Байрам ва марака маросимлари

ВАТАН МУҲАББАТИ МУҚАДДАС БУРЧ!

ВАТАН МУҲАББАТИ МУҚАДДАС БУРЧ!

14 январ юртимизда "Ватан ҳимоячилари куни" байрам сифатида нишонланади. Дарҳақиқат, Ватан – муқаддас макон, уни ҳимоя қилиш, душманлардан асраш, равнақи ва фаровонлиги йўлида хизмат қилиш ҳар бир инсоннинг муқаддас бурчи ҳисобланади. Ватан сарҳадлари дахлсизлигини таъминлаш, юрт шаъни ва ор-номусини кўз қорачиғидек асраб-авайлаш шу заминда яшаётган ҳар бир имонли, эътиқодли ва ихлосли фарзанднинг муқаддас бурчидир. Шуни алоҳида таъкидлаш жойзки, тинчликни сақлаш, мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, юртимиз барқарорлиги ва хавфсизлигини таъминлашда миллий армиямизнинг алоҳида ўрни бор. 

Бугунги кунда Ватан ҳимояси фақат ҳарбий қуроллар билан эмас, балки билим билан, турли ахборот хуружларига қарши туриш билан бўлади. Бунинг учун фарзандларимизни билимли қилиб тарбиялаш даркор. Ҳозирги глобаллашув шароитида ёшлар онгига таъсир кўрсатаётган турли маънавий таҳдидлар, хусусан интернет маконида тарқалаётган сохта ғоялар, одамни алдов ва психологик таъсир орқали ишонтиришга қаратилган ахборотлар ҳамда ёлғон диний даъватлар таъсирига тушиб қолишларидан асраш зарур. 

Шунингдек, улар томонидан ахборот оқими тўлқиндек ёпирилиб келаётган бу даврда ҳар бир ёшнинг ўз ақл-идроки билан оқ-қорани ажрата олиши, ишончли манба билан шубҳали манбани фарқ этишиҳаётийзаруратга айланди. Шунинг учун, чин мусулмон киши ҳар ишда сабрли, мулоҳазали, оғир-босиқ бўлиши зарур, айниқса чет давлатларда туриб юртимизга "тош отаётганлар"га нисбатан ўта ҳушёр бўлиш, уларнинг ижтимоий тармоқлардаги ҳақиқатга зид қарашларига ҳаттоки оддий "лайк" босиш орқали Ватанга, униб-улғайган она юртга нисбатан ноинсофлик қилиб қўйиш мумкин.

—Маълумки, аждодларимиз Ватан ободлиги йўлида моллари ва жонларини сарф қилганлар. Хусусан, Жадид боболаримиз юртни обод ва Ватанни мустақил кўришни орзу қилишди, шу йўлда фидойиларча курашишди. Давлатимиз Раҳбари таъкидлаганидек, биз қадимий ва бой тарихимизни, айниқса, ғоят оғир шароитда илм-маърифат, инсон эркинлиги, халқ озодлиги, Ватанга, миллий қадриятларга меҳр ва садоқат ғояларини дадил кўтариб чиққан жадид боболаримиз фаолиятини янада чуқур ўрганишимиз лозим. Уларнинг улуғ мақсадлар йўлидаги мардона курашиш ва фидойилиги Янги Ўзбекистонни қуришдабарчамиз, аввало, ёшларимиз учун чинакам ибрат мактаби бўлиб хизмат қилиши зарур.

Бугунги кунда ҳар бир инсон дунёда бўлаётган воқеа ва ҳодисалардан огоҳ бўлиши, она-Ватанимиздаги тинч, осойишта ва фаровон ҳаётнинг қадрига етиши, шу фаровон, осуда ҳаётни янада мустаҳкамлаш учун ўз ҳиссасини қўшмоғи даркор. 

Айникса, бу таълимотни ёшларимиз, фарзанду набираларимизнинг қалбига мустаҳкам жойлаш барчамизнинг ҳам қонуний, ҳам шаръий вазифамиздир. Айниқса, бугунги глобаллашув асрида турли хил мафкуравий ва маънавий ҳужумлардан Ватанимизни асрашимиз, фарзандларимизнинг онгига тўғри ғояларни сингдиришимиз, ватанпарварлик ҳис-туйғуларини ўргатишимиз лозимдир. Келажакда жамиятга манфаати тегадиган комил инсонлар бўлиб етишиш йўлида хизмат қилишимиз даркор. Огоҳ бўлиш керакки, ўз юртига, оиласига хиёнат қилганларнинг икки дунёси ҳам куйиб кетади. Ибн Умар розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: "Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг: "Қиёмат куни ҳар бир хиёнаткор учун бу дунёда қилган хоинлиги учун шармисор қилувчи байроқ ўрнатиб қўйилади", деб айтганларини эшитдим". Яратган роббимиз Ватанимизни доимо обод, фаровон ва тинч юртлардан қилсин Ватанимиз равнақи йўлида астойдил, фидокорона меҳнат қилаётган раҳбару ходимларнинг хайрли ишларида ўзи мададкор бўлсин.

Олимхон Исақов,
Уйчи туман бош имом-хатиби

Related posts