Жамият аъзоларига муносабат

АРАЗЛАШИШ – ШАЙТОННИНГ ФИТНАСИ

АРАЗЛАШИШ – ШАЙТОННИНГ ФИТНАСИ

Динимизда биров билан сўкишиш, уришиш, жанжал қилиш гуноҳ ҳисобланади. Уришиб, жанжаллашганларнинг бир-бирига адоват сақлаб, аразлашиб юришлари катта гуноҳдир. Жаҳли чиққанда ўзига келиши учун уришган тарафларга уч кун муҳлат берилган. Ўша муҳлатдан кейин ҳам аразлашиб, бир-бирини кўрганда юз ўгириб кетиш халол эмас. Ўртада юзага келган ноқулай ҳолатдан чиқишни ўз бўйнига олиб, қарши томонга биринчи салом берган одам ажрга эга бўлади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мўмин мўминдан уч кундан ортиқ аразлаши ҳалол эмас. Агар у уч кунни ўтказган бўлса, ўша билан учрашиб, салом берсин. Агар унинг саломига алик қайтарса, иккилари ажр (савоб)га шерик бўлади. Агар саломга алик қайтармаса, у гуноҳни ўзига олган бўлади. Мусулмон эса аразлашдан чиқади”, дедилар» (Имом Абу Довуд ривояти).

Бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мусулмонга ўз биродаридан уч кундан ортиқ аразлаш ҳалол эмас. Ким ўшандан ортиқ аразлаб туриб ўлиб қолса, дўзахга киради”, дейилган (Имом Абу Довуд ривояти).

Абу Айюб Ансорийдан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мусулмонга ўз биродаридан уч кундан ортиқ аразлаб юриши ҳалол эмас. Учрашганларида униси ҳам юз ўгиради, буниси ҳам юз ўгиради. Уларнинг яхшиси аввал салом берганидир”, дедилар.

Аразлашган икки киши кўчада учрашиб қолиб, бир-биридан юз ўгириб ўтиб кетиши ҳалол эмас. Мана шу икки кишининг қай бири аввал салом берса, шуниси яхшироғи бўлади.

Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Пайғамбаримиз соллаллоху алайхи ва саллам: «Сизларга намоз, рўза ва садақадан ҳам афзалроқ нарсани айтиб берайинми? дедилар”. Саҳобалар: “Ҳа! Айтиб беринг”, дейишди. У зот: “Икки томоннинг орасини ислоҳ қилиш. Икки томоннинг орасини бузиш қирувчидир”, дедилар».

Уришиб қолган томонларнинг орасини ислоҳ қилишнинг даражаси нафл рўза тутгандан, нафл намоз ўқигандан, нафл садақа қилгандан юқоридир.

Икки томоннинг ораси бузилиши ҳалокатга олиб борадиган нарсадир. Бу худди устара сочни қиргандек, жамиятни қириб, расво қиладиган нарсадир. Бунинг акси, яъни аразлашиб, жанжаллашиб қолган томонларнинг орасини ислоҳ қилиш эса юксак даражадаги савобли ишдир.

Ҳар биримиз аразлашиш ва қариндошлардан узоқлашиш, гина-адоват, нафратни авж олдирувчи шайтоннинг фитнасидан Аллоҳ таолодан паноҳ тилашимиз лозим. Аллоҳ мўминларнинг қалбини имон билан поклади. Қуръон ва суннатда баён қилинган одоблар кишининг қалбидан шайтоннинг насибасини чиқариб ташлайди. Қуръон ва суннат мусулмонларни яқинларига нисбатан ишончда бўлиши учун бир-бирларига ўзаро муҳаббат ва меҳр-оқибат изҳор қилишга буюрди.

Гина-араз яқин кишилар ўртасида меҳр-оқибат йўқолишига олиб келади. Шайтонга мўминлар орасида низо солиши учун қулай фурсат туғилади. Мусулмоннинг араз қилиши уч кеча-кундуздан ортиқ бўлса, бу иш гуноҳи кабирадир. Чунки бу одамларнинг ораси бузилиб кетишига олиб келади. Шунинг учун уч кундан кейин саломлашиб, ярашиб олиш буюрилади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қилдилар: “Аллоҳга қасамки, то мўмин бўлмагунингизча жаннатга кира олмайсизлар. То бир-бирингизга меҳр-муҳаббатли бўлмагунча мўмин бўла олмайсизлар. Агар амал қилсангиз, ўрталарингизда муҳаббат пайдо қиладиган нарсани айтиб берайми – ораларингизда саломлашишни ёйинглар” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Оила даврасида эркалик кўрган киши улғайганида ҳам унга ҳамма жойда шундай муносабатни кутади. Аммо ҳамма ҳам бировнинг эркалигини кўтаравермайди. Шундай экан, ҳар нарсага аразлаб, яқинлари билан неча  кунлаб гаплашмай юриш мўминнинг иши эмас. Аллоҳга хуш келмайдиган бундай ишлардан тийилайлик. Шунда яқинларимиз ҳурматига сазовор бўлиб, осуда ҳаёт кечирамиз.

Лутфиддин Абдураҳмонов,
Чуст тумани Булоқли жоме 
масжиди имом-хатиби

Related posts