Жамият аъзоларига муносабат

ҚЎШНИГА ОЗОР БЕРМАСЛИК

ҚЎШНИГА ОЗОР БЕРМАСЛИК

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Аллоҳга қасамки мўмин эмас. Аллоҳга қасамки, мўмин эмас. Аллоҳга қасамки, мўмин эмас», дедилар. «Ким, ё Расулуллоҳ?» деб сўрашди. «Ёмонлигидан қўшниси хотиржам бўлмаган кимса», дея жавоб бердилар. Муттафқун алайҳ

Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда: «Ёмонлигидан қўшниси эмин бўлмаган кимса жаннатга кирмайди», дейилган.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан: «Аллоҳ наздидаги энг улкан гуноҳ қайси?» деб сўрашди. У зот учта гуноҳни зикр қилиб: «Аллоҳга бошқа нарсани шерик қилишинг. Ҳолбуки, У сени яратган; овқатингга шерик бўлишдан қўрқиб фаразндингни ўлдиришинг ва қўшнинг жуфти ҳалоли билан зино қилишинг», дея жавоб бердилар (Муттафақун алайҳ).

  Саҳиҳ ҳадисда айтилади: «Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган киши қўшнисига озор бермасин». Муттафақун алайҳ. 

   Қўшни учтa тоифа бўлади: Мусулмон, кофир, қариндош.

- Мусулмон қўшнинг қўшничилик ва мусулмонлик ҳақлари бор.

- Кофир қўшнинг қўшнилик ҳақи бор.

- Қариндош қўшни - унинг қариндошлик, қўшилик ҳақлари (агар мусулмон бўлса, мусулмонлик ҳақи ҳам) бор.

Ибн Умарнинг яҳудий қўшниси бор эди. Қачон жонлиқ сўйсалар: «Яҳудий қўшнимизга ундан олиб беринглар», дер эдилар.

  Ривоят қилинишича, қиёмат кунида камбағал қўшни бой қўшнисига осилиб: «Эй Раббим, мана бундан сўрачи, нима учун эшигини қулфлаб, мендан фазлини тўсди экан», дейди.

  Киши қўшнисининг озор-азиятларига сабрли ва бардошли бўлиши лозим. Бу иш қўшнига яхшилик қилиш жумласидандир.

Бир киши Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳузурларига келиб: «Я Расулуллоҳ, менга жаннатга дохил этадиган амални ўргатинг», деди. «Муҳсин (яхшилиж қилувчи) бўл», дедилар. «Муҳсинлигимни қандай биламан?» деб сўради. У зот (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Қўшниларингдан сўра, агар сени муҳсин дейишса, демак, муҳсинсан. Бордию сени ёмон дейишса, демак ёмонсан», дедилар.

Имом Байҳақий ривояти. 

   Бир киши Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламга қўшнисидан шикоят қилиб келди. Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам унга: "Сабр қил!", дедилар. У яна шикоят қилиб келди. Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам унга яна: "Сабр қил!", дедилар. Ҳалиги киши учинчи бор шикоят қилиб келганида Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам унга: "Матоларингни кўчага чиқариб ташла!", дедилар.

   У киши уй жиҳозларини кўчага чиқариб ташлади. Кишилар ундан бу ишининг сабабини сўрашди. У бунга сабаб қўшнисининг азияти эканлигини айтди. Кишилар унинг қўшнисини лаънатлай бошлашди. Ҳалиги ёмон қўшни Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб кишилар уни лаънатлаётганини айтди. Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам унга дедилар:

- Бундан олдин Аллоҳ сени лаънатлаган эди!

  У деди:

- Аллоҳга бундан кейин бу ишларимни такрорламасликка аҳд бераман!

  Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам шикоят қилган кишига одам юбориб юкларини кўчадан олишини, энди ёмон қўшниси қайтиб унга ёмонлик қилмаслигини айтдилар!

   Гоҳида азиятлар сабримиздан ҳам ўзиб кетади. Энг ёмони, баъзилар бизнинг сабримизни ожизлик деб ўйлаб азият беришда давом этаверишади. Шунинг учун гоҳида биз ҳам "юкларимизни кўчага улоқтиришимиз" лозим.

   Зулмга рози бўлган инсон ҳалим эмас, қўрқоқ инсондир. Маҳкамага шикоят қилиш, ижтимоий тармоқларда ёзиш, маҳалланинг обрўли кишиларига мурожаат қилиш  "юкни кўчага улоқтириш"дир.

   Сизни йиғлатадиган гуноҳ қалбни ўлдирмайди, балки сизни маст қиладиган, кўзингизга парда тортадиган гуноҳ қалбни ўлдиради!

Ҳозирги кундаги энг муҳим устувор масалалар юзасидан баъзи бир аҳоли ўртасида ўзаро муносабат қўшни деганда фақат ён қўшнилар тушунилади лекин, ёстиқдош жуфти ҳалолига озор бериб нос, сигарет чекиб ёки, покликка риоя қилмасдан тишлирини ювмасдан ва оғзи ва баданларини ноҳуш ҳидланган ҳолда бирга яшаб келаётган кишилар орамизда борлиги ҳеч ким учун сир эмас. Ҳаттоки, мана шу эр ҳотин муносабати ҳам қўшничилик дейилади.

Ҳудайбердиев Муҳиббуллоҳ

Тўрақўрғон тумани бош имом хатиби

Related posts