Жамият аъзоларига муносабат

ТЎЙДАГИ ИСРОФЛАР

ТЎЙДАГИ ИСРОФЛАР

Тўй — инсон ҳаётидаги энг шодли ва эзгу кунлардан биридир. Унда икки ёшнинг тақдири боғланади, икки оила яқинлашади, муҳаббат ва қувонч муҳити ҳукм суради. Тўй — Аллоҳнинг неъматини эътироф этиш, шукрона айтиш ва дўст-биродарлар билан бахтни баҳам кўриш учун қилинади.

Бироқ сўнгги пайтларда тўйларда исрофгарчилик, мақтанчоқлик ва ортиқча харажатлар кўпайиб бормоқда. Кўп одамлар “бошқаларникидан кичик бўлиб қолмасин”, “одамлар нима деркин” деб, ортиқча сарф-харажат қилишади. Баъзилар ҳатто тўй учун қарз олади, уй-жойини сотади ёки йиллаб йиғган маблағини бир кунлик тўйга сарфлайди.

Тўй қилаётган инсон “Эл қатори қиламизда” дейди, ваҳоланки элни ҳолатини кўрсангиз фақат исрофдан иборат.

Расулимиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлар иммаъ бўлманглар” дедилар. Иммоъ: “Одамлар нима қилса менам қиламанда” дейдиган одамдир.

Исроф — фақат моддий йўқотиш эмас, балки баракани йўқотишдир. Динимизда исроф қаттиқ ман қилинган. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай дейди:

“Исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйма. Албатта, исрофчилар шайтонларнинг биродарлари бўлганлар. Шайтон эса, Роббига ўта ношукр бўлгандир.” (Исро сураси, 26-27-оятлар).

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Енглар, ичинглар, садақа беринглар, лекин исроф ва кибр билан эмас.” (Имом Насоий ривояти).

Бу ҳадис ва оятлардан кўриниб турибдики, исроф — Аллоҳнинг розилигидан узоқ нарса. Тўйда кераксиз харажатлар қилиш, ортиқча таомлар тайёрлаш, юзлаб одамларни чақириб мақтаниш — булар барчаси шукрсизлик белгисидир.

Аслида, тўй — самимият, меҳр ва дуо байрами бўлиши керак. Оддийлик ва камтарлик — бараканинг калитидир. Ортиқча сарф-харажат ўрнига, ўша маблағни кам таъминланган оилаларга ёрдам сифатида бериш ёки ёшларга илмий имконият яратиш анча савобли иш бўлади.

Ҳозирги кунимиздаги тўйларимиз бўйича охирги гапни айтадиган бўлсак, тўйдаги исроф — нафақат пулнинг, балки бараканинг ҳам кетишига сабаб бўлади. Оддийлик — гўзаллик, Ҳалоллик — барака, Шукрона — тинчлик манбаи.

Банда доимо тўйларини шодлик ва дуо билан ўтказишлиги, исроф билан эмас, барака ва самимият билан безашлиги лозим бўладиган ишлардандир.

Авазбек Юсупов,
Давлатобод тумани 
“Ғози Муҳаммад ҳожи” жоме 
масжиди имом-хатиби 

Related posts