Байрам ва марака маросимлари

ЭЪЗОЗГА ҲАҚЛИ ЗОТЛАР

ЭЪЗОЗГА ҲАҚЛИ ЗОТЛАР

Орамизда шундай зотлар борки, уларнинг яхшилигини ҳар қанча мукофот билан қайтариб бўлмайди. Устозлар, ўқитувчилар ва мураббийлар ана шундай эҳтиромга лойиқ инсонлардир. Динимиз ҳам одамлар орасига яхшилик уруғларини сочувчи устоз ва муаллимларга ҳар икки дунёда юқори мартабалар ваъда қилган. Одамлар яратилибдики, пайғамбарлар ва халқ ўртасида устоз-шогирдлик алоқалари мавжуд. Зеро, биринчи яратилган инсон Одам алайҳиссалом пайғамбар бўлдилар. Аллоҳ таоло у зотга ҳамма нарсанинг исмини, моҳиятини билдирди. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай "(Аллоҳ) Одамга барча(яратилган ва яратилажак нарсаларга тегишли) номларни ўргатди..." (Бақара сураси, 31-оят). Шундан кейин Одам алайҳиссалом мана шу билимларни фарзандларига ўргатдилар. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳам инсониятга жўнатилган улуғ муаллим – эдилар. У зот алайҳиссалом қиёматгача инсониятга дин-диёнат, яхшилик ва чиройли хулқларни ўргатувчи бўлиб келдилар. 

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам муаллим қилиб юборилганликларини ўзлари очиқ-ойдин баён қилганлар: "Аллоҳ мени қийновчи ва қийинлаштирувчи қилиб эмас, балки муаллим ва осонлаштирувчи қилиб юборди", – дедилар (Имом Муслим ривояти). Ҳар қандай фойдали илм ўргатувчи. шахс муаллим бўлишини унутмаслигимиз лозим. Чунки муқаддас динимиз Исломда илмлар диний, дунёвийга ажратилмайди. Балки фойдали ва фойдасизга тақсимланади. Инсоният учун фойдали бўлган ҳар қандай илм Исломда ардоқланади. Аллоҳ таоло бизларни Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тарбияларини олиб,у зотга хос уммат бўлишни насиб этди. Пайғамбарлардан кейин уларнинг меросхўрлари олиму уламолар уммат учун муаллимдир. Улар Ислом келганидан ҳозиргача "Дин насиҳатдир", деган шиорга амал қилиб халқни яхшиликка чақириш, ёмонликдан қайтариш билан машғул бўладилар. Уламоларини ҳурмат қилган, уларнинг насиҳатларига қулоқ осган ва улар ўргатган илмларга амал қилган кишилар ҳам кам бўлмайди. Қуръони каримда ўзи эгаллаган илмни бошқаларга ўргатган устозларнинг шаъни-шарафи нақадар улуғлиги ҳақида бундай марҳамат қилинади:  Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир" (Мужодала сураси, 11-оят).

 Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам илмли кишининг илмсиз кишидан даражаси юқори эканини бир қанча ҳадисларида баён қилганлар: "Олимнинг обиддан устунлиги худди менинг сизлардан энг қуйи даражадаги кишидан устунлигим кабидир" (Имом Термизий ривояти). Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу насаби улуғ бўлишига қарамай ўзидан ёши улуғ саҳобий Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳунинг уловлари тизгинини ушлаб, отга минишларида ёрдам бериб юбордилар ва бундай деганлар: "Уламоларга шундай хизмат қилишга буюрилганмиз. Агар шогирд улуғлик сифатига етмай туриб, ундан фахрланиб, кибрланса – жоҳилдир. Зеро, илмҳикмат мўмин кишининг йўқотган нарсасидир, қачон топса, уни олишга ҳақли". 

Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай дейдилар: "Садақанинг афзали – мусулмон кишй бир илмни ўрганиб, сўнг уни мусулмон биродарига ўргатишидир" (Имом Можа ривояти). Мана шу ҳадиси шарифдаги "бир илм" сўзи араб тили қоидалари бўйича мўмин-мусулмон шахсўзи ўрганиб бошқага ўргатадиган кўпми ё камми, динийми ё дунёвийми барча соҳаниўз ичига қамраб олади. Ҳар бир иймон келтирган, тўғри ниятли одамларга яхшиликни ўргатадиган, дунёдами ё охиратдами фойдаси тегадиган билимларни таълим берувчи зотлар катта садақотларнинг савобига эга бўладилар. Шогирдлари уларнинг ишини давом эттирса, бу уларга садақаи жория бўлиб ёзилади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деганлар: "Инсон вафот этса, унинг амаллари узилади, фақат уч нарса: садақди жория, фойдали илм ва ҳаққига дуо қилувчи солиҳ фарзанддан узилмайди". (Имом Муслим ривояти). 

Мазҳаббошимиз Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳдан шундай деганлари ривоят қилинади: "Устозим Ҳаммоднинг ҳурматлари учун у зотнинг уйлари томонга оёғимни узатмаганман. Ҳолбуки, у зотнинг уйлари билан менинг уйим орасида еттита кўча бор эди. Ҳаммоднинг вафотларидан сўнг қачон намоз ўқисам, ҳар сафар албатта ота-онамга қўшиб, у зотга ҳам Аллоҳдан мағфират сўраганман. Нафақат у зот, балки кимдан нимадир ўрганган бўлсам ёки кимдир менга нимадир ўргатган бўлса, албатта ўша кишилар учун ҳам доим Аллоҳдан мағфират сўрайман". 

Бугунги кунда ўз вазифасини сидқидилдан бажараётган боғча, мактаб, олий таълим муассасалари, хусусий таълим ва спорт тўгаракларидаги устоз ва мураббийларнинг барчалари ҳурматга лойиқ зотлар бўлиб, уларнинг Ватан олдидаги хизматлари катта. Ўзбекистон бугунги дунё ҳамжамиятида таълим, маданият, спорт ва бошқа соҳаларда ўз мавқеига эга бўлишида устоз ва мураббийларнингўрни беқиёсдир. Таъкидлаш жойзки, юртимизда ҳам устоз ва мураббийларга эҳтиром кўрсатиш, уларни эъзозлаш, ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қуватлаш борасида кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Уларни қўллаб-қувватлаш юртимизда давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Айни пайтда, ҳар йили 1 октябръ – "Устоз ва мураббийлар куни"байрам сифатида нишонланади. Жамиятнинг кўп қисмини ташкил қилувчи ёшларимизга таълим-тарбия бериб келаётган устоз ва мураббийларимизни ҳар вақт ҳурматлашимиз, эъзозлашимиз, буни бурч деб билишимиз керак. Бинобарин, устознинг ҳурмати отанинг ҳурмати каби". 

Юқорида айтилгани каби устоз мураббийларимиздан доим хабардор бўлиб, уларни хизматларини қилиб розилигини олиш, дуосини олиш барчамизнинг бурчимиздир. Хусусан, "Устоз ва мураббийлар куни" уларни йўқлайлик, имкон бўлса совға-салом билан, бўлмаса бир оғиз ширин сўз ҳам кифоя қилади. Демак, ота-оналаримиз, ўқитувчиларимиз, мураббийларимиз доим эъзозда бўлишга ҳақли зотлардир. 

Аброрхўжа Рашидов,
 Чортоқ тумани “Абу Бакр Сиддиқ” жоме 
масжиди имом-хатиби

Related posts