Байрам ва марака маросимлари

ВАТАН МУҲАББАТИНИ ҲИС ҚИЛГАН ДИЛ – ИЙМОН НУРИНИ САҚЛАГАН ДИЛДИР

ВАТАН МУҲАББАТИНИ ҲИС ҚИЛГАН ДИЛ – ИЙМОН НУРИНИ САҚЛАГАН ДИЛДИР

Ватан… Бу сўз остида инсон қалбига илиқлик, меҳр, ифтихор ва масъулият жамланган. Инсон қай ерда туғилган бўлса, биринчи қадамини қўйган кўчалари, онасининг алла айтган уйи, отаси меҳнат қилган тупроқ унинг учун энг азиз маскандир. Шунинг учун мўмин киши ўз юртини ардоқлаши, қадрлаши, ҳимоя қилиши лозим.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар:

«Ватанга муҳаббат иймондандир.» 

Бу сўз – ҳар бир мусулмон учун йўл кўрсатувчи ҳикматдир. Чунки ким юртини сева олса, у Аллоҳ берган неъматни қадрлайди, ўзининг ким экани ва қаердан эканини унутмайди.

Исломда юртга хизмат қилиш  ибодатдан кам эмас. Чунки ибодат, илм, тарбия ҳаммаси тинчлик бор жойда равнақ топади. Агар юртда нохотлик бўлса, халқ осуда яшай олмаса, илм ҳам, тарбия ҳам қийналиб қолади. Демак, тинчликни сақлаш  умумий масъулият.

Ватанга хизмат қилиш фақат сарҳадда турган ҳарбийларгагина тегишли эмас.

– Деҳқон ерни ҳалол боқса – Ватанга хизмат қилади.

– Муаллим тарбияли бола етиштирса – келажакни ҳимоя қилади.

– Шифокор бир инсоннинг жонини сақласа – миллион ғамни енгиллаштиради.

– Оила қурган ёшлар ва фарзанд тарбиясига масъул она – миллат устунини мустаҳкамлайди.

– Оддий киши ҳам қонунга риоя қилиб, юртни тозалаб, бошқаларга озор бермай яшаса – Ватан ҳимоячисидир.

Ватанни чиндан севган одам унинг номига доғ туширмайди:

у алдамайди, уруштирмайди, талон-тарож қилмайди, балки юртини янада обод қилишга интилади.

14 январь – Ватан ҳимоячилари куни – сарҳадда, ваҳимали кун-тунини мамлакат тинчлигига бағишлаган мард йигитларимизга миннатдорлик айтадиган фурсатдир.

Бизнинг болаларимиз хавотирсиз уйқуда ётса, оналар дуоси тинчликда эшитилса, халқ эркин меҳнат қилса – бу, аввало, шу посбонлар хизматидандир.

Сарҳадда турган ҳар бир аскарнинг қадамлари, қаҳрамонлиги ва садоқати – юртимизнинг осуда осмонида, байроғимиз ҳилпираши, болалар кулгуси ва бизнинг эркин нафасимизга боғлиқ.

Мўмин киши ҳар куни юрти учун дуо қилиши керак:

«Аллоҳим, юртимизни тинч қил, халқига барака бер, аскарларимизни ҳимоя қил, келажагимизни мустаҳкамла.» 

Вақт ўтади, авлодлар алмашади, аммо Ватан қолади. Шу боис ҳар бир инсон ўз юртига меҳр кўрсатса, уни асраса, адолат билан яшаса – бу миллатнинг келажаги ёруғ, элнинг бахти мустаҳкам бўлади.

Чунки Ватанни севиш – иймондан, уни асраш – ҳар биримизга Аллоҳ томонидан юкланган муқаддас бурчдир.

 

Нуруллоҳ Маҳкамов, 
Чуст тумани бош имом-хатиби

Related posts