Азиз ўқувчи сизлар билан бир вақтлар ўқиганим ~ икки ибратли воқеа борасида бўлишгим келди... Анча йиллар олдин масжидда бир билан беш вақт намоз ўқийдиган киши бўларди. У масжид ва умуман мусулмонлар ишларида жуда фаол ва жонкуяр эди. Бир ўғли бор эди, Қуръон ёдлатаётган эди. Бундан 4-5 йил олдин ўша масжиддан бир киши кўриб қоллдик. Ундан масжид аҳллари ҳақида сўрадик. Юқоридаги кишига келганда, чуқур хўрсиниб: "У одам ҳозир масжиддан узоқлашиб кетган, ароқ ичиб юрадиган бўлган“ деди. Ўғли ҳақида сўрасак, у ҳам шунга яқин аҳволда эканини айтди.
Мен буни эшитиб кўп хафа бўлдик. У кишининг ва ўғлининг ҳақига дуо қилдик.
Ўшандан бери нега ундай бўлди экан, деб узоқ ўйладик. Кейин эсладик. У одамнинг бир жуда қабиҳ одати бор эди, баъзида у ҳаётида учратмаган бўлсада, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ҳақида ёмон гаплар гапириб юрарди. Қалбида қандайдир у зотга нисбатан адоват бор эди.
У одамнинг бир дўсти шайх ҳазратлари олдиларига бориб, нақшбандий тариқати бўйича ибодат қилмоқчи эканини айтган экан. Шайх ҳазратлари унга бундай топшириқ берган эканлар:
- Бир ой таҳоратсиз юрмайсиз. Таҳоратингиз бузилса, янгилаб оласиз. Агар янгилаган пайтингиз намоз ўқиш мумкин бўлган пайт бўлса, 2 ракат намоз ўқийсиз.
Ўйлаб қарасангиз, шайх ҳазратлари берган вазифа суннатнинг ўзи, ҳадисларда келган амр, уни ҳеч қанақасига бидъат ёки ёмон иш деб бўлмайди.
Бироқ, қалбидаги адовати сабаб, бу одам ўша дўстини масхаралаб юрар, бирор ариқдан сакраб ўтса, сиз сакраманг, таҳорат кетиб қолмасин, пирингиз норози бўлади, каби пичинг қилиб юрарди...
Балки ўша “журъат“и ва ҳаддини билмаслиги уни ҳалокатга бошлагандир.
Яна бир воқеа...
Бир биродар бўларди. Диндор, ибодатли эди. Туркиялик Асад Жўшон деган зотнинг тариқатига мойил эди. Унда ҳам бир қабиҳ феъл бўлиб, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари роҳимаҳуллоҳ шаънларига тош отишни яхши кўрар, у зотга адоватини асло яширмасди.
Бу одам ҳам ўзларини "қуръоний" деб атайдиган суннатни инкор қилувчи тоифалардан таъсирланиб, ўшалар гапларини гапириб юрадиган бўлди!
Субҳааналлоҳ!!! Юқоридаги ароқхўр бўлиб кетган одамни кўринг... Икки одам, бир касаллик, бир хил оқибат!
Во ажабо! Аллоҳнинг оятлари кундалик ҳаётимизда зоҳир бўлаверади, фақат ўтмас кўзлар уларни кўрмайди.
Дарҳақиқат, шайх ҳазратлари Аллоҳ берган олим зотларидан эдилар! Ахир Аллоҳдан тавфиқ бўлмаса, шунча китобни ёзишнинг ўзи бўладими?! Биргина мақола ёзиб кўринг, қанча вақтингиз, кучингиз кетади!
Миллионлаб мусулмонларга ҳидоят йўлини кўрсатиб яшаган зотни ҳақорат қилиб, очиқ адоватда юрган кимса қандай қилиб ҳам залолатга ботмасин!
Шундай экан, уларнинг оқибатлари ақл эгалари учун табиийдек туюлсада, бу воқеа сиз биз мусулмонларга таъсир қилсин ва ибрат бўлсин.
Аллоҳ таоло уларни ва улар каби бугунги ўзларига турли номларни қўйиб хаворижлардек журъатдан касалланиб, уламоларимиз обрўсига тажовуз қиладиганларни ислоҳ қилсин!
Шайх ҳазратларидан Аллоҳ таоло рози бўлсин. У зотни жаннатнинг энг олий даражалари билан мукофотласин!
Манбалар асосида тайёрланди
Адҳамжон Абдураҳмонов,
Поп тумани "Кичик Хўжаобод" жоме
масжиди имом-ноиби