Рамазон 2026

РАМАЗОН САХОВАТ ВА ЯХШИЛИК ОЙИДИР

РАМАЗОН САХОВАТ ВА ЯХШИЛИК ОЙИДИР

Аллоҳнинг марҳамати билан юртимиз бўйлаб Муборак Рамазон ойи ўзининг баракоти билан куну тунларимиз мунаввар бўлмоқда. Рамазон ойи жуда кўп фазилатларга эгалиги билан бошқа ойлардан ажралиб туради. Бу ой ибодат ойи, бу ой Қуръон ойи, бу ой рўзадорларга таом улашаш ойи, бу ой саҳоват ва меҳр-мурувват кўрсатиш ойи ҳамдир. Бу қутлуғ ва баракотли ойда руҳан покланиб, эзгу ниятлар қилмоқ, аҳлоқ-одоб билан бошқаларга ибрат кўрсатмоқ ва меҳр-мурувватли бўлмоқ даркор. Юртимизда мўмин-мусулмонлар Рамазон ойида рўза амалларини бажариши учун барча шароитлар яратилган. Масжидларимизда Қуръони карим хатмоналари юртдошларимизни қалбларини фараҳ этмоқда.

Бу ойнинг эҳсон ва мурувват ҳамда яхшилик ойи эканлиги барча мўмин мусулмонларни амалларига айланади десак муболаға бўлмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, у зотнинг саҳобалари, тобеъинлар ва солиҳ инсонлар Рамазон ойига катта эътибор беришган, бу ой келганида ниҳоятда хурсанд бўлишган. Улар Рамазон кунлари турли хил фойдасиз гап-сўзлар, уруш-жанжал, ғийбат, бўҳтон, ёлғондан сақланишган.  Бу ойда ҳар қачонгидан сахийлик ва олийҳимматлилик кўрсатиб, фақир ва мискин одамларга садақа, эҳсон, таом улашишган, рўзадорларга ифторликлар уюштиришган. Савдогарлар бу ойда молларининг, айниқса, озиқ-овқат маҳсулотларининг нарҳини ҳар қачонгидан пасайтиришган.

Бу муборак ойнинг улуғлиги ва фазлидан, ҳар бир эзгу ишга бериладиган ажр ва савобнинг баракотидан умид қилиб яқин қўшниларимиз, қариндош-уруғларимиз орасида моддий-маънавий кўмакка муҳтож инсонлар бўлса аввало, қилажак яхшилигимизни ана шулардан бошламоғимиз муборак динимиз тарғиботига мувофиқдир.

Зеро, бу ойда эҳсон-саховатларини ҳар қачонгидан кўпайтириш, оилаларга, бемор-ногиронларга ёрдам қўлини чўзиш, муҳтожлар ҳолидан хабар олиш фазилатли ва савобли ишлардан саналади. Чунки Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом Рамазон ойида одамларнинг энг саҳийси бўлиб кетганлари ҳақида саҳиҳ ҳадислар бор.

Рамазони шариф шундай ойки, унда илоҳий файзу-баракот ва раҳмат эшиклари очилади, меҳру оқибат ва саҳоват кучаяди, хайру- эҳсонлар муҳтожларга етиб боради. Эҳтиёжманд кишиларга, етимларга овқат, кийим- кечак, таълим ва тарбия бериш ўзига тўқ кишиларнинг зиммасидаги бурчидир.

Рамазонда биламиз, Қуръони карим ўқилади, таровеҳ намозлари адо этилади, рўза тутилади, яна бу ойда энг улуғ савобли ишлардан бири кўнгил олишдир. Чунки, кўнгил олиш – Каъба қуришдек савоб. Қалбни бузиш-Каъбани бузишдек гуноҳ. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Каъбанинг олдига бориб: “Қандай чиройлисан, қандай мубораксан, эй Каъба! Нақадар муҳтарамсан, лекин Аллоҳга қасамки, мўъминнинг қалби Аллоҳ наздида сендан кўра қийматлироқдир”, – дейдилар. Мўъмин кишининг қалби Каъбадан кўра ҳурматлироқ экан, бу муборак ойда инфоқ-эхсон билан ўзгаларга яхшилик қилиб, кўнгил олишлик қанчалик савоб эканлигини унутмаслигимиз керак.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўта саҳоватли, эҳсон қилувчи, олийжаноб, очиққўл ҳамда кўп садақа берувчи, хушфеъл, ёрдам сўраб келганларга ёрдамлари-ю кўмакларини аямайдиган киши эдилар.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларининг барчаси мана шундай хайр-эҳсон, яхшилик қилиш, бировларга қайғуриш, очиққўллик, саховатпарварлик, ўзгаларга жонини аямаслик ҳамда ёрдам бериш ила ўтган.

Зайд ибн Холид Жуҳанийдан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бирор рўзадорга ифторлик қилиб берса, унга рўзадорнинг ажри мислича савоб бўлади. Бу унинг ажридан бирор нарсани камайтирмайди», дедилар. Саҳобалар ифторликни битта хурмо ёки бир қултум сув ёхуд бир ҳўплам сут билан ҳам амалга ошираверишар эди.  Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Энг афзал садақа Рамазондаги садақадир». «Рамазон ойида нафақа қилишда хурсанд бўлинглар. Чунки у ойдаги нафақа худди Аллоҳ йўлида инфоқ қилган кабидир».

Салмон Форсий ривоят қилган ҳадисда эса Расулимиз: «Ким бу ойда яхши хислатлардан биттасини ихтиёрий қилса, у худди бошқа ойларда битта фарзни адо қилган каби бўлади. Ким унда битта фарзни бажарса, у худди бошқа ойларда етмишта фарзни адо қилган каби бўлади», деб айтганлар.

Аллоҳ таоло юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва омонликни, бунёдкор халқимиз томонидан амалган оширилаётган барча хайрли ишларимизни баракотли қилсин.

 

Шарифхон Юнусов,
Чортоқ тумани “Ҳазрати ибн Аббос” жоме 
масжиди имом хатиби

Related posts