Жамият аъзоларига муносабат

ЭНГ БУЮК САРМОЯ — УМР! УНИ ҚАЕРГА САРФЛАЯПСИЗ?

ЭНГ БУЮК САРМОЯ — УМР! УНИ ҚАЕРГА САРФЛАЯПСИЗ?


1-қисм

Бир неча асрлар муқаддам буюк бир салтанат мавжуд экан. Бу салтанатда барчага ғалати туюладиган, аммо катта ҳикматни ўзида мужассам этган бир қонун бор экан.

Ҳар бир подшоҳ маълум муддат мамлакатни бошқарар, аммо ҳукмронлик даври тугагач, денгиз ўртасидаги одам яшамайдиган, чўл ва хароба бир оролга кемада сургун қилинар экан.

У ердан эса ҳеч ким қайтиб келмас экан.

Кунлардан бир куни донишманд ва фаросатли бир инсон подшоҳ бўлибди. У тахтга ўтиргач, аввалги подшоҳларнинг қисматини эшитиб, қаттиқ ўйга толибди.

— Нахотки, менинг тақдирим ҳам шундай бўлса? Нахотки бир куни бу салтанатни, бойликни, ҳашаматни ташлаб, хароба бир оролга кетсам? — дебди.

Шунда унинг оқил ва донишманд вазири шундай дебди:

— Эй шоҳим! Бу тақдирни ўзгартириб бўлмайди. Аммо у ерга қандай боришингиз ўз қўлингизда.

Агар ҳозирдан бошлаб ўша оролга одамлар юбориб, дарахтлар экиб, сув чиқариб, боғлар барпо қилдирсангиз, уйлар қурдирсангиз ва сармоянгизни ўша ерни обод қилишга сарфласангиз, эртага сургун қилинганингизда хароба эмас, обод масканга борасиз.

Подшоҳ бу сўзлардаги ҳикматни англабди.

У йиллар давомида ўз бойлиги, имконияти ва вақтини ўша оролни обод қилишга сарфлабди.

Ниҳоят, унинг ҳукмронлик даври ҳам тугабди.

Уни ҳам кемага чиқариб, орол томон олиб кетишибди.

Аммо бу сафар уни хароба эмас, яшил боғлар, мусаффо булоқлар, обод қасрлар ва фаровон ҳаёт қарши олибди.

Чунки у бугунги имкониятларини эртанги манзили учун сарфлаган эди.

Азиз биродар!

Бу шунчаки бир ҳикоя эмас.

Бу ҳар бир инсон ҳаётининг рамзий тасвиридир.

Ўйлаб кўринг:

Салтанат — бу дунё.

Подшоҳ — бу ҳар бир инсон.

Вазир — бу ақл ва иймон.

Сармоя — бу солиҳ амаллар.

Вақт — бу умр.

Кема — бу тобут.

Орол — бу қабр.

Ҳар куни умримиздан бир кун камаймоқда.

Ҳар бир нафас бизни охиратга яқинлаштирмоқда.

Савол шунда:

Биз бугун қабримизни обод қиляпмизми ёки уни хароба ҳолда қолдиряпмизми?
Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: «Ҳар бир жон ўлимни тотгувчидир. Сўнг Бизга қайтарилурсизлар.» (Анкабут сураси, 57-оят.)

Яна шундай марҳамат қилади: «Ким заррача яхшилик қилган бўлса, уни кўради. Ким заррача ёмонлик қилган бўлса ҳам, уни кўради.» (Залзала сураси, 7–8-оятлар.)
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилдилар: «Ақлли киши — ўз нафсини ҳисоб-китоб қилган ва ўлимдан кейинги ҳаёт учун амал қилган кишидир.» (Имом Термизий ривояти.)

Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилдилар: «Беш нарсадан олдин беш нарсанинг қадрига ет: қариликдан олдин ёшлигингнинг, касалликдан олдин соғлигингнинг, фақирликдан олдин бойлигингнинг, бандлигингдан олдин бўш вақтиннинг ва ўлимингдан олдин ҳаётингнинг қадрига ет.» (Ҳоким ривояти.)

Бу ҳадислар бизга энг қиммат бойлик — умр эканини эслатади.

Афсуски, кўпчилик инсонлар бу буюк сармояни қўлдан бой бераётганини уни тугатиб бўлганидан кейингина англайди.

Сайфиддин Темиров 
Тўрақўрғон туман “Исҳоқхон тўра” жоме 
масжид имом ноиби

Related posts