Жамият аъзоларига муносабат

ЗУЛМАТДАГИ ОЙ.

ЗУЛМАТДАГИ ОЙ.

(Буюк Мутафаккир Алишер Навоий)


Миллатимиз тарихан буюк миллат эканига кўп бора амин бўлганмиз ва ишонамиз. Тарихимиз буюк аждодларимизга, олимлар-у авлиёларга, шоҳ ва шоирларга тўлган. Дунё тамаддунига катта хисса қўшган олимлар хам бизнинг бобокалонларимиз экани сир эмас. Шундай бобокалонларимиздан бири Хазрат Алишер Навоий бўладилар. У киши ўз даврининг етук олими, мураббийси, шоири ва юртини севувчи, фидоий мулозимларидан эдилар. Хазратнинг ёшлик даврлариданоқ илмга чанқоқ бўлганликлари, хали етти ёшга тўлмасданоқ Қуръони каримни тўлиқ ёд олганликлари тахсинга сазовордир. Мавлоно Лутфийнинг асарларига бўлган қизиқишлари ўша даврлардан бошланган. Бир неча байт ҳам битиб улгурган эдилар. Хикоя қилишларича бир куни Мавлоно Лутфий билан ёш Алишер Навоий учрашиб қоладилар. Шунда Мавлоно Лутфий Хазратдан қизиқишлари ва ижодлари ҳақида сўрайдилар. Ёш бўлган Хазрат Мавлоно Лутфийга бу байтни ўқиб берадилар:

Оразин ёпқоч кўзумдин сочилур ҳар лаҳза ёш,

Бўйлаким, пайдо бўлур юлдуз, ниҳон бўлғоч қуёш.

Шунда Мавлоно Лутфий “Агар мумкин бўлса эди, ўзимнинг форсию туркийда битган ўн икки минг мисра ғазалларимни шу икки мисрага алмашар эдим” деганлар. 

Бу бежизмас эди. Сабаби ёш бўлишига қарамй Хазрат пурмаъно байт битиб улгурган эдилар. Шу икки байтнинг маъноларини ўрганиб чиқамиз. 

“Ораз”-юз, чехра. “Лахза”-бир марта кўз очиб юмгунча бўлган вақт. “Бўйлаким”- тенглаб кўр, шунга ўхшаш, шу мисолида. “Ниҳон”- якун, тугаш, (қуёшга нисбатан) ботиш.

Бу байтга бир неча маънолар берилган. Жумладан:

1. Хазрат ҳар кеча туш кўрар, тушларида Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрар эдилар. Бир кеча шу ҳаёлда ухладилар, аммо тушларида Пайғамбаримиз алайҳиссаломни кўрмадилар. Шундан ҳафа бўлиб айтдиларки “Юзларини мендан тўсдилар яъни менга бу кеч кўриниш бермадилар, шу сабаб кўзларимдан ҳар очиб юмганимда ёш отилиб чиқар. Бу холат худдики қуёш ботгач, юлдузлар осмонда бирдан сочилиб кетганига ўхшайди”.

2. Хазрат ҳар кеча ярим тун таҳажжуд намозини ўқиш учун турар эдилар. Бир куни уйқу ғолиб келиб тура олмадилар. Бундан шу даража ранжидиларки, ўзларини хатоларини тафтиш қила бошладилар. Чунки ибодат Аллоҳнинг дастурхони, бу дастурхонга Аллоҳ Ўзи хоҳлаган бандасини чорлайди. Бу эътиқоддаги ёш Хазрат Аллоҳнинг назаридан қолдимми дея қўрқдилар ва шунда байтни битдилар. Байтни аввалидаги “Ораз” яъни юз деган сўз Аллоҳга нисбатан ташбех қилинди. Динимизда эса Аллоҳга юз ёки бирор жисм ташбех қилиш мумкин эмас. Аммо шариатимиз Аллоҳга нисбатан ишлатилган “Юз” сўзини хамиша “розилик” деб тушунтиришган. Хазрат шунинг учун хам “Ораз” сўзидан фойдаланганлар. Унда байт “ мендан Аллоҳ рози бўлмай қолдимикан, мени тахажжудга туришимни хоҳламади. Буни ўйлаб кўзларимдан ҳар лахза ёш сочилади. Гўёки қуёш ботганда осмонда юлдуз сочилганидек.”

3. Яна бир маъноси: Пайғамбаримиз алайҳиссалом вафотларига бағишланган бўлиб, унда маъно қуйидагича бўлади: Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг муборак юзлари бу дунёдан тўсилгач, кўзларимдан ёшлар сочилди. Бизга қадар шундай холат бўлдики, қуёш ботди (Пайғамбар алайҳиссалом вафот этдилар, тасввуфий байтларда аксар ҳолларда Пайғамбаримиз алайҳиссалом “Қуёш” дея келтириладилар), сўнгидан эса юлдузлар (агар байтда юлдуз зикри келса, у ҳолда сахоба назарда тутилган бўлади, сабаби Пайғамбаримиз алайҳиссалом сахобаларини юлдузга ўхшатганлар.) бўлмиш сахобалар келдилар. Мана бу маънода қуёш ботиши Пайғамбаримиз алайҳиссалом вафотларига, юлдуз пайдо бўлиши эса сахобаларга ишора қилиниб Хазрат бундан хафа бўлиб йиғлаганлари мақсад қилинган. 

Сўнгги маънода бизга бир илҳом келади, тунда қуёш ботгач юлдуз чиқиши хақ. Ва у ерни ўз имкони қадар ёритади. Лекин ой порлашлиги ерга ўзгача нур беради. Сахобалар розияллоҳу анҳум даврларида ҳам улардан мужтахидлари ва валийлари бўлган. Шундай зотлар қуёшдан кейинги ой мисол уммат йўлини ёритганлар. Хазрат ҳам замонасининг валий, олим, дилкаш, Роббиларига етишган зотларидан бўлганлар. Албатта, ўз байтлари ва ирфоний илмлари билан биз умматнинг йўлимизни ёритганлар. Гўё зулматдаги ойдек.

Ғиёсиддин Тожимирзаев,
Учқўрғон туман “Бузрукхўжа эшон” жоме 
масжиди имом-хатиби

Related posts