Рамазон 2026

САХОВАТ ОЙИ — РАМАЗОН

САХОВАТ ОЙИ — РАМАЗОН

Рамазон ойи ислом динида нафақат рўза тутиш, балки инсон қалбини поклаш, меҳр-шафқат ва саховатни кучайтириш ойи сифатида ҳам алоҳида ўрин тутади. Бу муборак ойда мусулмон киши нафақат ибодатларини кўпайтириши, балки муҳтожларга ёрдам бериш, хайру эҳсон қилиш орқали жамиятда меҳр-оқибатни мустаҳкамлаши лозим. Шу боис уламолар Рамазонни “саховат ойи” деб ҳам аташган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саховатлари

Ислом таълимотида саховатнинг энг юксак намунаси Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларида намоён бўлади. Бу ҳақда саҳобий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо қуйидагича ривоят қиладилар: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам яхшилик қилишда одамларнинг энг сахийси эдилар. Рамазон ойида Жаброил алайҳиссалом у зот билан учрашган вақтларда янада сахий бўлар эдилар. Жаброил алайҳиссалом рамазон чиқиб кетгунича ҳар кеча у зот билан учрашар эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга Қуръонни ўтказиб олар эдилар. Жаброил алайҳиссалом у зот билан учрашган пайтларда у зот эсиб турган майин шамолдан ҳам сахийроқ бўлиб кетар эдилар.” (Имом Бухорий ривоят қилган).

Бу ҳадисда жуда чуқур маъно бор. Майин шамол инсон, ҳайвон, ўсимлик — барча мавжудотга фойда етказади. У бировни ажратмайди, тўсиқсиз ва узлуксиз равишда наф келтиради. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саховатлари эса бундан-да кенг ва баракали бўлиб, инсонлар қалбига умид, муҳтожларга ёрдам ва жамиятга раҳмат олиб келар эди.

Рамазонда саховатнинг кўпайиши

Рамазон ойида қилинган ҳар бир яхши амалнинг савоби бир неча баробар қилиб берилиши ҳақида Қуръони Каримда ҳам ишора қилинган. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Ким бир яхшилик қилса, унга ўн баробар ажр бор.” (Қуръон, Анъом сураси, 160-оят).

Яна бир оятда Аллоҳ таоло саховат ва эҳсон ҳақида шундай дейди: “Молларини Аллоҳ йўлида сарф қилаётганларнинг мисоли худди бир донага ўхшайдики, у етти бошоқ чиқаради, ҳар бир бошоқда юзтадан дона бўлади. Аллоҳ хоҳлаган кишисига яна-да зиёда қилиб беради.” (Қуръон, Бақара сураси, 261-оят).

Бу оятлардан маълум бўладики, Аллоҳ таоло Ўз йўлида қилинган хайру эҳсонни бир неча баробар қилиб қайтаришини ваъда қилади. Рамазон ойида эса бу савоблар янада кўпайиши умид қилинади.

Уламоларнинг Рамазонда саховат ҳақидаги қарашлари

Ислом уламолари ҳам Рамазон ойида саховатни кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратганлар. Машҳур мужтаҳид имомлардан бири Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳ шундай деганлар: “Рамазон ойида одамларнинг кўпроқ саховат кўрсатишларини хоҳлар эдим. Бунинг сабаби, аввало, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга иқтидо қилиш бўлса, қолаверса, одамлар бу ойда эҳтиёж сезишлари ҳамда уларнинг кўпчилиги рўза ва намозлар сабабли тирикчилик ишларидан машғул бўлиб қолишларидир.”

Ҳақиқатан ҳам, Рамазон ойида кўп инсонлар ибодатларга кўпроқ вақт ажратади. Шу боис жамиятда ўзаро ёрдам, саховат ва ҳамжиҳатлик янада аҳамиятли бўлади.

Саховатнинг жамиятдаги аҳамияти

Саховат фақат моддий ёрдам билан чекланмайди. У инсоннинг қалбидаги меҳр, раҳм-шафқат ва бошқаларга яхшилик қилиш истаги билан боғлиқ. Бир инсоннинг муҳтожга берган садақаси бошқаси учун умид, яна бошқаси учун эса ибрат бўлиши мумкин.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда қуйидагича марҳамат қилганлар: “Садақа молни камайтирмайди.” (Имом Муслим ривоят қилган, ровий: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу).

Бу ҳадис инсонни саховатдан қўрқмасликка, Аллоҳнинг ваъдасига ишониб яхшилик қилишга ундайди.

Рамазон — қалбни поклайдиган ой

Рамазон ойида қилинган саховат нафақат муҳтожларга ёрдам беради, балки инсоннинг ўз қалбини ҳам поклайди. Қалбдаги хасад, бахиллик ва дунёпарастлик каби иллатлардан халос бўлишда садақа ва эҳсоннинг ўрни беқиёсдир.

Аллоҳ таоло Қуръонда шундай марҳамат қилади: “Уларнинг молларидан садақа олгин, у билан уларни поклайсан ва тозалайсан.” (Қуръон, Тавба сураси, 103-оят).

 Хулоса

Рамазон ойи — меҳр-оқибат, саховат ва эҳсон ойидир. Бу ойда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларидан ибрат олиб, муҳтожларга ёрдам бериш, садақа қилиш, одамларга яхшилик улашиш ҳар бир мусулмон учун катта фазилатдир.

Саховат инсонни улуғлайди, жамиятни бирлаштиради ва қалбларни яқинлаштиради. Шунинг учун ҳар бир мусулмон Рамазон ойини нафақат ибодат, балки саховат ва эҳсон ойи сифатида ҳам ўтказишга ҳаракат қилиши лозим.

Жаъфархон Суфиев,
Тўрақўрғон туман “Исҳоқхон тўра” жоме
масжид имом хатиби

Related posts