Рамазон 2026

РАМАЗОН ЭҲСОН ОЙИ

РАМАЗОН ЭҲСОН ОЙИ

 Фарз қилинган закот чўнтаклардан олинадиган солиқ эмас, балки у энг аввало инсонларга меҳр-мурувват ва раҳм-шафқат туйғу, шиорларини сингдириш, турли табақалар ўртасида танишув ва улфатлик муносабатларини мустаҳкамлашдир. Қуръони каримда закот беришдан мақсад, ғоя баён этилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хитобан: “Молларидан садақа ол. Бу билан уларни поклайсан, тозалайсан. Уларнинг ҳаққига дуо қил. Албатта, дуоинг улар учун таскиндир. Аллоҳ ўта эшитувчидир, ўта билувчидир”, дейилган. Тавба сураси, 103-оят.

  Шунингдек, закот жорий этилишининг энг муҳим ҳикматларидан бири, нафсни тубанлик кирлигидан тозалаш ва жамиятни олий даражага кўтаришдан иборатдир. 

Шайх Муҳаммад Ғаззолий раҳимаҳуллоҳ. 

Изоҳ: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам “Закот - Исломнинг кўпригидир” деганлар. Закот бериш билан бевалар, етимлар, ногиронлар ва муҳтожларга  ғамхўрлик қилинади. У инсонлар ўртасида алоқаларни яхшилаб, бойлар ва камбағаллар ўртасидаги кўприк бўлади. Закот берувчини пулга муҳаббатдан, бахиллик каби қалб касалликларидан асрайди. Закот инсонни пулга ҳирс қўйишдан ҳимоя қилиб, ҳар бир яхшилик Аллоҳ таолодан эканини тушунишига сабаб бўлади.Мавороуннаҳрнинг атоқли олими Абдуллоҳ ибн Муборак хурмо харид қилардида уни мискину бечораларга улашиб: “Ким менинг хурмоларимдан еса, ҳар бир еган хурмоси учун бир дирҳам мукофот олади “, дердилар, кейин ейишган хурмо данакларини санаб, ҳар бир данакка ҳисоблаб, бир дирҳамдан тарқатарди.

Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 261 – оятида шундай марҳамат қилади: Молларини Аллоҳнинг йўлида сарфлайдиганларнинг мисоли худди бир дона донга ўхшайдир. Ундан етти бошоқ ўсиб чиқадир, ҳар бошоқда юзтадан дон бор. Ва Аллоҳ кимга хоҳласа, яна кўпайтириб берадир. Ва Аллоҳ қамраб олувчи ва билувчи Зотдир.

Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: “Беморларни зиёрат қилинглар, очларга таом беринглар, қарздорларга қарзини узишга ёрдам беринглар”. (Имом Бухорий ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган қуйидаги ҳадисда Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Мўмин улфат бўлади ва унга улфат бўлинади. Улфат бўлмайдиган ва унга улфат бўлинмайдиган кимсада яхшилик йўқ. Инсонларнинг энг яхшиси инсонларга кўпроқ нафи тегадиганидир”.

Шу сабабли, Муборак Рамазон ойида янада саховатли бўлиб, сахийлик сифатини ҳам ўзимизга касб қилайлик. Муқаддас ояти каримада таькидлаганидек, “Яхшиликнинг мукофоти фақат яхшиликдир”. Биз эзгу ишларни қанча кўп қилсак, меҳр-оқибат кўрсатсак, Яратганнинг ўзи бизни турли бало офатлардан, ёмонликлардан асрайди, йўлимизни очиб беради.

Ғайратжон Асабоев,
Янгиқўрғон тумани "Эскиобод” жоме 
масжиди имом-хатиби

Related posts