Рамазон 2026

РАМАЗОН — МЕҲР-САХОВАТ ОЙИ

РАМАЗОН — МЕҲР-САХОВАТ ОЙИ

Рамазон ойи ислом оламида энг улуғ ва фазилатли ойлардан бири ҳисобланади. Бу ой нафақат рўза тутиш, балки инсон қалбини поклаш, сабр-тоқатни мустаҳкамлаш ва меҳр-саховатни янада юксалтириш ойидир. Рамазон инсонни нафсини жиловлашга, муҳтожларга ёрдам беришга ва жамиятда ўзаро ҳурмат-оқибатни кучайтиришга чорлайди.

Рамазон ойида хайр-эҳсон қилиш, закот ва фитр садақасини адо этиш каби савобли амаллар алоҳида аҳамият касб этади. Меҳр-саҳоват фақат моддий ёрдам билан чекланиб қолмайди; яхши сўз айтиш, бировга кўмак бериш, ота-онага ҳурмат кўрсатиш ҳам катта савобдир.

Рамазон — бағрикенглик ва бирдамлик ойи ҳамдир. Бу ойда одамлар бир-бирига янада яқинлашади, ифторлик дастурхонлари атрофида жам бўлиб, ўзаро аҳиллик ва дўстлик ришталарини мустаҳкамлайди. Қўни-қўшнилар ҳолидан хабар олиш, ёлғиз кексаларни йўқлаш, етим-есирларга ғамхўрлик қилиш Рамазоннинг гўзал анъаналаридандир.

Шунингдек, Рамазон инсонни маънавий покланишга ундайди. Қалбдаги кина ва адоватни йўқотиш, кечиримли бўлиш, яхшилик қилишга интилмоқ — бу ойнинг асосий сабоқларидандир. Чунки ҳақиқий меҳр-саховат инсоннинг қалбидан бошланади. Бу эзгу амаллар азиз китобимиз Қуръони Каримда ҳам кўплаб маротаба зикр қилиб ўтилади. “Сиздан (эй, Мухаммад) қандай эҳсон қилишни сўрайдилар. Айтинг: “Ниманики хайр-эҳсон қилсангиз ота-она, қариндошлар, етимлар, мискинлар ва мусофирларга қилингиз”. Аллоҳ ҳар қандай қилган эҳсонларингизни билиб турувчидир”. (Бақара сураси,215-оят)

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қилганлар: “То мўмин бўлмагунингизгача жаннатга кирмайсизлар, то бир-бирларингизга меҳр-мурувватли бўлмагунингизгача комил мўмин бўла олмайсизлар”. (Имом Муслим ривояти) Рамазон ойида Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг саховатлари зиёда бўлар, бу айниқса, Жаброил алайҳиссалом билан учрашиб, унга Қуръон ўқиб берганларидан кейин сезиларди. Бу Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамлар орасида энг сахийси эдилар. Айниқса, Жаброил билан учрашиб, у зот билан Қуръонни дарс қилишганидан сўнг жуда саховатли бўлиб кетардилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаброил билан учрашганда яхшилик қилишга (ёмғир олиб келувчи) ёқимли шамолдан ҳам саховатлироқ бўлар эдилар" (Имом Бухорий ривояти)

Рамазон  ойининг баракотидан, фазилатидан бу ойда қилинган савоб ишларнинг ажри кўпайтириб берилади. Бу ҳақда бир нечта ҳадиси шарифлар келган. 

Имом Термизий Анас розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятда айтилади, Набий алайҳиссалом айтдилар: "Садақанинг афзали Рамазондаги садақадир" (Имом Термизий ривояти). Пайғамбаримиз алайҳиссалом Рамазон ойида яхшиликларни кўпайтиришлари бу ойдаги хайр-эҳсон бошқа ойдаги хайр-эҳсонлардан афзал эканига очиқ далилдир.

 Аллоҳ таоло барчамизга Рамазон ойини муборак қилсин. Бу ойдан унумли фойдаланиб, савобларимизни кўпайтириш, гуноҳларимизга тавба қилишга 

тавфиқ берсин. Бу муборак ойда гуноҳлардан покланишни насиб айласин. 

Бобиржон Қозоқбоев.
Давлатобод тумани  “Муҳаммад Паноҳ” жоме
масжиди имом ноиби

Related posts