Жамият аъзоларига муносабат

ЁНҒИН — ТИЛСИЗ ЁВ

ЁНҒИН — ТИЛСИЗ ЁВ

Ёнғин — тилсиз ёв. Бекорга халқимиз «ўт балосидан асрасин» демаган. Чунки ёнғин катта моддий йўқотишларга сабаб бўлиши билан бирга, инсон ҳаёти ва саломатлигига ҳам жиддий хавф солади. Шу боис юртимизда ёнғинларнинг олдини олиш ва аҳолида хавфсизлик маданиятини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Кунлар совуши билан ёнғин хавфсизлиги билан боғлиқ муаммолар кўпаяверади. Оддийгина эҳтиётсизлик туфайли юз бераётган ёнғинлар, ис газининг чиқиши одамлар ҳаётига таҳдид солмоқда. Тилсиз ёв бўлган ёнғинларнинг олдини олиш, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, шунингдек, огоҳлик ва ҳушёрликни ошириш орқали бунга йўл қўймаслик мумкин.

Айрим кишилар ўз уйларида эҳтиётсизлик, аниқроғи табиий газдан фойдаланишда ёнғин хавфсизлиги қоидаларига амал қилмасликлари оқибатида кўнгилсизликлар келиб чиқади.

Тилсиз ёв бўлган олов фасл танламайди, вақт ва жой ҳам сўрамайди. Кутилмаганда озгина эҳтиётсизлик ва бепарволик оқибатида рўй беради. Шунинг учун газ плитаси ўрнатилган хонани тез-тез шамоллатиб туриш керак. Газ ва кўмир ёқиладиган печкалар мўриси йилига камида бир марта тозаланиши лозим. Печка ва газ плиталари ёнида бензин, керосин каби тез ёнувчи суюқликларни сақлаш, носоз электр асбобларидан фойдаланиш, ёш болаларнинг гугурт билан ўйнашига бепарво бўлиш оғир оқибатларга олиб келади. Учқун текканда ёниб кетадиган айрим нарсалар борки, уларни печкалар ва иситиш мосламалари ёнида сақлаш асло мумкин эмас. Лак, бўёқлар, мебеллар, синтетик кийимлар шулар сирасига киради. Ҳозир кўп қўлланиладиган кимёвий моддалар, каучук ва пластмассадан ясалган турли буюмлар тез ёнишдан ташқари, ёнганда кўплаб заҳарли газларни ҳам чиқаради.

Иситиш мавсуми бошлангач, айниқса тунги вақтларда эътиборсизлик оқибатида содир бўлаётган нохуш ҳодисалар кўпгина оилаларнинг тинчлигини бузмоқда. Айниқса, табиий газ ёки кўмир печларидан нотўғри фойдаланиш натижасида ис газидан заҳарланиш ҳолатлари кузатилаётгани барчамизни янада ҳушёр бўлишга ундайди. Ис гази — рангсиз, ҳидсиз бўлиб, сезилмас равишда инсонни ҳушидан айнитади ва ҳаёт учун ўта хавфли ҳисобланади.

Шу сабабли ис гази ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қатъий амал қилиш ҳар бир фуқаронинг нафақат ўз соғлиғи, балки яқинларининг ҳаёти учун ҳам масъулият эканини унутмаслигимиз лозим. Иситиш печларининг мўрилари созлигини, тортиши яхши ишлаётганини мутахассислар кўмагида мунтазам текшириб туриш зарур.

Икки нарса борки, инсон ҳаёти давомийлигини уларсиз тасаввур қилиб бўлмайди: биринчиси — сув, иккинчиси — оловдир. Керакли ўриндан ортиқчаси эса балодир. Олов совуқдан ҳимоя воситаси бўлса-да, ҳушёр бўлмасак, бизга кўп талофотлар етказиши ёки инсонлар жонига зомин бўлиши мумкин. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйқудан олдин оловни ўчириш кераклигини таъкидлаганлар. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ҳам: «Оловдан эҳтиёт бўлинг, огоҳ бўлмасангиз, душмандир, борингиздан ажрашингиз мумкин», деганлар. Бугунги кунда баъзи инсонлар печ ва газ ёқилғиси ҳамда ис исидан яқинларидан ажралаётганларининг гувоҳи бўлиб турибмиз.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида Мадина шаҳридаги бир ҳовлига ўт тушгани ҳақидаги хабар у зотга етказилганда: «Олов душмандир, эҳтиёт бўлинглар», дедилар. Қаранг, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаси сув идишларининг устини ёпишни, оловни ўчиришни, уй эшикларини маҳкам ёпиб, ухлашни таъкидлаб ўтганлар. Шунинг учун ҳаммамиз доимо ҳушёр ва огоҳ бўлишимиз керак.

Унутмайликки, хавфсизлик қоидаларига амал қилиш — бу бевосита ўз ҳаётимизга ва оиламиз осойишталигига нисбатан бефарқ бўлмаслик демакдир. Кичиккина эътиборсизлик улкан йўқотишларга сабаб бўлиши мумкин экан, ҳар бир хонадонда бу масалага жиддий ёндашиш талаб этилади. Огоҳлик эса бало-қазоларнинг олдини олувчи энг ишончли қалқондир.

Ғуломжон Саттаров,

Наманган тумани “Ал-Масжидун Набавий” жоме 
масжиди имом-ноиби

Related posts