Муқаддас динимиз-исломда фарзандларни маънавий тарбиялаш борасида ғоят мукаммал ғоявий қарашлар тизими яратилган. Бу дунёга келган инсонларнинг ўзаро муомала қилмасдан иложи йўқ. Одамларнинг бир-бири билан бўладиган муомалалари ҳудди меҳмонга қилинадиган мулозаматдек ширин ва мулойим бўлиши шарт, зеро, барчамиз бу дунёда вақтинчалик меҳмонмиз. Бу тўғрида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Кимгаки юмшоқлик насибаси берилган бўлса, у кишига дунё ва охират яхшилигидан иборат насиба берилгандир. Кимки юмшоқлик насибасидан маҳрум қилинган бўлса, демак, у дунё ва охират яхшилигидан иборат бўлган насибадан маҳрум қилинибди”.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамизга қилган панду насиҳатларида бундай деган эканлар: “Эй Оиша, ўзинга юмшоқликни лозим тутгин, қўполлик ва ундан пайдо бўладиган ёмонликлардан сақлан, чунки юмшоқлик аралашган ҳар бир нарса ҳуснлик бўлур ва юмшоқлик аралашмаган нарсанинг айблари кўриниб қолур”.
Дарҳақиқат, юмшоқ, ширин сўзли кишини барча яхши кўради, қўпол кишидан ўзини четга олади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларини кўркам хулқли бўлишга чорлаб, шундай деганлар: “Қиёмат кунида мўьмин банданинг барча амаллари тарозуга қўйилганда энг тош босадиган амали яхши хулқидир. Аллоҳ таоло шармсиз, беҳаё сўз қилувчиларни ўзига дўст тутмас”.
Саҳоба Анас ривоят қилишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам инсонлар ичидаги энг ҳуш ҳулқли киши бўлган эканлар: “Пайғамбаримиз инсонларнинг энг хуш ҳулқлиларидан эдилар”. Шу сабабдан у зоти баракотни “Қалам” сурасининг 4-оятида қуйидагича мақтаган : “Албатта сиз буюк хулқ эгасидирсиз!”
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида шунадй дейилади: “Яхши хулқларни мукаммал қилиш учун халққа пайғамбар қилиб юборилдим”. Яхши хулқ инсонларга зийнат берадиган либос бўлса, ҳаё унинг безагидир. Имом Термизий саҳоба Абу Ҳурайрадан ривоят қилган бир ҳадисда шундай дейилади : “Ҳаё иймондир, иймон, яъни иймон аҳли жаннатдадур. Беҳаёлик жадандур, аҳдига вафо қилмайдиган аҳли жафо дўзаҳдандир”.
Ибн Масъуддан ривоят қилинган бошқа бир ҳадисда шундай дейилади: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадиларки, инсонларнинг илгари ўтган пайғамбарлари “Уялмасанг, ҳоҳлаганингни қилавер, деганлар”. Бу ҳадисдан ҳаё ўтган замонларда ҳам яхши хулқлардан ҳисобланганганлиги маълум бўлади.
Дарҳақиқат,мусулмон дунёсининг бирон-бир бурчагида ҳам ҳаёсизлик тарғиб қилинмайди, чунки ҳаёсизлик ваҳшийликдир. Ваҳший ҳайвонлар ҳеч нарсадан тап тортмаганидай, беҳаёлар ҳам ҳеч нарсадан тап тортмайди. Тан олиш керак, ҳар бир халқ орасида ҳулқи бузуқ, қўпол одамлар учраб туради. Бундайлар ўз дағалликлари билан кишиларнинг асабини бузади, асаби бузулганлар эса дардга тез чалинадиган бўлиб қолади. Бандаларга меҳрибон бўлган Аллоҳ таоло бунинг олдини олиб, “Аъроф” сурасининг 199-оятида шундай дейди: “(Эй Муҳаммад), авфни ихтиёр этинг, яхшиликка буюринг, жоҳиллардан юз ўгиринг!”. Бундан чиқадиган маъно шуки, солиҳ бандалар кечиримли, бағри кенг бўлиши, бошқаларни ҳам яхши амаллар қилишга ундаши ҳамда гапга қулоқ солмайдиган қайсар кишилардан юз ўгириб кетишлари лозим”.
Халқимизнинг одоб-ахлоқи ислом динининг олийжаноб таълимотлари асосида шаклланган десак, муболаға бўлмайди. Фарзанднинг салом бериб, ҳол-аҳвол сўрашидан тортиб, ота-онага қандай мурожаат қилиш борасидаги таълимлари тарбиянинг муҳим қирраларидандир. Фарзандларга чиройли одоб-ахлоқни ўргатиш нафл ибодатдан афзал ва савоблироқ дейилади.
Ёшларни тўғри тарбиялашда иймон-эътиқод ва она Ватанга садоқат масаласи муҳим ўринга эга. Шунинг учун тарбия бериш ўта нозик ҳисобланиб, у тўғри бўлса, фарзанд камол етиб, эл-юртга фойда келтиради. Гўзал одоб охират неъматларига етказувчи асосий воситалардан биридир. Қуръони каримда ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида ҳам одоб-ахлоқ масаласига алоҳида эътибор берилган.
Фарзандлар миллий одобларимизга доир одатларини унутиши жуда аянчли ҳол. Ёшларимиз миллий ва диний урф-одатларимизга тўғри келмайдиган тақлидларни қабул қилмасликлари зарур.
Бир ҳадиси шарифда бундай дейилган: “Икки мусулмон киши учрашиб, қўл бериб кўришса ва Аллоҳга ҳамд, истиғфор айтишса, уларни Аллоҳ таоло мағфират қилади”.
Шу боис биз аждодларимиз қадриятларига таяниб, оила муқаддаслигини, бутунлигини сақлаш, фарзандларимизни юртпарвар ва элпарвар, юксак эътиқодли, одоб-ахлоқли ва баркамол этиб тарбиялашга интилишимиз зарур.
Ботиров Баҳодир
Чуст тумани “Охунбобо” жоме
масжиди имом хатиби