Рамазон 2026

РАМАЗОН ОЙИНИНГ ФАЗИЛАТЛАРИ

РАМАЗОН ОЙИНИНГ ФАЗИЛАТЛАРИ

Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсинки, ўн бир ойга чўзилган соғинч ва иштиёқдан сўнг ниҳоят ойларнинг султони, эзгулик ва хайр мавсуми, тоату ибодат фасли, саховату дуо, таровеҳу Қуръон ойи бўлмиш муборак моҳи Рамазон ўзининг таровати, саховати ва баракоти билан оламга ташриф буюриб турибди.

Жаннатмакон ўлкамизнинг мўмин-мусулмонлари ойларнинг энг улуғи ва энг фазилатлиси бўлмиш бу ойни бир олам шодлигу қувонч билан кутиб олмоқдалар. Ҳамма бир-биридан ширин, бир-биридан эзгу орзу умидлар оғушида. Кимдир Рамазон рўзасини бу йил тўлиқ тутиб, ўттиз кун мобайнида таровеҳларда Қуръон хатмига сомеъ бўлиб, кўплаб савоб орттириш ниятида бўлса, кимдир бу саноқли кунлар мобайнида Қуръони каримни тўлиқ ўқиб тушириш илинжида. Кимдир, бу бебаҳо ва бетакрор тоат мавсумида ўзини ҳартомонлама ислоҳ этиб, хатоларини тузатиш, ҳасад, гинаю кудурат, хусумат каби маънавий иллатлардан қалбини мусаффо этиб, ўзи учун покиза ҳаёт саҳифасини очишни қасд қилган бўлса, яна кимдир хайрли ишлар учун бошқа вақтлардагидан кўра кўпроқ ажру савоблар бериладиган бу қимматли фурсатларни ғанимат билиб, меҳру мурувват, саховат ва силаи раҳм каби олийжаноб ишлардан имкон қадар кўпроқ захира тўплаш мақсадида рамазоннинг келишига интиқ.

Рамазон ойининг фазилатларини санаб тугатиб бўлмайди. Исломнинг бош манбаи, инсониятнинг қиёматгача ҳаёт дастури Қуръони карим шу ойда нозил бўлгандир. Ушбу ойда Ислом тарихига зарҳал ҳарфлар билан ёзилган жуда кўп оламшумул воқеалар содир бўлган. Шу боис бутун дунё мусулмонлари ушбу табаррук ойни солиҳ амаллар ва Аллоҳ розилиги йўлидаги ибодатлар ойига айлантиришади.

Рамазон хайр-саховат ойидир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу ойда бошқа ойларга қараганда янада сахийроқ бўлиб кетардилар.

Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳумо) айтадилар: "Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) одамларнинг энг саховатлиси эдилар. Ул зотнинг саховатлари рамазон ойида – ҳар кеча Жаброил (алайҳис салом) Ул зотга Қуръонни таълим бериш учун ҳузурларига ташриф буюрадиган пайтларда – айниқса чўққисига чиқарди. Дарҳақиқат, Аллоҳнинг Расули (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) одамларга яхшилик билан мурувват кўрсатишда шиддат билан эсаётган шамолдан-да учқурроқ эдилар" (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).

Шунинг учун ҳам қадимдан мусулмонлар Рамазон кирганда ҳар галгидан саховатлироқ бўлишга одатланганлар. Давлатманд кишилар закотларини ҳам айнан Рамазонда адо этишлари ҳам шундан. Бу ойнинг баракасидан ҳар бир уй баҳараманд бўлиб, мўминлар қалбига хурсандлик ва шодлик кирсин учун одамлар алоҳида Рамазонга хос хайру эҳсонлари билан бир қаторда закотларини ҳам шу ойда чиқарадилар.           

Рамазон мағфират ойи. Унинг ўртадаги ўн куни нафақат ойнинг, балки йилнинг «мағфират кунлари» ҳисобланади. Рамазон фазилати ҳақида Салмон (розияллоҳу анҳу) қилган ривоятда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «У аввали раҳмат, ўртаси мағфират ва охири дўзахдан озод бўлиш фурсати бўлган ойдир»деганлар.

Рамазон дўзахдан озод бўлиш ойидир. Рамазон ойида жаннат дарвозалари очилиб, дўзах эшиклари ёпилади. Чунки, бу ойда жаннатга кириш учун сабаб бўлган хайрли ишлар ва солиҳ амаллар кўпроқ бажарилади, дўзахга кириш учун сабаб бўлган гуноҳ-маъсиятлар ва ярамас, жирканч, уятли ишлар камроқ содир этилади. Жаннат дарвозалари мусулмонларни хайрли ишларга шошилишга тарғиб қилиб ҳам очилади. Дўзах эшиклари эса, гуноҳлардан қайтган, истиғфор айтган, афсус-надомат чеккан, қайта қилмасликка ният қилган ҳолда тавба қилишга тарғиб қилиб ёпилади. 

Бу зикр қилинганлар Рамазон ойининг барча фазилатларини тўла қамраб ололмайди, балки, мазкур фазилатлар олдида дарёдан айрим томчилар холос. Йўқса, унинг фазилату хусусиятларини санаб адоғига етказиш мушкулдир. Аллоҳ таолодан сўраймизки, бу муборак ойни, раҳмат ва мағфират ойини, дўзахдан нажот бериладиган, дуолар ижобат қилинадиган Рамазон ойини барчамизга хайрли ва баракотли қилсин! Уни тақво неъматига эришишимиз учун васила қилсин! 

Аброрҳўжа Рашидов,
Чортоқ тумани “Абу Бакр Сиддиқ” жоме 
масжиди имом-хатиби 

Related posts