Таълим тарбия

ҲАЛОЛ КАСБ ҚИЛИШ ОДОБЛАРИ

ҲАЛОЛ КАСБ ҚИЛИШ ОДОБЛАРИ

    Маълумки, киши касб қилиш орқали, аввало ўзининг моддий эҳтиёжларини қондиради. Қолаверса, оила аҳлининг нафақаси, қарамоғидаги кишиларнинг таъминотини амалга оширади. Аллоҳ таоло мўминларни ҳалол касб билан шуғулланишга, ҳаромдан ҳазар қилишга буюрган.   

Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан қуйидаги ҳадис ворид бўлган:    “Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зотга қасамки, банда қорнига битта ҳаром луқмани ташлаши билан қирқ кунлик амали қабул бўлмайди. Қайси банданинг эти ҳаром ва рибо орқасидан ўсган бўлса, у дўзахга лойиқдир”   (Имом Табароний ривояти).  

Бошқа бир ўринда ҳадиси  шарифда айтилади: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қили нади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамларга бир замон келурки, унда киши молни нимадан олганига парво ҳам қилмайди: ҳалолданми, ҳаромданми», дедилар». Бухорий ва Насаий ривоят қилган.  

Бу ҳадиси шариф ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг катта мўъжизаларидан биридир. Ушбу ҳадиси шариф Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак оғизларидан чиққан пайтда кўпчилик мусулмонлар молни ҳалол - ҳаромига қарамай олиш деган нарсани умуман хаёлларига ҳам келтира олмас эдилар.  

Чунки, мусулмонман, деган одам фақат ҳалол нарсани олиши, ҳаромдан ҳазар қилиши уларнинг фикри-зикри, бутун вужудига сингиб кетган эди. Аммо асрлар ўтиб, кишилар Исломдан, иймондан узоқлаша бориб охир-оқибат ҳалол-ҳаромни фарқ қилмайдигон ҳолатга етди.  

Кишилар ҳалолни қўйиб ҳаромга ўзини урадиган бўлишди. Молу дунё тўплаш йўлида ҳар қандай ҳаромдан, жирканчликдан, пасткашликдан тап тортмайдиган бўлишди. Ҳаттоки, ҳалол-пок бўлишга уринган кишини девоналикда, ақлсизликда айблайдиган даражага етдилар.  

Шундоқ қилиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадисда айтган гаплари юзага чиқди.  

Аслида эса инсонни ҳайвондан ажратиб турадиган нарсалардан бири ҳам ҳалол-ҳаромни фарқлашдир.    
Дуч келган нарсани суруштирмай ўзиники ҳисоблаб, ундан фойдаланишга ўтиш ҳайвонга хосдир. Инсон эса бу нарса ҳалолми, ҳаромми, яъни, фойдалими, фойдасизми, ўзиникими, ўзганикими эканлигини сўраб суруштиради.  

Мусулмон инсон эса ҳар бир нарса шариат рухсат берган нарса бўлиши кераклигини тўлиқ тушунган ҳолда, масъулиятни сезган ҳолда, ҳар бир ҳаром нарса катта гуноҳ бўлишига эътиқод қилган ҳолда яшайди, амал қилади. «Нисо» сурасида Аллоҳ таоло: «Эй, иймон келтирганлар! Бир-бирларингизнинг мол ларингизни ботил йўл билан еманг. Магар ўзаро розилик ила тижорат бўлса, майли», деган (29-оят).  

Бировнинг молини ботил йўл билан ейишга рибо, қимор, порахўрлик, алдамчилик, нархни сунъий равишда кўтариш, ўғрилик, қиморбозлик, товламачилик ва бошқалар киради.  

Ўтган аҳли солиҳларимиздан Саҳл ибн Абдуллоҳ: «Нажот уч нарсада; ҳалол ейиш, фарзларни адо этиш ва Пайғамбар алайҳиссаломга эргашишдадир»,    деганлар.  

Аллоҳ таоло барчалаимизни қалол касб билан олиламизни таьминот қилишни насиб этсин. Интернет манбалари асосида.  

Юнусхон Умаров,    
Косонсой тумани “Садпири комил” жоме    
масжиди имом хатиби   

Related posts