Таълим тарбия

ҲАЖ САФАРИГА БОРУВЧИЛАРНИНГ ОДОБЛАРИ

ҲАЖ САФАРИГА БОРУВЧИЛАРНИНГ ОДОБЛАРИ

Ҳаж – Исломнинг беш устунидан бири бўлиб, ҳар бир молиявий ва жисмоний имкони етган мусулмон учун ҳаётида бир марта адо этилиши фарз бўлган ибодатдир. Бу сафар жуда улуғ ва муқаддас бўлиб, унинг мақсади Аллоҳ таолога яқинлашиш, гуноҳлардан покланиш ва руҳий юксалишдир. Шунинг учун ҳажга отланган инсон ушбу сафарида олийодоблик, хушмуомалалик ва сабр-қаноат билан ҳаракат қилиши лозим. 

1. Ихлос ва ниятни тўғри қилиш. Ҳаж фақат Аллоҳнинг розилигини топиш учун адо этилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Албатта, амаллар ниятлар биландир…" (Бухорий ва Муслим ривояти) 

Ҳаж сафарига чиқишда шон-шавкат, фахр ёки сайёҳлик ниятида эмас, балки Аллоҳнинг буйруғини адо этиш мақсадида ният қилинмоғи шарт. 

2. Таҳорат ва покликка эътибор. Ҳар доим таҳоратли юриш, намозларни вақтли ўқиш ва тоза кийимларда юриш ҳажнинг зоҳирий ва ботиний поклигини таъминлайди. Қуръонда шундай дейилади: "Аллоҳ тавба қилувчиларни ва покланувчиларни северади." (Бақара: 222) 

3. Ҳамроҳларга мулойим ва ҳурмат билан муомала қилиш. Ҳаж сафарида юзлаб минглаб мусулмонлар йиғилади. Ҳар хил миллат, ҳар хил мизождаги инсонлар бир жойда бўлади. Шунинг учун ўзаро эҳтиром, сабр, меҳр ва кечиримлилик катта аҳамият касб этади. 

Расулуллоҳ (росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: "Мўминлар меҳр-муҳаббат ва раҳм-шафқатда бир танага ўхшайди." (Бухорий ва Муслим) 

4. Ўта бегона ишлардан тийилиш. Ҳаж ибодати давомида ортиқча гап-сўз, можаро, уруш-жанжал, беҳурматлик, кўз зиноси, ғийбат каби гуноҳлардан қаттиқ сақланмоқ керак. 

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Ҳаж маълум ойлардадир. Бас, кимки ўша ойларда ҳажни ўз зиммасига олса, у ҳолда ҳажда фаҳш (бузуқлик), фисқ (гуноҳ) ва жанжал йўқдир.” (Бақара: 197) 

5. Илмий ва амалий тайёргарлик. Ҳажга кетишдан аввал ҳажнинг шартлари, рукнлари ва одобларини ўрганиш, таомилларни билиб олиш зарур. Шундай қилган киши ҳажини сўзсиз адо этади ва мукаммал ибодат қилади. 

6. Саволларга сабр билан ёндашиш ва йўл-йўриқ сўрашдан уялмаслик. Ҳаж сафарида кўп нарсалар тушунарсиз бўлиши мумкин. Бундай пайтда сабрли бўлиш, уламолар ёки раҳбарлардан йўл-йўриқ сўраш ва ўз билмаганини билишга ҳаракат қилиш тўғри бўлади. 

7. Сафардошлар билан яхши муомала ва ёрдам бериш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Мусулмон – бошқа мусулмоннинг биродари. Унга зулм қилмайди ва ёрдамсиз ташлаб қўймайди.” (Бухорий ва Муслим) 

Сафардошларга ёрдам бериш, хусусан, кекса ва ногиронларга кўмаклашиш Аллоҳнинг розилигини қозонишга сабаб бўлади. 

8. Дуоларни кўпайтириш ва истиғфор айтиш. Ҳажнинг ҳар бир марҳаласи руҳий тарбияга бой. Шу боис Аллоҳдан мағфират сўраш, дуо қилиш, зикр ва истиғфор билан кўпроқ банд бўлиш керак. 

Ҳаж сафари – ҳаётдаги энг улуғ ибодатлардан биридир. Унга отланган киши нафақат амалий, балки ахлоқий ва руҳий жиҳатдан ҳам тайёр бўлиши шарт. Ихлос, поклик, хушмуомалалик ва сабр ҳажнинг чиройини очади. Ҳар бир мусулмон ушбу ибодатнинг моҳиятини англаб, уни Аллоҳга ҳос тарзда адо этишга интилиши лозим. 

Манбалар асосида тайёрланди 
 Абдулҳаким Сўфиев,  
Янги Наманган тумани "Саид Собитхон"  
жоме масжиди имом-хатиби 

Related posts