Бир лаҳза тасаввур қилинг...
Агар биз Қуръони каримга қўл телефонимизга берганчалик қизиқиш, меҳр ва эътибор берсак, ҳаётимиз қандай ўзгарган бўлар эди?
Агар Қуръони карим ҳам доимо ёнимизда, кўкрак чўнтагимизда ёки сумкамизда бўлса-чи?
Кўчага чиққач, уни уйда қолдирганимизни эсласак, худди телефонни унутиб қолганимиздек, ортга қайтиб олармидик?
Уни ҳам қўлимиздан қўймай, имконимиз бўлган ҳар бир дақиқада варақлаб, минг марта ўқиган саҳифаларимизни ҳам яна ва яна мутолаа қилармидик?
Қайси сураси қаерда жойлашганини, қайси оят қайси саҳифада эканини беш қўлдай билармидик?
Унинг оятларини ҳам телефонда хабар ёзганимиздек тез ёза олармидик? Ёки ҳеч бўлмаганда, уларни ёд олишга шундай ғайрат қилармидик?
Қўлимиз бошқа иш билан банд бўлса ҳам, қулоғимиз орқали тиловатини тинглаб, қалбимиз билан унга қулоқ тутармидик?
Биров билан суҳбатлашиб турганимизда телефон жирингласа, кўпинча суҳбатдошимиздан узр ҳам сўрамай, қўнғироққа жавоб берамиз. Энди ўйлаб кўринг: азон овозини эшитганда, Қуръон тиловати бошланганда ёки уни ўқиш вақти келганда ҳам шундай шошилармидик?
Агар бир кунимиз Қуръон ўқимай ўтиб кетса, телефонга жавоб бера олмаганимиздан кейин қўнғироқ қилган одамдан узр сўраганимиз каби, ўзимиздан ҳисоб олармидик?
Уни фарзандларимизга энг қимматбаҳо совға деб билармидик? Яқинларимизга, азиз инсонларимизга Қуръон ҳадя қилишни энг улуғ туҳфа деб ҳисоблармидик?
Янги русумдаги телефон чиқиши билан уни сотиб олишга интиламиз. Хўш, Қуръоннинг янги нашрлари, саҳиҳ тафсирлари, таржималари ёки қироатлари ҳақида ҳам шундай қизиқиш билан изланармидик?
Телефонимиз эскирса, уни янгилашга ҳаракат қиламиз. Аммо Қуръонимиз чанг босиб, жавонда ойлаб, ҳатто йиллаб очилмай ётса, бундан қалбимиз безовта бўлармиди?
Телефоннинг қуввати тугаб қолмаслиги учун қувватлагични доимо ёнимизда олиб юрамиз. Аммо иймонимиз қувватсизланиб бораётганини сезсак, уни Қуръон билан қувватлаш ҳақида ҳам шундай қайғурармидик?
Телефонимизнинг ҳар бир функцияси, пароли, созламалари ёдимизда. Аммо энг камида бир нечта сура, бир қанча дуо ва ҳаётимизга йўл кўрсатувчи оятларни ёддан билармидик?
Автобусда, метро ёки навбат кутаётганда дарҳол телефон экранига қарашга одатланганмиз. Агар шу вақтнинг бир қисмини Қуръон тиловатига ёки унинг маъноларини ўқишга ажратсак, ҳаётимиз қандай баракали бўлар эди?
Қувончли пайтларда ҳам, мусибатли кунларда ҳам биринчи бўлиб кимга мурожаат қиламиз? Инсонларгами ёки Роббимизнинг каломига?
Бутун кунни ижтимоий тармоқларда, хабарлар ва суҳбатларда ўтказишимиз мумкин. Аммо Қуръон билан ўтказган дақиқаларимиз қанча?
Ачинарлиси шундаки, телефон хизмат доирасидан чиқса, батереяси тугаса ёки интернет ишламай қолса, безовта бўламиз. Аммо ҳафталар, ҳатто ойлар давомида Қуръон очилмай қолса, кўпчилигимиз буни катта йўқотиш деб ҳам ҳис этмаймиз.
Телефоннинг ҳар бир янги модели учун навбатга турамиз. Лекин қалбимизнинг эскириб, маънавий чанқаб бораётганини кўпинча сезмаймиз.
Қуръон эса эскирмайди. Унинг нури сўнмайди. Унинг ҳикмати замон ўтиши билан қадрсизланмайди. Унинг кўрсатмалари ҳар бир давр, ҳар бир жамият ва ҳар бир инсон учун ҳаёт дастуридир.
Қўл телефонлари инсоният ҳаётини енгиллаштирди. Аммо улар қалбга ҳидоят бера олмайди. Улар гуноҳни савобга, қоронғуликни нурга, ғафлатни бедорликка айлантира олмайди. Бу вазифа фақат Аллоҳнинг каломи — Қуръони каримга хосдир.
Шунинг учун ҳам ўзимизга бир савол бериб кўрайлик:
Кунига неча марта телефон экранига қараймиз?
Қуръонга эса неча марта назар ташлаймиз?
Телефон учун кунига неча соат вақт сарфлаймиз?
Қуръон учунчи?
Телефон батареяси тугаса, уни зудлик билан қувватлаймиз.
Қалбимиз заифлашганда-чи?
Уни нималар билан қувватлаяпмиз?
Бу мақоланинг мақсади телефондан воз кечишга чақириш эмас. Телефон ҳам Аллоҳ берган неъматлардан бири. Ундан илм олиш, яхшилик қилиш, қариндошлар билан алоқа қилиш ва хайрли ишлар учун фойдаланиш мумкин.
Аммо восита ҳеч қачон мақсаднинг ўрнини босмаслиги керак.
Телефон қўлимиздаги қурол.
Қуръон эса ҳаётимизга йўл кўрсатувчи нур.
Телефон дунё билан боғлайди.
Қуръон эса Роббимиз билан боғлайди.
Телефоннинг хизмати бир кун тугайди.
Қуръони каримнинг хизмати эса ҳеч қачон тугамайди.
Эҳтимол, бугун ўзимизга берадиган энг муҳим савол шу бўлса керак:
Биз Қуръонни ҳаётимизнинг марказига қўяпмизми ёки уни жавонда қолдириб, бутун диққатимизни телефон экранига қаратиб қўйганмизми?
Бир ўйлаб кўрайлик...
Чунки инсонни дунёда ҳам, охиратда ҳам асрайдиган нарса телефон эмас, Аллоҳнинг каломидир.
Исмоил Жўраев,
Тўрақўрғон туман “Усмони Зуннурайн” жоме
масжид имом ноиби