Жамият аъзоларига муносабат

ХАСАД ХАСАНОТ КУШАНДАСИ

ХАСАД ХАСАНОТ КУШАНДАСИ

 Жамиятимизда мўмин-мусулмонлар амал қиладиган турли хил яхши хислатлар билан бирга зарарли хулқлар ҳам, афсуски, мавжуд. Шулардан бири ҳасаддир. Ҳасад – бандалар ичидаги Аллоҳнинг тақсимотига эътироздир. 

Ҳасад – бир кишига берилган неъматни ундан кетишини хоҳлашдир. Ҳасаднинг бундан ҳам ёмонроғи – бир инсонга берилган неъматнинг йўқ бўлишини орзу қилиш билан, ўша неъмат ўзида ҳосил бўлишини тама қилишдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳасаддан огоҳлантириб шундай    деганлар: “Ҳасаддан сақланинглар. Чунки у худди олов ўтинни егани каби, яхшиликларни ейди” (Имом Бухорий ривояти). 

Қалбни гина-кудуратлардан поклаш – мўмин кишини жаннатга олиб кирувчи катта ютуқдир. Буни Анас розияллоҳу анҳу қуйидаги ҳикоясидан ҳам билиб олсак бўлади: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнида ўтирганимизда: “Ҳозир ҳузурингизга жаннат аҳлидан бўлган киши келади”, – деб қолдилар. Шу пайт ансорийлардан бир киши таҳорат сабабли соқолларидан сув томиб турган, ковушини чап қўлида кўтариб олган ҳолатда кириб келди. Эртаси куни ҳам Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Хозир ҳузурингизга жаннат аҳлидан бўлган киши келади”, – деб қолдилар. Шунда яна ўша киши аввалги ҳолатида кириб келди. Эртаси куни Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яна: “Ҳозир ҳузурингизга жаннат аҳлидан бўлган киши келади”, – деб қолдилар. Шунда яна ўша киши аввалги ҳолатида кириб келди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам туриб кетдилар. 

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос айтиб берадилар: “Ҳалиги кишининг изидан бориб: “Отам билан аразлашиб қолиб, уч кун уйга бормасликка қасам ичдим,  агар имкони бўлса, қасамим ечилгунича сизникида тунасам, нима дейсиз”, – дедим. Ансорий саҳоба розилик берди. Абдуллоҳ ибн Амр уч кеча у билан тунади. Уни тунда (тунги намоз учун) турганини кўрмади. Лекин кечалари уёқ-буёққа ағдарилганда Аллоҳни зикр қилар ва такбир айтиб қўярди. 

Шу билан бомдод намозига туриб, чиройли таҳорат қиларди (Абдуллоҳ: “У кишидан фақат яхши гапларни эшитдим”, – дейди). Уч кеча ўтгач, мен унинг амалларини кам санаб қолишимга оз қолди. Унга: “Эй, Аллоҳнинг бандаси! Аслида отам билан ўртамизда ҳеч қандай аразлашиш бўлмаган, лекин Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уч марта, учта ўринда: “Ҳозир ҳузурингизга жаннат аҳлидан бўлган киши келади”, – дедилар. Уч марта ҳам сиз кириб келдингиз. Сизникида тунаб, сизнинг амалларингизни кўрмоқчи бўлдим. 

Катта бир амал қилганингизни кўрмадим. Сиз Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган даражага қандай етдингиз?”, – дедим. У: “Амалларим фақат сен кўрганларинг” – деди. Изимга қайтганимда, мени чақириб: “Амалларим фақат сен кўрганларинг, лекин қалбимда бирор мусулмонга нисбатан ғилли-ғашлик йўқ ва Аллоҳ берган яхшилик учун бирор кишига ҳасад ҳам қилмайман”, – деди. Абдуллоҳ ибн Амр: “Ана шу сизни (улуғ) даражага етказган ва биз тоқат қила олмайдиган нарсадир”, – деди” (Имом Аҳмад ривояти). 

Демак, ҳар бир мўмин-мусулмон аввало қалбини гина-кудрат, буғзу адоват, кўролмаслик, кибр ва ҳасаддан поклаши даркор. Қалбнинг покланиши, иймону ихлос, ҳусни хулқ, самиймийлик ва камтарлик билан гўзал бўлиши инсонни икки дунё саодатига етказади, иншааллоҳ.

Анвархон Садриддинов,
Наманган шаҳар “Ҳазрати Лангар” жоме
масжиди имом хатиби

Related posts