Таълим тарбия

ЁЛҒОН ГАПИРИШ - ГУНОҲИ КАБИРАДИР

ЁЛҒОН ГАПИРИШ - ГУНОҲИ КАБИРАДИР

Инсон табиатида яхши ва ёмон хулқий сифатлар мавжуд бўлади. Инсон ўзидаги яхши хулқий сифатларни асраса, ёмон хулқий сифатлар сақланишга ҳаракат қилади. Инсонлардаги ёмон хулқий сифатлардан бири ёлғончиликдир. 

Хўш, ёлғон нима?    

“Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да: “Ёлғон - ҳақиқатга зид, нотўғри; ҳақиқатда бўлмаган. Ҳақиқий эмас, сохта, ясама; ёлғондакам. Ҳақиқатга тўғри келмайдиган, нотўғри гап, нарса; уйдирма” деб изоҳланади. Инсоннинг хоҳ қасддан бўлсин, хоҳ ноқасддан бўлсин бирор нарса ёки ҳодиса ҳақида нотўғри хабар бериш ёлғончиликдир.  

Маълумки, инсон хулқий сифатларда ёмонлик ёки зарар борлиги учун эмас, балки уларни яратганнинг амри сифатида ўзида мужассам қилади. Ислом дини Аллоҳ таоло “Қуръони карим”да инсонларни ёлғончиликдан қайтариб: “Ҳукм шундай. Ким Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларнинг риоясини қилса, парвардигори ҳузурида бу ўзи учун яхшидир. Сизларга тиловат қилинганлардан бошқа чорва ҳайвонлари ҳалол қилинди. Бутлардан иборат нажосатдан йироқ бўлинглар ва ёлғон сўздан йироқ бўлинглар” дейди. ( Ҳаж сураси, 30-оят). 

“Абдураҳмон ибн Абу Бакр отасидан (разияллоҳу анҳумо) ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллаҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик. Шунда у зот: “Гуноҳларнинг энг каттасини сизларга айтиб берайми?” деб уч марта айтдилар. Сўнг “Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш…”, дедилар. Ёнбошлаган ҳолда эдилар. Ўтириб олдидилар ва: “Огоҳ бўлинглар, ёлғон гувоҳлик бериш ва ёлғон гапириш” деб такрорлавердиларки, ҳатто бизлар “Қанийди, тўхтасалар эди, дедик ( Бухорий ривояти) 

Ислом динида ёлғон гапириш гуноҳи кабирадир. Ҳар доим ёлғондан сақланиб, рост гапириш одобли, иймонли кишиларнинг сифатидир. Пайғамбаримиз соллаллаҳу алайҳи васаллам “Ёлғондан сақланинглар, чунки иймон бир томонда, ёлғон бир томондадир. Ёлғон билан иймон бир кишида жам бўлмайди”. 

Алишер Навоий “Маҳбубул-қулуб” асарида: “Ёлғончи-киши эмас; ёлғон айтмоқ яхшиларнинг иши эмас. Ёлғон сўз-айтувчини беэътибор қилади; чунки у гавҳарни оддий тошдек хор қилади. Кимки чин сўзни ёлғонга қотади; бебаҳо дурни нажосатга отади”деб ёзадилар. 

Ёлғончилик туфайли инсонлар қалбига озор берилади, инсонлар орасига совуқлик тушади. Ёлғончилик жамият аъзолари ўртасидаги ишонч, ўзаро муносабат ва меҳр-оқибатни йўқолишига олиб келади. Инсон орасидаги меҳр оқибат йўқолиб, инсонлар бир-бирларидан узоқлашадилар. Ёлғончилик ҳамма халқларда қораланадиган ишлардандир. Шу сабабли ҳар қандай ҳолатда ҳам ёлғондан сақланиб, рост гапириш каби яхши хулқий сифатни ўзимизда мужассам қилайлик.   

Тожиддин Хўжаханов, 
Янгиқўрғон тумани “Ёрилган” жоме  
масжиди имом-хатиби  

Related posts