Инсон дунёга келади, умр кечиради, орзу қилади, меҳнат қилади ва мол-дунё орттиради. Аммо қанча яшамасин, охир-оқибат бу дунёдан кетади. Унинг ортидан мол-мулки эмас, қилган амаллари боради.
Аллоҳ таоло дунё ҳаётининг ҳақиқатини бизга жуда таъсирли мисол билан баён қилган: «Уларга дунё ҳаёти мисолини келтиринг. У худди Биз осмондан туширган сув кабидир. У билан ер ўсимликлари аралашиб, одамлар ва чорва ҳайвонлари ейдиган нарсаларга айланади. Ер ўз безакларини олиб, зийнатланиб турганида ва унинг аҳли унга қодирмиз, деб ўйлаганида, кечаси ёки кундузи унга Бизнинг амримиз келади ва Биз уни гўё кечагина обод бўлмаган каби қилиб қўямиз...» (Каҳф сураси, 45-оят)
Имом Қуртубий роҳимаҳуллоҳ ушбу оятни шарҳлар экан, дунё ҳаётининг сувга ўхшатилишида бир неча буюк ҳикмат борлигини баён қилади.
1. Сув тўхтаб турмаганидек, умр ҳам тўхтамайди
Сув оқади ва ортга қайтмайди. Умр ҳам худди шундай.
Кечаги кунни қайтариб бўлмайди, ўтган ёшликни сотиб олиб бўлмайди ва вақтни жамғариб, кейин ишлатишнинг ҳам иложи йўқ. Инсоннинг энг катта бойлиги — унинг умридир. Аммо кўпчилик молини асрайди, вақтини эса сезмай совуради. Бугун бизда бор бўлган имконият эртага бўлмаслиги мумкин. Шунинг учун солиҳ амални кечиктирмаслик керак.
2. Сувга кирган киши ҳўл бўлмаслиги мумкин эмас
Дунё молидан фойдаланган инсон унинг синовларига ҳам дуч келади. Бойлик инсонга берилган неъмат бўлиши мумкин, аммо у билан бирга масъулият ҳам келади. Ҳалол топилган молдан закот чиқариш, оила эҳтиёжини таъминлаш ва муҳтожларга кўмак бериш — бойликнинг ҳаққини адо этишдир. Молнинг кўплиги айб эмас, аммо мол қалбни эгаллаб олиши хавфли. Инсоннинг қўлида бойлик бўлса — яхши, лекин бойлик унинг қалбида бўлса, у инсонни ўз ҳукмига солиб қўяди.
3. Меъёридаги сув — ҳаёт, тошқин сув — ҳалокат
Сув ҳаёт манбаидир, аммо ҳаддан ошса, селга айланиб, обод жойларни вайрон қилиши мумкин. Мол-дунё ҳам худди шундай. Ҳалол ризқ билан оила боқилади, етимнинг боши силанади, муҳтожнинг ҳожати чиқарилади. Аммо молга ҳирс кучайиб, инсон ҳалол-ҳаромни унута бошласа, бойлик неъматдан синовга айланади. Шунинг учун мусулмон молни эмас, молнинг Эгасини унутмаслиги керак.
Бир кун ҳаммаси ортда қолади
Инсон вафот этган куни унинг уйи ҳам, мол-мулки ҳам, мансаби ҳам шу дунёда қолади. Кийимлари бошқаларга ўтади, моли меросхўрларга қолади, аммо инсоннинг амал дафтари ёпилади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганлар: «Маййитга уч нарса эргашади: аҳли, моли ва амали. Иккитаси қайтиб кетади, биттаси қолади. Аҳли ва моли қайтиб кетади, амали эса қолади» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Шунинг учун инсон бугун ўзидан сўраши керак: «Менинг қўлимдаги дунё эртага менга нима бўлиб қайтади?»
Молимиздан садақа қилсак — савоб бўлиб қайтади.
Илм ўргатсак — манфаат бўлиб қайтади.
Бир инсоннинг мушкулини енгил қилсак — ажр бўлиб қайтади.
Фарзандимизни солиҳ тарбия қилсак — дуо бўлиб қайтади.
Дунёдан фойдаланайлик, аммо унга алданмайлик
Дунё биз учун берилган, биз эса дунё учун яратилмаганмиз. Уй-жой керак — аммо уй қалбимизнинг бутуни бўлмасин. Мол керак — аммо мол мақсадимизга айланмасин. Мансаб керак — аммо мансаб туфайли ҳақни унутмайлик. Бизга берилган ҳар бир неъмат — эртага ҳисоб-китоб қилинадиган омонатдир.
Шундай экан, умримиз ҳали қўлимизда экан, қалбимизни уйғотайлик. Ҳар бир кунни охират учун бир амал билан безайлик. Дунё ҳаёти сув кабидир: оқади, камаяди ва бир куни тугайди. Аммо инсоннинг яхши амали унинг ортидан ҳамроҳ бўлиб боради.
Аллоҳ таоло барчамизга дунё неъматларидан ҳалол ва баракали фойдаланишни, уларга асир бўлиб қолмасликни, умримизни хайрли амаллар билан ўтказишни ва Ўзининг розилигига эришган ҳолда дунёдан кетишни насиб қилсин!
Абдулвоҳид Исақов,
Янгиқўрғон тумани “Исҳоқ ҳожи” жоме
масжиди имом-ноиби