Жамият аъзоларига муносабат

ШАРИАТДА КАТТА МАҲР ТАЛАБ ҚИЛМАСЛИК СУННАТ

ШАРИАТДА КАТТА МАҲР ТАЛАБ ҚИЛМАСЛИК СУННАТ

Аёллар учун муҳим мавзу – маҳр борасида турли фикрлар айланади. Айрим аёллар шариатда маҳрнинг энг кўпи белгиланмаган деган ҳукмдан, демак кўп бериш керак, деган нарсани олишади. Умар розияллоҳу анҳу хутба қилаётиб, маҳрнинг чегарасини қирқ уқия қилади ва шундан зиёдасини байтул молга қўшишга қарор қилганини айтади. Шунда бир аёл эътироз билдириб, “Аллоҳ берган имкониятни чеклашга ҳаққинг йўқ, эй Умар” дейди. Бу воқеада кўп маҳр талаб қилишга тарғиб йўқ. Балки волий маҳрни мажбуран чеклаши мумкинми, эмасми, шу ҳақида сўз кетган. 

Хўш, муслима аёл-қизлар катта маҳр талаб қилганлари яхшими, ё бўлажак жуфтига шафқат қилганими?

Исломнинг мукаммалиги шундаки, у барча инсонга ўзига мувофиқ буйруқ ё тавсияни беради. Масалан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар қандай тиланчини қуруқ қайтармасликка чақирганлар. Бироқ тиланчининг ўзига тиланмасликни, тиланчилар қиёматда юзларида эт йўқ ҳолатда тирилишини айтганлар.

Маҳрда ҳам шундай. Бу масалада эркаклар ҳиммат қилишлари кераклиги таъкидланади. Чунки эркак шарифа аёлни ҳарамига олаётган бўлади. Бунинг эвази эса, албатта арзимаган нарса бўлмаслиги керак. Нисо сурасида “Саноқсиз молу дунёни (маҳр қилиб) берган бўлсангиз-да, ундан бирон нарсани қайтариб олмангизлар” деган оятда ҳам шунга ишора бор.

Аёллар маҳр гарданига илинаётган эркак унинг бир умрлик хўжайини, энг яқин инсони бўлишини унутмасин. Айримлари “эримга катта маҳр айтсам, қадримга етади” деб ўйлайди. Айтингчи, катта маҳрни узаман деб ойлаб ишлаган эркак хотинидан ранжийдими ё раҳмат айтиб ҳақига дуо қиладими? Маҳрига уйлар бериб, озгина ой ва йил ичида ажрашиб кетган оилалар жуда кўп. Қолаверса, маҳр миқдори кўп жамиятларда йигит-қизлар оила қура олмай сарсон бўлаётганлари, никоҳ ўрнига зино урчиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам маҳр нисоби оз бўлишини истаганлар. Баъзи саҳобаларни бир неча сурани ўргатиш ёки арзимаган темир узук эвазига ҳам уйлантириб қўйганлар. 

Оиша онамиздан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Энг баракали аёл харажати енгил бўлганидир” деганлар (Аҳмад ривояти). Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, “Мен бир ансория аёлга уйландим”, – деди. “Қанчага уйландинг?” деб сўрадилар. “Тўрт уқияга”, – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Тўрт уқия?! Сизлар кумушни тоғдан қўпариб оладигандексизлар-а!” дедилар. (Муслим ривояти). 4 уқия – 476 грамм кумуш.

Демак, маҳрнинг кўплиги эркак кишига оғир келади, аёлдан баракани учиради. Қолаверса, умматнинг мужтаҳиди Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: “Аёлларнинг маҳрида ҳаддан ошманглар! Агар маҳрнинг кўплиги тақво бўлганида, Расулуллоҳнинг қизлари шунга ҳақли бўларди”, - деганлар (Ибн Абу Шайба ривояти).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Алий розияллоҳу анҳу Фотимага уйланганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Алийга: “Унга бирон нима бер”, – дедилар. “Беришга ҳеч вақом йўқ”, - деди Алий. У зот: “Ҳутамадан келган совутинг қани? Ўшани бер” – дедилар (Абу Довуд ривояти).

Юқоридаги ҳадислардан намоён бўладики, шариатда катта маҳр талаб қилмаслик суннат амал экан.

Манбалар асосида таёрланди 
Фазлиддин Салимов,
Мингбулоқ туман “Мулла Тожи Аҳмад” жоме
масжиди имом хатиби

Related posts