Ризқ сўзи луғавий жиҳатдан “кунлик овқат”, “улуш”, “инъом” каби маъноларни англатади. Истилоҳда эса “Аллоҳ таоло жонзотларга етказган ва улар истеъмол қилган нарса ризқ деб аталади”.
Аллоҳ таоло айтади: “Ерда ўрмалаган нарса борки, барчасининг ризқи Аллоҳнинг зиммасидадир. У Зот уларнинг турар жойларини ҳам, борар жойларини ҳам билур. Ҳамма нарса очиқ-равшан Китобда бордир” (Ҳуд сураси, 6-оят). Ер юзида, осмонда, сувда ва ер остида қимирлаган жон зот борки, Аллоҳ уларнинг ризқини яратиш ва уни жонзотларга етказишни Ўз зиммасига олган. Ҳар бир нарса Аллоҳнинг ҳузуридаги Китоб – Лавҳул Маҳфузда тақдир қилиб, ёзиб қўйилган. Хусусан, жонзотларга ризқ берилиши, унинг миқдори ва қанча экани ҳам ўша Китобда ёзиб қўйилган.
Аллоҳ таоло айтади: “Ўз ризқини кўтара олмайдиган қанчадан-қанча жонзотлар бордир. Аллоҳ уларга ҳам, сизларга ҳам ризқ беради. У Эшитувчи, Билгувчидир” (Анкабут сураси, 60-оят).
Ҳасан Басрий “ризқини кўтара олмайдиган” бирикмасини “захира қилиб сақлаб қўя олмайдиган” деб тушунтирган. Заифлиги туфайли ўз ризқини топа олмайдиган ёки захира қилиб тўплаб қўя олмайдиган, ҳеч нарсаси йўқ бўлган ҳолда тонг оттирадиган қанчадан-қанча жонзотлар бор. Аллоҳ уларни ҳам, инсон болаларини ҳам ризқлантиради.
Ибн Уяйна айтадилар: “Инсон, чумоли ва сичқондан бошқа бирон жонзот ўз ризқини заҳира қилиб сақлаб қўймайди”.
Абу Дардо розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта ризқ бандани худди ажали қидирганидек қидиради”, дедилар. Имом Табароний келтирган ривоятда эса: “Албатта ризқ бандани ажалидан ҳам кўпроқ қидиради”, дейилган.
Ҳар бир банданинг ризқи Аллоҳ тарафидан белгилаб қўйилган. Инсон ҳали онаси қорнида эканида ризқ, ажал, умр ва шу каби нарсалар унга тақдир қилинади. Инсон дунёга келгач эса, ўша ёзилган ризқи хоҳласа, хоҳламаса, унга насиб бўлади.
Ризқ ҳақидаги масала “Ақоидун Насафий”да қуйидагича баён қилинган: “Ҳамма ўз ризқини ҳалол бўлсин, ё ҳаром бўлсин, тўла-тўкис олади. Инсон ўз ризқини ея олмай қолиши ёки бошқа биров унинг ризқини еб қўйиши тасаввур ҳам қилинмайди”. Инсон ҳечам хавотир олмасин, пешонасига битилган ризқ-рўзини охиригача емагунича дунёни тарк этмайди.
Сабрли киши ризқнинг озига ҳам, йўқчиликка ҳам чидаб, ўзини хор қилмай, бошини тик тутиб кун кўради. Сабр неъматидан бебахра банда эса, дунёнинг ярмига эга бўлса ҳам, тийиннинг устида умбалоқ ошиб, ўзини хор қилади, очкўзлигини билдириб қўяди. Ҳақиқий бойлик молу дунёнинг кўплигида эмас, нафснинг тўқлигида. Ўз жонини сақласа, гўёки барча балолар даф бўлади, қабилида ўйлаётган ношуд кимсалар ўйламайдиларки, ҳеч ким ўзи учун белгилангандан зиёда ризққа эга бўлолмайди.
Ризқингни ошиғу кам қилиб бўлмас,
Оз-кўп деб кўнгилга ғам қилиб бўлмас.
Бу ишлар сен-менинг қўлимиздаги
Мум эмас-да, эзиб, хам қилиб бўлмас. Умар Хайём
Шу сабабли инсон ҳалол касб билан ризқ топишга ҳаракат қилишши лозим. Шунда ҳалол ризқда барака бўлади. Ҳалол ризқ барака калитидир.
Аллоҳим барчаларимизнинг умрларимизни узун, ризқларимизга барака берсин!
Шамсиддин Ҳафизов,
Наманган тумани “Ҳалил ҳожи” жоме
масжиди имом хатиби