Жамият аъзоларига муносабат

ЖАМИЯТДА ДИНИЙ БАҒРИКЕНГЛИК ВА МИЛЛАТЛАРАРО ТОТУВЛИК ТАМОЙИЛЛАРИ

ЖАМИЯТДА ДИНИЙ БАҒРИКЕНГЛИК ВА МИЛЛАТЛАРАРО ТОТУВЛИК ТАМОЙИЛЛАРИ

Тарихдан маълумки, мамлакатимиз диний бағрикенглик, миллатлараро тотувлик ва ҳамжиҳатликнинг жамиятдаги ижобий амалий тажрибаси билан эътироф этилади. Янги Ўзбекистон ҳам миллатлараро ва конфециялараро тотувликни амалда таъминлаган суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат сифатида барқарор ривожланиши билан бутун дунё эътирофига сазовор бўлмоқда. 

Юртимизда 16 та конфессияга мансуб бўлган 2300 дан ортиқ диний ташкилотлар эркин фаолият юритиб, 130 дан зиёд миллатлар ва элатлар вакиллари эмин-эркин истиқомат қилаётганликлари юқоридаги фикрларга яққол далил бўла олади. Шунингдек, давлат томонидан 7 тилда таълим олиш имконияти, 12 тилда телерадиодастурлар эфирга узатилаётгани, 14 тилда газета ва журналлар чоп этилиб, 155 та миллий маданий марказлар фаолият олиб бораётгани миллатлараро тотувлик, динлараро бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик муҳитининг амалдаги намунаси ҳисобланади. 

Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати консепцияси юқоридаги фикрларга яна бир далил бўлиб, давлат ва дин муносабатларини мувофиқлаштирувчи, яна ҳам мустаҳкамловчи омил сифатида хизмат қилади. 

Хусусан, “Ўзбекистон Республикасида диний соҳадаги давлат сиёсатининг мақсади, асосий вазифалари ва принциплари” деб номланган 3-бобнинг 9-бандида белгиланган Ўзбекистон Республикасида диний соҳадаги давлат сиёсатининг асосий вазифалари сифатида қуйидагилар белгиланган:

– Жинси, ирқи, миллати, тили, дини, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий мавқейидан қатъий назар, фуқароларнинг эркинлигини ва қонун олдида тенглигини таъминлаш ҳамда конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари камситилишига йўл қўймаслик чораларини кўриш; 

– кўп миллатли ва кўпконфецияли Ўзбекистон халқининг бирлиги ва бирдамлигини, урф-одатларига нисбатан ҳурмат руҳини мустаҳкамлаш, уларнинг ривожланиши учун тенг шарт-шароитлар яратиш; 

– фуқароларнинг ижтимоий ҳаётда фаол иштирок этиши учун тенг ҳуқуқий шарт-шароитлар яратиш; 

– фуқароларнинг динга муносабатидан қатъи назар, диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўймаган ҳолда, уларнинг виждон эркинлигига бўлган конституциявий ҳуқуқларини амалга ошириши учун шарт-шароитлар яратиш; 

– давлат ўзининг ички ва ташқи сиёсатини амалга оширишида конституциявий нормаларга мувофиқ дунёвийликка таяниш; 

– конституциявий нормаларга мувофиқ, давлат бошқаруви органлари, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, фуқаролик жамияти бошқа институтларининг фаолиятини, шунингдек ижтимоий муносабатларни дунёвийлик асосида тартибга солинишини таъминлаш; 

– жамиятда диний бағрикенглик ва қонунийликни қарор топтириш борасида фуқароларнинг фаол фуқаролик позициясини мустаҳкамлаш бўйича изчил чора-тадбирларни амалга ошириш; 

– давлат хизматчиларининг ўз касбий фаолиятида ва функционал вазифаларни бажаришда бирор-бир динга ёки эътиқодга устунлик беришига ёхуд бирор-бир динни ёки эътиқодни камситишига йўл қўймаслик; 

– жаҳон илм-фани, маданияти, санъати ва адабиётининг илғор ютуқларидан баҳраманд бўлган ҳолда мамлакатнинг илм-фани ва маданиятини ривожлантириш; 

– фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига, аҳолининг соғлиғига, ижтимоий ахлоққа, жамоат хавфсизлигига ва жамоат тартибига таҳдид солувчи радикаллашувга қарши курашиш, экстремизм ва терроризм ғояларининг тарқатилишига йўл қўймаслик, каби аниқ белгиланган принсиплар Ўзбекистондаги виждон эркинлиги, диний бағрикенглик ва миллатлараро ҳамжиҳатликни яна бир поғонага кўтариб, эътиқод эркинлигини таъминлашда муҳим омиллардан бири ҳисобланади.

Мухтасар айтганда, диний бағрикенглик ва динларнинг асл инсонпарварлик моҳияти жамиятнинг маънавий-ахлоқий асосларидан бири бўлиб, турли дин ниқобидаги таҳдидларга қарши омил сифатида Ўзбекистон халқини бирлаштириш ва жипслаштиришга хизмат қилувчи, оилаларда ўзаро ҳурмат-иззат ва меҳр-оқибатни мустаҳкамловчи асрий қадриятлар манбаи бўлиб хизмат қилади.

Абдулазиз Бобамирзаев, 
Наманган вилояти Янги Наманган тумани бош имом-хатиби,  
“Хазрати Билол” масжиди имом-хатиби

Related posts