Ҳанафий мазҳабида такфир масаласи шундай нарсаки келинг аввало ушбу сўзнинг луғавий маъносига тўхталиб ўтайлик. Бу сўз араб тилидаги “куфр” сўзидан олинган бўлиб, ўзбек тилидаги инкор қилиш, осий бўлиш, тан олмаслик каби маъноларни билдиради.
Ҳанафий жумҳур уламолари мўъмин-мусулмон бўлиб туғилган, мўъмин-мусулмон бўлиб танилган бир одамнинг бирор гапида ёки қилган ишида тўқсон тўққизта далил кофирлигига далолат қилиб турса, лекин битта далил унинг мусулмонлигини билдирса, ана ўша битта далилга суяниб, уни мўъмин-мусулмон деб ҳукм қилинади, деганлар.
Аллоҳ таоло Нисо сурасининг 94-оятида: "Эй, имон келтирганлар! Аллоҳнинг йўлида сафарга чиққанингизда аниқлаб олинглар ва сизга салом берган кимсага, “Мўъмин эмассан”, деманглар...".
Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ҳазратлари Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ва Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу томонларидан ривоят қилган ҳадиси шарифда пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деб марҳамат қилганлар:
“Бирор кимса ўзининг биродарига: “Эй, кофир!” деса, бунга улардан бири мубтало бўлади”
Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам яна шундай деганлар: “Ҳеч бир киши бошқа кишини фосиқ, кофир деб айбламасин. Агар у киши бундай бўлмаса, айтган гапи ўзига қайтиб келади”.
Яна бир ҳадиси муборакда; “Қибла аҳлидан бўлган бирор кимсани кофирга чиқарманглар, агарчи улар гуноҳи кабира қилсалар ҳам” деб марҳамат қилганлар Бу ҳадиси шариф Имом ат-Табароний роҳматуллоҳи алайҳ томонидан ривоят қилинган бўлиб, гарчи иснодларида заифлик бўлса-да, бироқ, бутун уммати ислом уларга амал қилишга ҳаракат қилганлар. Жумладан, саҳобаи киромлар ҳам қибла аҳлини асло кофирга чиқармаганлар.
Шайх Юсуф Қарзовий мусулмонни кофирга чиқариш хусусидаги саволга жавоб бераркан жумладан, бундай дейдилар: “Ким Алоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Унинг расули эканлигига қалби билан тасдиқлаган ҳолда гувоҳлик берса, мусулмон бўлади. Унга тўлалигича мусулмонларга қилинадиган муомала қилиш лозим. Бу билан у дўзахда абадий қолишдан нажот топади.
Агар тили билан айтса лекин, қалби билан ишонмаса, мунофиқ бўлади. Унга зоҳиран мусулмонларча муомала қилинади, лекин у дўзахнинг энг тубида бўлади. Аллоҳ таоло бундай ёмон иллатлардан барчамизни асрасин.
Содиқжон Абдураҳмонов,
Косонсой тумани “Бузурукхўжа” жоме
масжиди имом хатиби