Жамият аъзоларига муносабат

БАРАКАНИНГ ЭНГ МУҲИМ ОМИЛИ

БАРАКАНИНГ ЭНГ МУҲИМ ОМИЛИ

Халқимиз азалдан оилани олтин қўрғон деб билган ва унинг мустаҳкамлигига кайвонилар, оқсоқоллар, шу хонадон катталари ўзини жавобгар ҳисоблаган. Чунки оилавий ажралишлар туфайли фарзандларнинг ота-она меҳридан бебаҳра ўсиши барча даврларда ҳам жамиятнинг оғриқли муаммоси бўлиб келган. Бу борада муҳтарам Юртбошимизнинг ташаббуслари билан кекса авлод вакилларига кўрсатилаётган катта эътибор, юксак ишонч муҳим омилга айланди. Умуман, миллий-маънавий қадриятларимизда ҳам, диний аҳкомларимизда ҳам бу масалага алоҳида эътибор қаратилган. Ҳар бир инсон учун кексаларнинг кўнглига йўл топиш энг аввало ота-онасини рози қилиш билан бошланади. Ёки ўзининг кексайиб қолган  ота-онасига меҳр кўрсатган, уларнинг хизматини беками-кўст адо этган киши албатта, ҳаёт йўлларида учратган бошқа нуронийларни ҳам эъзоз-эҳтиром қила олади. 

Инсоннинг иши юришмаслиги, ҳаракатларида, топиш-тутишида баракаси бўлмаслиги, бири икки бўлмай, камбағаллик ёки қашшоқликка дучор бўлиши ота-онасига қилган муносабатига боғлиқ эканлиги муқаддас манбалар – Қуръони карим-азимус-шаън ва ҳадиси мубораклардаги кўрсатмаларда алоҳида  уқтирилган«Аҳқоф» сурасининг 15-оятида  … «Биз инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик!» дея таълим берилади. Ёки «Луқмон» сурасининг 14-оятида … «Биз инсонга ота-онасини рози қилишни буюрдик. Онаси уни заифлик устига заифлик билан қорнида кўтариб юрди. Уни кўкракдан ажратиш муддати 2 йилда битар. Биз инсонга буюрдикки, «Сен Менга ва ота-онангга шукр қилгин! Қайтишлик – Менинг ҳузуримгадир!» деган муқаддас кўрсатмада ҳам жудаям улуғ насиҳат мужассам.

Шу ўринда ушбу масалага Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳадисларида ҳам алоҳида эътибор қаратилганини ёдга оламиз. Имом Аҳмад ривоят қилган ҳадисда «Кимни  умри узун ва ризқи кенг бўлиши хурсанд қилса, ОТА-ОНАсига яхшилик қилсин ва силаи раҳмни узмасин», дейилган. 

Ушбу ҳадисда икки муҳим амалга алоҳида эътибор қаратилган: ота-онага эҳсон қилиш ва қариндошлик ришталарини мустаҳкам сақлаш.

Ота-она инсоннинг дунёга келиш сабабчиларидир. Улар фарзанднинг камоли, тарбияси ва бахти учун бутун умрини бағишлайди. Шунинг учун ҳам Ислом динида Аллоҳ таолога ибодат қилишдан кейинги энг улуғ вазифалардан бири ота-онага яхшилик қилиш ҳисобланади. Уларнинг дуосини олиш, хизматларини қилиш, ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш инсон ҳаётига барака олиб киради.

Шунингдек, ҳадисда «силаи раҳм» — яъни қариндош-уруғлар билан алоқани узмаслик ҳақида ҳам таъкидланган. Афсуски, баъзан моддий манфаат, тушунмовчилик ёки арзимас сабаблар туфайли қариндошлар ўртасида совуқчилик пайдо бўлади. Ваҳоланки, Ислом дини меҳр-оқибатни, бирдамликни ва қариндошлик алоқаларини мустаҳкамлашни буюради. Қариндошлар ҳолидан хабар олиш, қийинчиликда ёрдам бериш, байрам ва муҳим кунларда борди-келди қилиш жамиятда меҳр-муҳаббат муҳитини қарор топтиради.

Ҳадисдаги «умри узун бўлиши» деган ибора фақат йиллар сонининг кўпайишини эмас, балки умрнинг баракали бўлишини ҳам англатади. Яъни инсон қисқа вақт ичида ҳам кўп хайрли ишлар қилишга муваффақ бўлади. «Ризқи кенг бўлиши» эса фақат мол-дунёнинг кўплиги эмас, балки ризққа барака берилиши, қалб хотиржамлиги ва турмуш фаровонлигини ҳам ўз ичига олади.

Бугунги кунда ҳар биримиз ушбу ҳадис мазмунига амал қилишга интилишимиз лозим. Ота-оналаримизни рози қилиш, уларнинг хизматини сидқидилдан бажариш, қариндошлар билан алоқани мустаҳкамлаш орқали нафақат дунёвий баракага, балки охират саодатига ҳам эришамиз.

Ёки бошқа бир ҳадиси муборакда уч тоифа одамнинг қўлга киритган нарсасида барака бўлмаслиги ва уларнинг бири ота-онаси тирик бўла туриб, уларни хурсанд қилмаган кишилар эканлиги таъкидланган.

Киши учун оила муқаддас қўрғон ва ушбу қўрғоннинг дуоси мустажоб кексалари – ота-оналаримизнинг розилигини топиш кишини ҳар икки дунё саодатига дохил қиладиган улуғ қадрият эканлигини ҳеч қачон ёдимиздан чиқармайлик. 

Акрамхон Ғаффаров, 

Давлатобод туманидаги «Муҳаммад паноҳ» жоме
масжиди имом-ноиби

 

Related posts