Оилада янги меҳмон туғилса, гўдакка узоқ умр, баланд мартаба, унинг бахтига тинчлик, икки дунё обрўси ва бахт-саодат берсин деб илтижо қиладилар.
Бир сўз билан айтганда, инсониятга, дов-дарахтга, чорва-молга, қурт-қумурсқага ҳаводек зарур бўлаётган тинчлик-хотиржамлик, осойишталикдан ҳам зиёда, мўътабар неъмат йўқ. Дарҳақиқат, Аллоҳ асрасин, оила ва юрт нотинч бўлса, тўй-томоша, кўнгилхушлик, ҳазил-мутойиба, ҳаёт лаззатини тасаввур қилиб бўлмайди. Инсон бирор луқмани хотиржам ютмайди, ҳар қандай кошона уй-жой, мол-мулк, бола-чақа инсон танасига оғирлик қилади.
Урушлар сабабидан меҳр-оқибат, инсонийлик унутилади, ҳар қандай эзгу амаллар, улуғ мақсадлар поёнига етмайди. Ер қанчалик кенг бўлиши билан шунчалар тор ва зиқ кўринишга мубтало бўлади. Демак, хотиржамлик, осойишталик неъматини сўрашда доно халқимиз нечоғлик тўғри ва гўзал йўл танлаган. Муқаддас динимиз дастури бўлмиш Қуръон оятларида тинчлик-осойишталикка катта эътибор қаратилиб, Аллоҳ таоло: “Қачон (Биз) инсонга (тинчлик, саломатлик, фаровонликни) инъом этсак, у (шукр қилишдан) юз ўгириб, ўз ҳолича кетур. Қачон унга (хасталик, камбағаллик каби) бирор ёмонлик етса, ноумид бўлур” (Исро, 83) деб, тинчлик-осойишталик тўғрисида марҳамат қилади.
Аллоҳ таоло бандаларини ўзаро иттифоқликда, аҳилликда, тинчлик-омонликда яшашга даъват этиб: “Агар мўминлардан икки тоифа ўзаро урушиб қолсалар, дарҳол улар ўртасини ислоҳ этингиз!”. (Ҳужурот, 9) деган инсонпарварлик тамойилини яратишга чақиради.
Жаннатмакон юртимизда тинчлик-осойишталик барқарорлигини таъминлаш йўлида давлатимиз томонидан катта иш олиб борилаётгани бизнинг бахтимиздир.
Шунга кўра биз ҳам тинч, осойишта ва фаровон ҳаётнинг қадрига етиш, бу фаровонлик, осуда турмушимизнинг барқарорлигини таъминлашда ўз ҳиссамизни қўшмоғимиз лозим. Бу орқали турмушимиз фаровонлигига эришамиз.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда айтилганидек, “Икки энг азиз неъмат бор-у, кўплар бунинг қадрига етишмайди, булар саломатлик ва тинчлик-хотиржамликдир” (Имом Бухорий ва Имом Термизий ривояти).
Тинчлик қарор топган юртда хотиржамлик ҳукм суради, фарзандлар эмин-эркин камолга эришади, оқибатда, жамиятда ҳар томонлама юксалиш ва ривожланиш рўй беради.
Тинчлик ва хотиржамлик Аллоҳ таолонинг буюк илоҳий неъматларидан биридир. Қолаверса, барча эзгу ишлар рўёбга чиқишининг боиси ҳам осойишталикдир. Шундай экан, инсонлар нафақат мавжуд тинчликнинг қадрига етиб, шукрини адо этишлари, балки унга ношукрлик қилиб путур етказишдан ҳам сақланишлари лозим. Зеро, тинчлик ва хотиржамликнинг улуғ неъматлиги доимо кундалик хайриятларимизнинг бошида зикр қилинади. Шунинг учун ҳам Пайғамбар алайҳиссалом энг аввало инсон дунё ва охиратда тинч-омон бўлишни сўраб, дуо қилиш тўғрисида Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қиладилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эй, Парвардигор! Дунё ва охиратда тинч ва омонда қилгин” деб қилинган дуодан кўра афзалроқ дуо йўқдир” дедилар (Имом Байҳақий ривояти).
Айнан шу мазмунни Анас (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “(Эй, Анас!) Аллоҳ таолодан дунё ва охиратда тинч ва омонда бўлишни сўрагин. Зеро, сенга дунё ва охиратда тинч ва омонда бўлиш берилса, нажот топибсан” дедилар (Имом Термизий ривояти).
Демак шундай экан, Яратгандан бир-биримизга тинчлик, амният, хотиржамлик тилайлик! Аллоҳ таоло тинчлик-осойишталигимизни ҳамиша барқарор қилсин. Жаннатмакон юртимизни тинч, меҳнатсевар халқимиз ҳаётини фаровон айласин!
Камолиддин Нуриддинов,
Наманган тумани “Тўсар” жоме
масжиди имом хатиби