Жамият аъзоларига муносабат

ВАТАННИ ЭЪЗОЗЛАШ

ВАТАННИ ЭЪЗОЗЛАШ

Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломни яратиб, унинг зурриётларини Ер юзига тарқатди. Одам ато ва Момо Ҳавводан тарқалган инсоният турли миллат ва элатларни ташкил қилиб, маълум ҳудуд ва маконларни ўзлари учун маскан тутдилар. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: “Эй инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирингиз билан танишишингиз (дўст-иноқ яшашингиз) учун сизларни турли-туман халқлар ва қабилалар қилиб қўйдик…” (Ҳужурот сураси, 13-оят).

Табиийки, инсон қаерда дунёга келса, шу ер унинг учун Ватан, ҳеч нарсага алишиб бўлмайдиган қадрли макон ҳисобланади. Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ розийаллоҳу анҳу билан Мадинаи мунавварага ҳижрат қилиб кетаётганларида орқаларига ўгирилиб, яъни туғилиб ўсган маконлари — Маккаи мукаррамага муҳаббат тўла кўзлар билан қараб: “Агар қавмим мени Маккадан чиқиб кетишга мажбур қилмаганида, ҳеч қачон ўз ихтиёрим билан уни ташлаб кетмаган бўлар эдим”, деганлар. Демак, Ватанни севиш, уни соғиниб яшаш — инсоният фитратида мавжуд бўлган энг самимий ва нозик ҳисдир. Бирор сабаб билан бошқа юртларга кетган киши киндик қони томган диёрини қумсаб маъюс тортиши, унинг тинчлиги ёки ободлиги ҳақида қайғуриши мана шу табиий муҳаббатнинг ифодасидир.

Тарихдан маълумки, бирорта халқ бошқа бир халқни ўзига тобе қилмоқчи бўлса, аввало, унинг ватанини босиб олиб вайрон қилган, ўзлигини ва маънавиятини топтаб, одамларини қулга айлантиришга уринган. Ватани душман қўлига ўтганини ва эрксиз қолганини кўриш — миллат учун энг оғир хўрлик ва азобдир. Зеро, Ватан, миллат ва дин тушунчалари инсон учун ҳар нарсадан азиз ва муқаддасдир.

Шунинг учун ҳам муқаддас динимиз таълимотида Она ватан ҳимояси, миллат фаровонлиги ва дин равнақи йўлида жон берган кишиларга шаҳидлик мақоми берилиши таъкидланган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадиси шарифларидан бирида шундай марҳамат қилганлар: “Ким моли ҳимояси йўлида ўлдирилса, у шаҳиддир. Ким жони ҳимояси йўлида ўлдирилса, у шаҳиддир. Ким дини ҳимояси йўлида ўлдирилса, у шаҳиддир. Ким аҳли-оиласи ҳимояси йўлида ўлдирилса, у шаҳиддир” (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти).

Демак, юрт тинчлиги, халқ осойишталиги ва Ватан сарҳадларини ҳимоя қилиш йўлида фидокорлик кўрсатган инсон Аллоҳ таоло ҳузурида улуғ даражаларга эришади. Бундай кишиларга шаҳидлик мартабаси берилиши бежиз эмас. Чунки у инсон учун жондан ҳам азиз бўлган оиласи, шаъни, ғурури ва муқаддасотларини ҳимоя қилишга қасд қилган.

Алҳамдулиллоҳ, бугун мустақиллик неъмати туфайли эркин ва обод, инсон қадри азиз бўлган Ватанда бахтиёр умр кечиряпмиз. Ушбу тинчлик ва доруломонлик неъматининг қадрига етиш, уни авайлаб-асраш, юрт мустаҳкамлиги ва равнақи учун ҳалол меҳнат ва фидокорлик қилиш шу муқаддас заминда яшаётган ҳар бир инсоннинг фарзандлик бурчидир.

Қодирхон АЗИЗОВ,

Косонсой тумани бош имом-хатиби

Related posts