Байрам ва марака маросимлари

ҚОМУСИМИЗ ЭЪТИҚОДИМИЗ КАФОЛАТИ.

ҚОМУСИМИЗ ЭЪТИҚОДИМИЗ КАФОЛАТИ.

        Хар бир давлатнинг шаклланишида Конституциянинг ўрни беқиёсдир. Бизнинг Конституциямиз 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган кун бўлиб, ҳар йили мазкур санани байрам сифатида кенг нишонлаб келмоқдамиз. Бош қомусимиз миллатимиз руҳига, ҳаёт тарзи ва урф одатларига мос келадиган имон-эътиқод, инсоф, диёнат, меҳр-оқибат, ор-номус, иффат ва ҳаё каби энг эзгу фазилатларни ўз ичига олган. 

       2023 йил 30 апрел куни Референдумда халқимиз бош қомусимизни янги тахририни қўллаб ўз овозини берди. Янги тахрирдаги конституция Муқаддима, 6 бўлим, 27 боб, 155 моддадан иборат бўлиб,  миллий давлатимизнинг рамзи ўлароқ, инсонни қадр-қийматини улуғлаш, унинг хуқуқ ва қонуний манфаатлари даҳлсизлигини таъминлашга хизмат қилади. Бош Қомусимизда баён этилган тамойиллар ҳар бир инсон ўзини чинакам бахтиёр ҳис этиши, осуда ва фаровон ҳаёт кечиришига қаратилган. Мамлакатимизда истиқомат қилувчи турли дин вакиллари, жумладан, юртимиз мусулмонлари Асосий Қомусимизда белгилаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлардан кенг фойдаланмоқдалар.  Хусусан, ушбу ҳужжатда виждон, эътиқод  эркинлиги  кафолатлаб қўйилган.

Конституциямизнинг 35-моддасида “Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади.  Ҳар ким хоҳлаган динига эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбурий сингдиришга йўл қўйилмайди”, дейилган. 

Ислом таълимотига кўра, дин инсонни ўз хохиши билан эътиқод қиладиган илохий кўрсатмалар мажмуидир. Ислом бирон инсонни динга зўрлаб киритишга, ўз эътиқодини бошқаларнинг хоҳиш-иродасига қарши ўлароқ тиқиштиришга йўл қўймайди. 

       Ислом дини оила ва никоҳга катта эътибор қаратади. Насл-насабни сақлаш,  авлодлар бардавомлигини таъминлаш, жамиятнинг ҳар жиҳатдан  қудратли қилишнинг асосий омили дея эътироф этилган.

Конституциянинг 76-моддасида ҳам оилага алоҳида тўхталиб ўтилади: “Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда у жамият ва давлат муҳофазасидадир”. 

Қомусимизда фарзандларимизнинг билим олиш ҳуқуқига эга эканликлари кафолатлангани барчамизни шундай озод, ҳур ва мустақил диёрда яшаётганимизга шукр қилишга ундайди. 

Шунингдек, кишининг оиласи олдидаги  мажбурияти, ўзи яшаб турган давлатининг раҳбарига итоат этиш мажбурияти, ватанини ҳимоя қилиш мажбурияти, бошқа дин ва миллат вакиллари олдидаги мажбуриятлари ҳам борки, Аллоҳ таоло динимизда буларни баён қилиб берган.   

Бугун ўз олдимизга мақсад қилиб қўйган барча олийжаноб ҳаракатларимизнинг негизида, барча эзгу ниятларимизнинг замирида фарзандларимизни ҳам жисмонан, ҳам маънавий жиҳатдан соғлом қилиб ўстириш, уларнинг бахт-саодати, фаровон келажагини кўриш, дунёда ҳеч кимдан кам бўлмайдиган авлодни тарбиялаш орзуси мужассам. Чиндан ҳам, Асосий Қонунимиз ана шу улуғвор мақсад ва интилишларимизнинг мустаҳкам ҳуқуқий асосидир.

 

 Баҳодир Шарипов,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси 

 Чуст туман вакили

Related posts