Рамазон 2026

РАМАЗОН ОЙИ — МУБОРАК БЎЛСИН!

РАМАЗОН ОЙИ — МУБОРАК БЎЛСИН!

 Рамазон ойи - ҳар бир мусулмон интизорлик билан кутадиган, қалблар покланадиган ва иймон мустаҳкамланадиган улуғ ойдир.

Рамазон ойларнинг султонидир. Имом Табароний Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ойларнинг энг афзали Рамазон ойидир», деганлар. Бу ҳақиқатни қуйида келадиган сатрлар ҳам тасдиқлайди.

    Рамазон Қуръон ойидир. Ҳа, Рамазоннинг энг буюк фазилатларидан бири – бу унинг Қуръон ойи эканидадир. Аллоҳ таоло Ўзининг сўнги китоби, Қиёматга боқий қоладиган, барчани ожиз қолдирган мўъжиз каломи Қуръони Каримни нозил қилиш учун айнан Рамазон ойини танлаган. Шунинг ўзи бу ойнинг қанчалар улуғ эканини англаш учун етарлидир. Аллоҳ айтади: «Рамазон ойи – унда  одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ-ойдин ҳужжатлар бўлиб Қуръон туширилгандир» (Бақара, 185-оят).

«Албатта, Биз У(Қуръон)ни Қадр кечасида туширдик» (Қадр, 1-оят).

  Рамазон нафақат рўза тутиш, балки сабр-тоқат, меҳр-шафқат ва ўз-ўзини тарбия қилиш мактабидир.

Рўза — инсонни нафс истакларидан тийилишга, иродасини мустаҳкамлашга ўргатади. Тонг отишидан қуёш ботгунига қадар еб-ичиш ва бошқа ман қилинган ишлардан тийилиш орқали банда ўзини синовдан ўтказади. Бу жараён инсон қалбида тақво туйғусини кучайтиради, уни ҳалолликка ва покликка чорлайди. Рамазон ойида қилинган ҳар бир яхши амалнинг савоби бир неча баробар қилиб берилиши ҳақида ривоятлар бор. Шу боис бу ойни имкониятлар фасли, деб аташ мумкин.

Рамазон — меҳр-оқибат ва саховат ойидир. Камбағал ва муҳтожларга ёрдам бериш, хайр-эҳсон қилиш, яқинлар ҳолидан хабар олиш бу ойда янада аҳамиятли бўлади. Одамлар бир дастурхон атрофида жам бўлиб, ифторлик қилишади, бу эса оила ва жамият бирдамлигини мустаҳкамлайди. Айниқса, таровеҳ намозлари масжидларда жамоат билан адо этилиб, мусулмонлар қалбида бирлик ва ҳамжиҳатлик туйғусини уйғотади.

Бу ойнинг энг улуғ кечаларидан бири — Лайлатул Қадрдир. У кеча минг ойдан афзал экани таъкидланади. Шу сабабли мусулмонлар Рамазоннинг охирги ўн кунлигида ибодатни янада кучайтирадилар, кўпроқ дуо қиладилар ва истиғфор айтадилар. Бу кунлар инсон учун ўз ҳаётини қайта кўриб чиқиш, хатоларини англаш ва яхши ниятлар билан янги саҳифа очиш имкониятидир.

Рамазон ойи инсонга сабр, шукр ва қаноатни ўргатади. Очлик ва чанқоқликни ҳис этган инсон бошқаларнинг аҳволини яхшироқ тушунади, меҳрлироқ ва бағрикенгроқ бўлади. Шунингдек, бу ойда қилинган дуолар, қилинган эзгу ишлар инсон қалбида нур қолдиради.

Хулоса қилиб айтганда, Рамазон ойи — бу фақатгина тақвимдаги бир ой эмас, балки инсоннинг маънавий юксалиш давридир. У ҳар бир бандага ўзини ислоҳ қилиш, қалбини поклаш ва Яратганга яқинлашиш имконини беради. Аллоҳ таоло барчамизни ушбу муборак ойнинг фазилатларидан баҳраманд этсин, қилган ибодатларимизни қабул айласин. Рамазон ойи муборак бўлсин!

Шухратилло Исроилов,
Учқўрғон туман бош имом хатиби

Related posts