Жамият аъзоларига муносабат

УСТОЗЛИК — УЛУҒ ШАРАФ

УСТОЗЛИК — УЛУҒ ШАРАФ

Инсон ҳаётида шундай касблар борки, улар нафақат меҳнат, балки юксак масъулият, сабр-тоқат ва фидойиликни талаб қилади. Ана шундай шарафли ва масъулиятли касблардан бири — устозликдир.

Устоз инсонга нафақат билим беради, балки унинг дунёқараши, маънавияти, одоб-ахлоқи ва келажакдаги ҳаёт йўлини шакллантиришга катта ҳисса қўшади. Шу боис халқимиз азал-азалдан устозни улуғлаб, уни «маърифат чироғи», «инсон қалби меъмори» деб эъзозлаб келган.

Устозлик — оддий касб эмас, балки катта шараф ва масъулиятдир. Чунки устоз қўлида ёш авлоднинг тақдири, келажаги ва орзу-умидлари мужассам бўлган инсондир. У ўз шогирдларига алифбодан тортиб мураккаб илм-фан сирларигача ўргатади, яхши билан ёмонни, ҳалол билан ҳаромни, эзгулик билан ёвузликни фарқлашга йўл кўрсатади. Устознинг ҳар бир сўзи, ҳар бир насиҳати шогирд қалбида из қолдириши мумкин.

Қуръони каримда илм ва илм аҳлининг мартабаси юксак экани таъкидланган. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

«Аллоҳ сизлардан иймон келтирганларни ва илм берилганларни даражалар билан кўтарур»

(Мужодала сураси, 11-оят)

Бу оят орқали Аллоҳ таоло илмнинг инсон ҳаётидаги буюк аҳамиятини кўрсатади. Илмни ўргатувчи, уни авлоддан авлодга етказувчи устозларнинг жамият тараққиётидаги ўрни ҳам беқиёсдир.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам илм ўрганиш ва ўргатишга катта аҳамият берганлар. Ҳадисларда илм талаб қилишнинг фазилати баён этилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларнинг яхшиларингиз Қуръонни ўрганган ва уни ўргатганингиздир», деб марҳамат қилганлар.

Яна бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Илм Хитойда бўлса ҳам, уни ўрганинглар», деб марҳамат қилганлар.

Бундан келиб чиқадики, илм олиш учун машаққат чекиш ва вақт сарф этиш лозимдир. Бу борада илм олиш бир машаққат бўлса, уни ёш авлодга ўргатиш икки карра машаққат эканини ва ажри ҳам шунга яраша бўлишини тушунишимиз мумкин.

Устозликнинг улуғлиги шундаки, устознинг меҳнати кўпинча дарҳол эмас, йиллар ўтиб самара беради. Бугунги ўқувчи эртага олим, шифокор, муҳандис, тадбиркор, давлат ва жамият арбоби ёки ўз касбининг моҳир мутахассиси бўлиши мумкин. Унинг эришган ютуғида, албатта, унга таълим ва тарбия берган устозларининг ҳам ҳиссаси юксакдир.

Ҳақиқий устоз фақат дарс ўтмайди. У шогирдига инсон бўлишни ўргатади. Ўқувчисининг ютуғидан қувонади, қийинчилигида унга далда беради, хатосини тўғри йўл билан тушунтиради. Устознинг энг катта мукофоти эса шогирдларининг яхши инсон бўлиб камол топиши ва жамиятга наф келтиришидир.

Халқимизда «Устоз — отангдек улуғ» деган ҳикмат бор. Бу мақолда устозга бўлган чуқур ҳурмат ва эҳтиром мужассам. Ота инсоннинг дунёга келишига сабабчи бўлса, устоз унинг маънавий ва интеллектуал камолотига хизмат қилади. Шунинг учун устозни ҳурмат қилиш, унинг меҳнатини қадрлаш ва дуосини олиш халқимиз маънавиятининг муҳим қадриятларидан бири ҳисобланади.

Бугунги кунда мамлакатимизда таълим соҳасига, ўқитувчи ва мураббийларнинг меҳнатига катта эътибор қаратилмоқда. Замонавий мактаблар, янги таълим технологиялари, китобхонлик ва илм-фанни ривожлантиришга қаратилган имкониятлар ёш авлоднинг сифатли таълим олишига хизмат қилмоқда. Бу жараёнда устозларнинг касбий маҳорати, фидойилиги ва ташаббускорлиги алоҳида аҳамият касб этади.

Шу билан бирга, ёшлар ҳам устозлар меҳнатини қадрлаши, уларга ҳурмат билан муносабатда бўлиши, берилган билимларни пухта эгаллашга ҳаракат қилиши лозим. Зеро, илмга ҳурмат ва устозга эҳтиром инсонни камолот сари етаклайди.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, устозлик — шарафли ва масъулиятли касб. Устоз инсон қалбига илм, маърифат, эзгулик ва ишонч уруғини сепади. Унинг меҳнати натижаси бутун жамият тараққиётида намоён бўлади. Шунинг учун ҳар биримиз бизга таълим берган устозларимизни қадрлашимиз, уларнинг меҳнатини ҳурмат қилишимиз ва дуоларини олишга интилишимиз керак.

Уламоларимиздан бири шундай деган:

Чайқалиб сувда садаф, сайқал сабаб дур бўлур,

Яхши шогирд кўнглида, устоз ўчмас нур бўлур.

Устозга эҳтиром — илмга эҳтиромдир. Илмга эҳтиром эса миллат ва жамият келажагига ҳурматдир.

Ҳазратали Ҳайдаров,

Учқўрғон тумани “Муҳаммад Зариф” жоме 
масжиди имом-хатиби

Related posts