Жамият аъзоларига муносабат

УСМОН РОЗИЯЛЛОҲУ АНҲУНИНГ ФАЗИЛАТЛАРИ

УСМОН РОЗИЯЛЛОҲУ АНҲУНИНГ ФАЗИЛАТЛАРИ

            Исм ва насаблари: Усмон ибн Аффон ибн Абул Ос ибн Умайя ибн Абу Шамс ибн Абдуманоф ибн Қусай ибн Килоб ибн Мурра ибн Каъб ибн Луай ибн Ғолиб ал-қураший ал-адавий розияллоҳу анҳу.

            Кунялари: Абу Абдуллоҳ ва Абу Лайло.

            Лақаблари: Зиннурайн (икки нур соҳиби). Боиси, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг икки қизларига уйланганлар.

            Туғилишлари: Фил воқеасидан олти йил кейин.

            Исломга киришлари: Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг далолатлари билан исломни аввалида мусулмон бўлганлар. 

            Кўриниш сифатлари: ўрта бўйли, чиройли юзли, озғиндан келган, серсоқол, сочлари қалин ва буғдойранг бўлган. 

            Хулқлари: улуғ хулқ эгаси, ўта ҳаёли, нозик табиатли, қариндошларга меҳрибон, сабрли, тарбияли, Аллоҳдан қаттиқ қўрқувчи, ўта ибодатгўй зот бўлганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Усмон ибн Аффон умматимнинг энг ҳаёлисидир”, дея марҳамат қилганлар.

            Фазилатлари:

            1. “Арис” номли қудуқни Аллоҳ йўлида мусулмонларга эҳсон қилганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у зотга жаннат башоратини берганлар. Талҳа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир пайғамбарнинг рафиқи бўлади. Менинг жаннатдаги рафиқим Усмон ибн Аффондир”, деганлар (Термизий ривояти). 

            2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Усмон розияллоҳу анҳудан рози бўлиб, у кишининг ҳақларига дуо қилганлар. Боиси, Усмон розияллоҳу анҳу мусулмонларнинг оғир кунларида уларга ёрдам берганлар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳим мен Усмондан розиман. Сен ҳам ундан рози бўл”, дея дуо қилганлар.

            3. Ўта ҳаёли киши эдилар. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтирган эдилар. У зотнинг тиззалари кўриниб турарди. Шу пайт Абу Бакр розияллоҳу анҳу киришга изн сўрадилар, рухсат берилди. Кейин Умар розияллоҳу анҳу киришга изн сўрадилар, у кишига ҳам рухсат берилди. Сўнгра, Усмон розияллоҳу анҳу келганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларини тўғирлаб, тиззаларини ёпиб олганларидан кейингина киришларига рухсат берилди, у киши кирдилар. Улар кетганларидан сўнг бунинг сабабини сўралганда, у зот: “Нима, Аллоҳнинг фаришталари ҳаё қиладиган кишидан мен ҳаё қилмайми?”, дедилар” (Бухорий ривояти).

            4. Машҳур “ризвон байъати” куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Усмон розияллоҳу анҳуни Макка мушрикларининг олдига элчи қилиб юборганлар. Ҳа деганда Усмон розияллоҳу анҳу қайтавермаганлар. Ҳатто ўлдирилди деган хабар тарқалган. Шунда саҳобалар билан қўлларини ушлашиб қасамёд қилишган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир қўлларини иккинчисининг устига қўйиб: “Бу Усмонники”, деганлар. Бу воқеадан кейин Усмон розияллоҳу анҳу соғ-саломат қайтиб келадилар ва Макка мушриклари билан “тинчлик” сулҳига келишилади. Ҳазрат Усмон розияллоҳу анҳу шундан сўнг то умрларининг охиригача ўнг қўлларини киндикларининг остидаги аъзоларига теккизмаган эканлар.

            5. Ўта саҳий ва мурувватли киши эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким “Равма” қудуғини сотиб олиб берса, унга жаннат бўлсин”, деганларида, Усмон розияллоҳу анҳуу қудуқни 35 минг дирҳамга сотиб олиб, мусулмонларга ҳадя қилганлар. 

            Мусулмонларнинг сони ортиб, Пайғамбаримизнинг масжидларига мусулмонлар сиғмай қолишганда, Усмон розияллоҳу анҳу масжид атрофидаги ҳовлиларни сотиб олиб, масжидни кенгайтирганлар.

            Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида Мадинада қурғоқчилик бўлди. Усмон розияллоҳу анҳу Шомга тижорат ишлари билан кетган эдилар. Қурғоқчилик хабари Усмон розияллоҳу анҳуга етганида бор тижоратларига озиқ-овқат сотиб олиб қайтдилар. Бу хабар Мадинага етгач Мадина яҳудийлари шаҳардан ташқарига чиқиб, Усмон розияллоҳу анҳунинг карвонларини кутиб туришди. Карвон етиб келганида улар  Усмон розияллоҳу анҳуга катта фойдаларни ваъда қилишди у зот эса кўнмадилар. Шунда Мадина яҳудийлари: “Нима, бунданда кўпроқ фойда кўзладингми?”, деб сўраганларида, у зот: “Ҳа”, деб жавоб қилдилар. Улар ҳайрон бўлиб: “Кимга, қанча фойдага?”, деб яна сўрашди. Усмон розияллоҳу анҳу: “Бу карвондаги барча озиқ-овқатларни Аллоҳ ва Унинг Расулини розилиги учун Мадина аҳлига эҳсон қилдим”, деган эканлар.

            6. У зот жуда ҳам ибодатгўй инсон эдилар. Муҳаммад ибн Сирин раҳматуллоҳи алайҳи шундай дейдилар: “Усмон розияллоҳу анҳу кечанинг ҳаммасида бедор бўлиб, Қуръони каримни икки раъкат намозда ҳатм қилар эдилар”.

            7. “Ёки кечалари сажда қилган ва тик турган ҳолда ибодат қилувчи, охиратдан қўрқадиган ва Парвардигорининг раҳматидан умид қиладиган киши (билан бошқалар баробарми?) айтинг: “Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?” Дарҳақиқат, фақат ақл эгаларигина эслатма олурлар” (Зумар сураси, 9-оят).

            Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу ушбу ояти карима Усмон розияллоҳу анҳу ҳақларида нозил бўлган дейдилар.

            Усмон розияллоҳу анҳу қабристонга кирсалар жуда қаттиқ йиғлар эканлар. Ҳатто соқоллари жиққа ҳўл бўлиб кетар экан. У кишига жаннат ва дўзаҳ эсалтилса йиғламас эканлар. Бунинг сабабини сўрашганида, У зот: “Қабр охиратнинг аввалидир. Ким унда нажот топса, ундан кейингиси енгил бўлади. Ким унда нажот топмаса, ундан кейин қийин бўлади”, дея жавоб берган эканлар. (Ибн Можжа ривояти).

            Усмон розияллоҳу анҳу кундузлари кўп рўза тутиб, кечалари тунни ибодат билан бедор ўтказар эдилар. Аллоҳдан қаттиқ қўрқардилар. Ҳар доим Қуръони карим тиловати ила машғул бўлардилар. Шунинг учун у киши: “Агар қалбларимиз соғлом бўлсайди, у қалблар ҳеч қачон Аллоҳнинг каломига тўймас эди”, дердилар.

            Аллоҳ таоло Усмон розияллоҳу анҳудан рози бўлсин!

 

Мусохон АББАСИДДИНОВ,
 Наманган вилояти Бош имом хатиби

Related posts