Рамазон 2026

РАМАЗОН — ТОАТ ВА ГЎЗАЛ ХУЛҚ МАКТАБИ

РАМАЗОН — ТОАТ ВА ГЎЗАЛ ХУЛҚ МАКТАБИ

Рамазон — бу шунчаки ой эмас. У қалбларни поклайдиган, руҳларни тарбиялайдиган, инсонни ўз нафси билан юзлаштирадиган муборак мактабдир. Бу ойда мўмин қалби гўё янги ҳаёт бошлайди. Чунки Рамазон — тоатлар, ихлос ва гўзал хулқ ойидир.

Рамазонда биз саховатни ўрганамиз — муҳтожга қўл узатишни, борини бўлишишни, эҳсон қилишни. Шукрни ўрганамиз — бир қултум сувнинг, бир бўлак ноннинг қадрини ҳис қиламиз. Исорни ўрганамиз — ўзимиз оч бўлсак ҳам, ўзгаларни ўзимиздан устун қўйишни англаймиз. Меҳр-шафқат, мурувват, карам, тавозе ва сабр каби гўзал фазилатлар айнан шу ойда қалбимизга мустаҳкам жойлашади.

Рамазон — ихлосни синаш ойи. Шу боис уни холис ният билан кутиб олайлик. Фарз амалларни сидқидилдан адо этишга, мустаҳаб амалларни кўпайтиришга азм қилайлик. Яхшиликларга шошилайлик, гуноҳлардан эса юз ўгирайлик. Тавба эшиги очиқ экан, қалбларимизни поклайлик. Бир марта тавба қилиб, яна ўша гуноҳга қайтиш эмас, балки қатъий аҳд билан янги ҳаёт бошлашга қарор қилайлик.

Бу ойни беҳуда ишлар билан ўтказиш — катта зиён. Тунларни беҳуда суҳбатлар, сериаллар ва вақтни зое қилувчи машғулотлар билан эмас, балки қиёму ибодат, таровеҳ намози ва Қуръон тиловати билан ўтказайлик. Жамоат намозига шошилиб бориш, илм мажлисларида иштирок этиш, дуо ва зикр билан қалбни нурлантириш — Рамазоннинг ҳақиқий завқидир.

Рамазон — сабр ойидир. Очлик орқали нафс тарбияланади. Чанқоқлик орқали инсон ўз ожизлигини ҳис қилади. Камбағалнинг ҳолини англаш, муҳтожнинг дардини тушуниш айнан шу ойда қалбга яқинлашади. Шунинг учун ҳам Рамазон мақтаниш, дастурхонни турли нодир таомлар билан тўлдириш, ортиқча исроф қилиш ойи эмас. Аксинча, меъёр, қаноат ва тафаккур ойидир.

Афсуски, баъзилар Рамазонни фақат турли хил таомлар ва ширинликлар билан боғлайдилар. Гўё бу ой оч қолиш эмас, балки кўпроқ ейиш фаслидек қабул қилинади. Натижада рўзадор тўйиб кетиш, ҳазм оғирлашиши билан машғул бўлиб қолади. Ҳолбуки, Рамазон — нафсни енгиш, қалбни поклаш, руҳни юксалтириш ойидир.

Ҳақиқий бахт — дунё неъматлари билан қувониш эмас. Чин бахт — дўзахдан нажот топиш, жаннатга муносиб бўлишдир. Рамазон эса ана шу буюк нажот сари очилган имконият эшигидир.

Келинг, бу муборак ойни бефарқлик билан эмас, шукр ва тайёргарлик билан қарши олайлик. Рамазон мактабидан “муваффақиятли битирувчи” бўлиб чиқишга интилайлик. Қалбларимиз тавба билан тозаланган, амалларимиз ихлос билан безалган, тилларимиз зикр билан намланган бўлсин.

Эй Аллоҳ! Бизларни Рамазонга етказгин. Рўза тутишда, қиёму ибодатда, Қуръон тиловатида ва силаи раҳм қилишда бизга мадад бергин. Бизларни бу ойда дўзахдан озод этилганлардан қилгин. Албатта, Сен ҳар нарсага Қодирсан ва бандаларингга Латиф ҳамда Хабир Зотсан.

Рамазон — қалб уйғониши, руҳ покланиши ва нажот фаслидир. Уни қадрлайлик.

Жаъфархон Суфиев,
Тўрақўрғон туман Исҳоқхон тўра жоме
масжид имом хатиби

Related posts