Ислом дини инсонни ҳар бир амални ихлос билан бажаришга чорлайди. Ибодатнинг қиймати унинг ташқи кўринишида эмас, балки қалбдаги ниятда, яъни Аллоҳнинг розилигини исташда намоён бўлади. Шу маънода, умра — Аллоҳга яқинлашиш учун қўлга келган катта имкониятдир. Аммо ҳозирги замонда айрим инсонлар бу муқаддас сафари риё (кўзбўямачилик) воситасига айлантириб қўйгани ачинарли ҳолатдир. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
وَأَتِمُّوا الْحَجَّ وَالْعُمْرَةَ لِلَّهِ
“Ҳаж ва умрани Аллоҳ учун тўлиқ адо этинглар.” (Бақара сураси, 196-оят)
Бу оятда Аллоҳ таоло ҳаж ва умрани ихлос билан, яъни фақат Аллоҳнинг розилиги учун адо этишни буюрмоқда. “Аллоҳ учун” дегани — риёсиз, кўзбўямачиликсиз, самимият билан бажаришни англатади. Демак, умра шариатда мустақил ибодат бўлиб, уни тўлиқ адо этиш ҳар бир мўмин учун катта савобдир.
1. Умранинг маънавий моҳияти
Умра — Каъба зиёрати орқали қалбни поклаш, гуноҳлардан тавба қилиш ва Аллоҳнинг раҳматига яқинлашиш амали ҳисобланади. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Бир умрадан иккинчи умрагача бўлган вақтда содир этилган гуноҳларга каффорот бўлади” (Имом Бухорий ривояти).
Бу ҳадис умранинг асосий мақсади — тавба ва маънавий тозалик эканини кўрсатади. Демак, умра сафари — нафсни тарбия қилиш мактаби бўлиб, у инсонни кибр, риё ва манманликдан халос этиши керак.
2. Риёнинг хавфи
Риё — ибодатни Аллоҳ учун эмас, балки одамлар кўрсин, мақтасин, деса учун қилишдир. Қуръонда бу ҳақда шундай дейилади:“Риё учун намоз ўқувчиларнинг вайл бўлсин”(Маъун сураси, 4–6-оятлар).
Агар инсон умрага фақат суратга тушиш, одамларга “мен бордим” деб кўрсатиш учун борса, бу амалнинг маънавий қиймати йўқолади. Ундай инсон умрадан қайтиб келганда ҳам қалбда ўзгариш бўлмайди.
3. Ҳозирги замондаги синовлар
Бугунги кунда ижтимоий тармоқлар орқали одамлар ўз ибодатларини намойиш этишга одатланиб қолишди. Умра сафари ҳам баъзида “селфи сафар”га айланиб бормоқда. Бу ҳолат мусулмонларнинг ихлосини синайди. Ҳақиқий мўмин умрага борганда камера эмас, қалбини очади. У Каъбада суратга эмас, гуноҳларига тавбага қарайди.
4. Умра ва ҳозирги ҳаётда ибодатнинг қайта маъноси
Ҳозирги ҳаётда умрани фақат саёҳат ёки “диний мода” деб билиш хато. Умра инсонни ўзини қайта кашф этиш, маънавий тозаланиш, адолат, ҳалоллик ва масъулият ҳиссини кучайтириш воситаси бўлиши керак. Умрадан қайтган инсоннинг муомаласи, сўзи, иши ўзгармаса, демак, у фақат сафар қилган, ибодат қилмаган.
Исломнинг ҳақиқий руҳи — амалдаги ихлос, одамларга наф келтириш ва ҳар бир ишни Аллоҳ учун қилишдир.
5. Хулоса
Риё — ибодатнинг душмани. Умра — қалб сафари. Бу сафарда инсон нафсини ортда қолдириб, фақат Аллоҳ розилигини мақсад қилиши керак. Ҳозирги ҳаётда умранинг маънавий моҳиятини тиклаш — мусулмон жамиятининг маънавий соғломлиги учун жуда муҳим.
Шундай экан, ҳар бир мўмин ўйлаб кўрсин: “Менинг ибодатим ким учун?”
Агар жавоб “Аллоҳ учун” бўлса, ана шунда умра ҳақиқий ибодатга айланади.
Умра — тавба ва қалб покланишига йўл.
Риё — ибодатнинг руҳини йўқотади.
Ижтимоий тармоқ орқали ибодатни намойиш этиш ихлосни синайди.
Ҳақиқий умра — инсонни ўзгартиради.
Абдулвоҳид Исақов,
Наманган шаҳар “Мирёқуббой Мирҳакимбой” жоме
масжиди имом хатиби