Таълим тарбия

ТАРБИЯДА ҲАР ДАҚИҚА ҒАНИМАТ

ТАРБИЯДА ҲАР ДАҚИҚА ҒАНИМАТ

Келажак авлод – фарзандларимизнинг биз орзу қилгандек билимли, ҳунарли, эл-юртга фойдаси тегадиган, оқил инсонлар бўлиб етишиши, аввало, тарбияга боғлиқ. Фарзанд Аллоҳ таолонинг инсонга берган олий неъматларидан бири бўлиб, ота-она ҳаётининг давомчилари ҳисобланади. Ҳар неъматнинг ўз шукри бор, фарзанд неъматининг шукри унга чиройли тарбия беришдир. Бу хусусда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ота-она ўз фарзандига чиройли хулқдан кўра афзалроқ нарсани беролмайди,” деганлар.

Тарбияни тор доирада тушунмаслик лозим. Ота-она зиммасидаги бурч фарзандга фақат чиройли одоб-ахлоқ ўргатишдан иборат эмас, балки уни турли хил мафкура мафкура ва ғайриинсоний ёт ғоялардан сақлаши керак. Чунки эътиқоди соғлом, мафкураси тўғри бўлган фарзандгина ота-онага меҳрибон, эл-юртга садоқатли фидойи инсон бўлиб вояга етади.

Фарзанд тарбияси билан унинг гўдаклик давриданоқ, ҳатто дунё юзини кўрмасидан аввал шуғулланиш лозим. Халқимиз қадимдан тарбияни кўпнинг иши деб билган. Эзгулик, яхшилик, одоб-ахлоқ каби инсоний фазилатларни муқаддаслаштириб, ҳар бир йигит-қизга ёшликдан шу қоидаларга амал қилишни ўргатиб, назорат этиб борган.

Тарбиянинг энг муҳим талабларидан бири шахсий намуна, оила ибратидир. Ота-она, катталар, қариялар, ака-укалар, қариндош-уруғларнинг оиладаги мавқеи муҳим аҳамиятга эга. Яхши фарзандни, аввало, яхши оила, яхши ота-она тарбиялайди. Халқимизнинг қадриятлари ранг-баранг бўлиб, ҳар бири яхлит бир асардир. Халқимизнинг “Бир болага етти маҳалла ота”, деган ҳикматли сўзларининг замирида олам-олам маъно бор. 

Бугунги кун юртимизда баркамол авлодни миллий қадриятлар асосида тарбиялаш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Миллий қадриятларимиз асосини маънавият ташкил этади, маънавият эса тарбия демакдир. Маънавият билан инсоннинг имони, эътиқоди, ахлоқи, ички дунёси шаклланиб сайқал топади. Инсонни Ватан, халқ, ота-она, қавм-қариндошлар олдидаги бурчларини англаши унинг нақадар юксак маънавият соҳиби эканидан далолат беради.

Миллий қадриятларимиз билан чамбарчас боғланиб кетган муқаддас динимизда ҳам фарзанд тарбиясига алоҳида эътибор берилади. Фарзанд туғилиб, унинг ақли шакллана бошлаган вақтдан то вояга етиб, мустақил ҳаётга қадам қўйгунча унга имон-эътиқод масалалари, ота-онага ҳурмат, ватанга садоқат туйғулари сингдириб борилади. Ҳар бир фарзанд яхшиликларни қабул қилувчи, оппоқ қоғоз каби соф қалб билан дунёга келади. Ана шу софликни сақлаш, уни шакллантириш ва турли хил ғайриинсоний хулқлардан ҳамда динимизга, эътиқодимизга ёт бўлган турли ғоялардан асраш ота-онанинг энг муҳим вазифасидир.

Ота-она фарзанднинг жисмонан соғлом бўлиб вояга етишига ҳам масъул бўлиб, бунда боланинг етарли миқдорда тўғри овқатланиши, кийиниши, ётиб-туриши ва жисмоний машғулотларига эътибор қаратиш лозим. Фарзанднинг руҳан ва жисмонан соғлом бўлиб вояга етиши нафақат унинг келажаги, балки бутун миллат келажагини таъминлаш эканини асло ёддан чиқармаслик лозим. Соғлом авлодни тарбиялаш буюк давлат пойдеворини, фаровон ҳаёт асосини қуриш деганидир. Фарзандга чиройли тарбия бериб, ҳунар ўргатиб, руҳан кучли ва эътиқоди соғлом ҳолда вояга етказиш билан бирга уларни жисмонан бақувват қилиб вояга етказиш ота-онанинг энг муҳим бурчларидандир. Зеро, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам: “Ўғилларингизга сувда сузишни, камонда отишни, қизларингизга эса тикишни ўргатинглар”, деб фарзандларни чаққон, соғлом, бақувват, зийрак ва ҳунарли қилиб тарбиялашга тарғиб қилганлар. Чунки соғлом ва кучли инсон ҳар доим ўз элига, ватанига наф келтиради.

Тафаккур тарбияси – тарбиянинг энг масъулиятли қисмларидан бири. Фарзанднинг комил инсон бўлиб етишиши ва жамиятда ўз ўрнини топишида тарбия билан биргаликда илмнинг ўрни катта. Зеро, чиройли тарбия билан зийнатланган илмли инсон келажакда юрт равнақининг асосий пойдевори бўлади. Инсоннинг камолга етишида илмнинг нечоғли зарурлигини қисқа сатрларда таърифлаб бериш қийин, албатта.

Аллоҳ таоло илмли бандаларининг даражасини баланд қилиб, олимларнинг фазилати ҳақида: “Айтинг: “Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!” дейди. Илмнинг инсон ҳаётида қанчалар катта ўрин тутиши мазкур оятдан яққол аён бўлади, чунки ҳар бир миллатнинг салоҳияти, куч-қудрати ва келажаги унинг олимлари билан белгиланади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда: “Бешикдан қабргача илм изланг”, “Илм олиш ҳар бир мўмин-мусулмонга фарздир”, деганлар.

Тарбияда ота-она таянч нуқтаси бўлиб, фарзандининг ақлли, тафаккури кенг, жамият учун фойдали илмга эга инсон бўлиб вояга етишида кўмак беришлари лозим. Зеро, ҳар томонлама етук билимли, холис ниятли ёшларгина ўзларининг соф имон-эътиқоди билан ўз билимини самарасини тўғри, фойдали нарсаларга йўналтириб, ўзига ва атрофидагиларга, шу жумладан жамиятга фойда келтиради. Бу билан ахлоқий бўшлиқнинг олдини олиб, жамиятнинг порлоқ келажаги учун замин тайёрлайди.

Нуруллоҳ Маҳкамов, 
Чуст туман "Саид Насимхон тўра" жоме 
масжиди имом-ноиби

Related posts