“Улардан аввал бу диёрда ва иймонда қарор топганлар ўзларига ҳижрат қилиб келганларни севарлар ва уларга берилган нарсаларга қалбларида ҳасад қилмаслар. Ва гар ўзларининг ҳожатлари бўлса ҳам, (уларни) ўзларидан устун қўярлар. Ким ўз нафсининг зиқналигидан сақланса, ана ўшалар зафар топувчилардир» (Ҳашр сураси, 9-оят).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг энг саховатлиси эдилар. У зотнинг саховатлари Рамазон ойида – ҳар кеча Жаброил алайҳиссалом у зотга Қуръонни таълим бериш учун ҳузурларига ташриф буюрадиган пайтларда, айниқса чўққисига чиқарди. Дарҳақиқат, Аллоҳнинг Расули одамларга яхшилик билан мурувват кўрсатишда шиддат билан эсаётган шамолдан-да учқурроқ эдилар”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
У зотга ер юзининг хазиналари, мамлакатларининг калитлари топширилган, ғаниматлар ҳалол қилинган эди. Шунингдек, у зотга Ҳижоз, Яман, Шом, Ироқнинг бир қисми, Араб ярим ороли фатҳ этилиб, жуда кўп ғанимат, хирож, закот моллари келтирилган, яқин-йироқдаги подшоҳлар ҳад-ҳисобсиз совға-саломлар юборишган эди. Лекин у зот буларни шахсий мулк сифатида ўзлаштирмадилар. Бирортасини ўз эҳтиёжлари учун ишлатмадилар. У зот: “Уҳуд тоғидек олтиним бўлса, ундан Аллоҳ йўлида сарфлаш учун мўлжалланганидан ташқари бирон динорни олиб қолиш мени хурсанд қилмайди”, деган эдилар.
У зот шундай улуғ хайр-саховат эгаси бўлганлар. “Батаҳқиқ, сизлар учун – Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар учун ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор эди” (Аҳзоб сураси, 21-оят).
Шамсуддин Абу Абдуллоҳ раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Саховатпеша инсон ҳар қачон хайр-эҳсон қилар экан, бундан унинг қалби шодликка тўлади, юрагининг чигиллари ёзилиб, кўнгли хотиржам тортади ва юзида мамнунлик ифодаси акс этади. Агарда садақанинг фойдалари фақат мана шулардангина иборат бўлган тақдирда ҳам у бандалар тарафидан кўп ва хўп бажарилишга сазовор бўлган бўлур эди”.
Инсон хайр-эҳсон қилар экан, инфоқ-эҳсони зоҳирдан мол-давлатини камайтираётгандек бўлиб кўринади. Аксинча, у мол-давлатга барака киритади. Сарфланган хайр-эҳсон ўрнини Аллоҳ таоло ортиғи билан тўлдиради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бандалар тонг оттирадиган бирон-бир кун йўқки, магар икки фаришта осмондан ерга тушади. Улардан бириси: “Аллоҳим, инфоқгўй бандангнинг сарфлаган молига эваз бер”, дейди. Иккинчиси эса: “Аллоҳим, мумсик (бахил) бандангнинг молига офат юбор”, дейди”, дедилар (Муттафақун алайҳ),
Саховат киши обрў-эътиборининг покиза сақланишига, эл орасида яхши ном чиқаришига сабаб бўлади. Бегона дилларни бирлаштиради, биродарчилик ришталарини мустаҳкамлайди. Шунингдек, у айбу нуқсонларнинг ёпилиб кетишида ҳам катта аҳамият касб этади.
Манбалар асосида тайёрланди
Маҳмудхон Сидиқходжаев,
Мингбулок тумани “Шоҳи Фозил” жоме
масжиди имом хатиби