарса бера олмайди" деганлар.
Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуъони каримда шундай марҳамат қилади: “Эй иймон келтирганлар! Ўзларингизни ва оила аъзоларингизни ёқилғиси одам ва тошлардан бўлмиш дўзаҳдан сақлангиз” (Таҳрим сураси 6-оят).
Шундан маълум бўладики, ҳар бир ота-она ўз фарзиандига масуълдир. Уларни яхши тарбия қилиш, ҳалолликка, адолат ва меҳнатсеварликка ўргатиш ота-онанинг бурчидир.
Абдулбосит Лутфуллаев,
Наманган шаҳар “Боқимирзо” жоме
масжиди имом ноиби.