Жамият аъзоларига муносабат

ЗАҲИРИДДИН МУҲАММАД БОБУР

ЗАҲИРИДДИН  МУҲАММАД  БОБУР

Ўзбек мумтоз адабиётининг йирик вакили, буюк шоир, тарихчи, географ, давлат арбоби, истеъдодли саркарда, бобурийлар сулоласи асосчиси, темурий шаҳзода Заҳириддин Муҳаммад Бобур миллатимизнинг энг ёрқин вакилларидан биридир.

Бобур ҳақида инглиз олими Уильям Эрскин шундай деган: «Саховати ва мардлиги, истеъдоди, илм-фан, санъатга муҳаббати ва улар билан муваффақиятли шуғулланиши жиҳатидан Осиёдаги подшоҳлар орасида Бобурга тенг келадиган бирорта подшоҳ топилмайди».

Заҳириддин Муҳаммад Бобур бир умр шариатпаноҳ  ҳукмдор бўлиб яшади.  У исми жисмига монанд  умри давомида комил мусулмон сифатида суннийликнинг ҳанафийлик мазҳабига содиқ бўлиб келди.

Ўзбек давлатчилик  тарихида диний-фалсафий асарлар муҳим аҳамиятга эга бўлган. Ҳар бир даврда, халқ эътиқоди дунёсидаги ўзгаришларга қараб бундай асарлар гоҳи таржима қилиниб,  гоҳ эса яратилиб вужудга  келтирилган.  Яхши таълим олган, туркий тил билан бир қаторда араб ва форс тилларини ҳам яхши билган кишилар, араб ва форс тилини яхши билмаган одамларга ўргатиш мақсадида диний асарлар яратишган. Битилган асарларни эса турк тилига таржима қилишган. Даставвал, Қуръон тафсирлари таржималари ва бошқа илмларни  ўз ичига олган «Китоби Муқаддимайи Абуллайс Самарқандий», «Муинул Мурид», «Атабатул Ҳақойиқ»,  «Наҳжул Фародис», «Қисаси Рабғузий»,  «Мифтоҳул адл» каби китоблар вужудга кела бошлаган.

Мирзо Бобур етук исломшунос олим сифатида, қолаверса, Ҳожагон тариқатига бўлган юксак муносабати,  диний-фалсафий соҳада эгаллаган билими уни «Мубаййин»дек асар яратишга ундади. Маснавий шаклида ёзилган ушбу асар ҳафиф баҳрида фоилотун-мафоилун-фоилун қолипида бўлиб, жами 2258  байтдан ташкил топган. Асарга  ханафия мазҳабида ислом асослари асос қилиб олинган бўлиб,  китоби имон, китоб-ус-салот, китоб-уc-закот, китоб-ус-савм, китоб-ул-ҳож каби  бешта бош бўлимдан иборат. Асарнинг айни пайтга қадар топилган 8 та қўлёзмаси мавжуд бўлиб, улар асосида бир қатор илмий нашрлар тайёрланган. 

Бобур туркий фонетикага доир араб графикаси асосида «Хатти Бобурий»ни тузган. Ушбу хат асосида Қуръони Карим ҳамда Бобурнинг шахсий асарлари қайта ёзилган.
У шунингдек, бадиий таржималар билан ҳам шуғулланган. У Баҳовуддин Нақшбандийнинг давомчиси, Хожи Аҳрор Валининг «Волидия» (Ота-оналар рисоласи) диний-фалсафий асарини шеърий кўринишда таржима қилган.

Бобур фиқҳ илми борасида кенг маълумотга эга бўлиб қолмасдан, балки, чуқур тасниф этишга қодир салоҳиятга эга эди. Бироқ  Бобур мутасаввиф  бўлмаган. У Аллоҳнинг бир суюкли бандаси сифатида Қуръони Карим измига амал қилган. Ўзининг ҳар қадамида буюк мураббий Расулуллоҳ(с.а.в)нинг йўл ва тамойилларини ўзига дастурул-амал билган. Фалсафий-тасаввуфий соҳадаги эгаллаган юксак  илми унга  «Мубаййин»дек асарни яратишга ундаганБобур шундай қилиб барча туркий халқларнинг зиммасида турган беш аркони мубини ислом учун абадий манба қилиб яратди.  Асар муаллифи фарзандлар билиши лозим бўлган имон, номоз, рўза, закот, ҳаж масалаларини шеърий усулда бутун қонуниятлари билан баён этганки, булар барча замонлар учун аҳамиятлидир.

Манбалар асосида тайёрланди.

 

Юсупов Пахриддин

Наманган туман бош имом хатиби

Related posts