Таълим тарбия

ДУОДА АЗМУ ҚАРОРЛИ БЎЛАЙЛИК!

ДУОДА АЗМУ ҚАРОРЛИ БЎЛАЙЛИК!

    Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда қўйидагилар баён қилинади: «Одамлар баланд овоз билан дуо қилган эдилар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй одамлар! Ўзингизга шафқат қилинг, сизлар кар ёки узоқдаги Зотга дуо қилаётганингиз йўқ. Сиз дуо қилаётган Зот энг яхши эшитгувчи ва энг яқин Зотдир”, деганлар» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Абдуллоҳ ибн Муборак Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳнинг қуйидаги сузларини келтиради: “Бир киши Қуръонни жамлаган бўлса ҳам, одамларга билдирмас эди. Бир киши фиқхдан жуда кўп нарсани билса ҳам, одамларга билдирмас эди. Бир киши кечаси уйида узундан-узоқ намоз ўқиб чиқса ҳам, меҳмонларига билдирмас эди. Биз шундай одамларни кўрдикки, улар махфий қилиш имкони бўлган ишни ҳеч қачон ошкор қилмас эдилар. Мусулмонлар дуога кўп ўринар эдилар. Товушлари ҳеч эшитилмасди. Уларнинг дуоси Раббиларига пичирлашдан иборат бўлар эди”.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: ”Аллоҳ таолога ҳеч бир нарса дуодан кўра севимлироқ эмасдир” деганлар (Имом Термизий ривояти).

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда «Қиёмат куни Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аршнинг ёнида сажда қилиб, то сўрашга изн берилгунича Аллоҳ таолога узун ҳамду сано айтиб турадилар. Аллоҳ таоло у зотга изн бериб: “Эй Муҳаммад! Бошингизни кўтаринг, гапиринг, гапингиз эшитилади, сўранг, сизга ато қилинади, шафоат қилинг, шафоатингиз қабул қилинади” деб марҳамат қилинади” дейилган» (Имом Муслим ривояти).

Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу" дан ривоят қилинади: “Токи Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга ва у зотни оилаларига салавот айтилмас экан барча дуо тўсилгандир”, деганлар (Имом Табароний ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизларданлардан бирингиз ҳаргиз: "Эй Аллоҳим, агар хоҳласанг, мени мағфират қилгин, хоҳласанг, менга рахм қилгин" демасин. Дуода азму қарорли бўлсин. Аллоҳ Ўзи хоҳлаганини яратади, Уни мажбур қилувчи йўқдир», деганлар (Имом Муслим ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Аллоҳ ижобат қилишига аниқ ишонган ҳолда дуо қилинглар, билингларки, ғофил, беэътибор қалбдан Аллоҳ дуони қабул қилмайди”, деганлар (Имом Термизий ривояти).

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ўзингизга зарар етишини сўраб дуо қилманглар, фарзандингизга зарар етишини сўраб дуо қилманглар, хизматчингизга зарар етишини сўраб дуо қилманглар, молингизга зарар етишини сўраб дуо қилманглар, (тағин) Аллоҳ таоло сўралган нарсалар ато қилинадиган ижобат соатига мувофиқ келиб қолмангларки, сизларни зарарингизга ижобат қилиб қўяди”, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ўлим сўраб дуо қилманглар, уни ҳаргиз тиламанглар, агар ким дуо қилишга мажбур бўлиб қолса, “Аллоҳим, ҳаёт мен учун хайрли бўлса, мени ҳаётда қолдиргин, агар вафот этиш мен учун хайрли бўлса, мени вафот эттиргин” десин», деганлар (Имом Насоий ривояти).

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган хабарда айтилади: «Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмонлардан бир беморни зиёрат қилдилар. Бемор жуда ночор ҳолатда эди. Унга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бирор нарса тўғтрисида дуо қилдингми?” ёки “У зотдан бирор нарсани сўрадингми?" деганлар. Ҳалиги бемор: "Ҳа, мен: "Аллоҳим, менга охиратда берадиган жазоингии (бу) дунёда тезроқ, бергин”, деб дуо қилган эдим”, деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Субҳоналлоҳ! Унга тоқатинг етмайди-ку, ахир уни кўтара олмайсан-ку? (Унинг ўрнига) "Аллоҳим, бизларга дунёда ҳам яхшиликни, охиратда ҳам яхшиликни ато қилгин ва дўзах азобидан асрагин" деб айтмадингми?” деганлар. У Аллоҳ таолога (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўргатганларидек) дуо қилган эди, Аллоҳ унга шифо берди» (Имом Муслим ривояти). 

Аллоҳ таоло бизга: “Менга дуо қилингиз, Мен сизлар учун (дуоларингизни) ижобат қилай!..” (Гофир сураси, 60-оят) деб таълим берган, дуо қилишимиз ва дуо олишимизни амр этган.

Дуолари ижобат бўлишга яқин зотлар динимизда асосан ота-оналар, солиҳ, обид инсонлар, устозлар, ёши улуғ кексалар, мухтожлар, мазлумлар, етимлар, беморлар, мусофирлар дея таъкидланади. Ой ва кунлар орасида дуолар мустажоб бўладиган махсус вақтлар қам борки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайхи ва саллам буларнинг баъзиларини айтиб берганлар. Жумладан, азон билан иқомат орасида, сахар вақтида, жума кунида, Шаъбон ойи туннинг ярмида, Рамазон ойида, ифтор ва саҳарликда, Қадр ва Арафа куни кечаларида, хайит кунларида, Қуръон хатм қилинганида, таҳажжуд намози ва кундалик фарзлардан сўнгги, кечанинг ярмидаги, шунингдек, икки Харамда, тавоф вақтида, Ҳажарул Асвад ва Мақоми Иброхимда, Хатимда, Арафот, Мино, Муздалифа каби муқаддас масканларда қилинган дуоларнинг шартлари бажарилган тақдирда, ижобат бўлишига шубҳа йўқ.

Маъруфхон Алоходжаев,  
Наманган шаҳри “Абдулқодир қори” жоме   
масжиди имом-хатиби

Related posts