Рамазон 2026

ҚАНИЙДИ РАМАЗОН ТУГАМАСАЙДИ..

ҚАНИЙДИ РАМАЗОН ТУГАМАСАЙДИ..

Рамазон тугашига яқинлашганда кўп мўминларнинг қалбида битта аламли гап туғилади: “Қанийди Рамазон тугамасайди…” Бу ой келиши билан уйимизга бошқача бир сокинлик киради. Гўё деворлар ҳам зикр айтаётгандек бўлади. Тонг саҳарлик пайтида уйимизда нур пайдо бўлади. Бир пиёла сув, бир парча нон ҳам неъмат бўлиб кўринади. Рамазон келганда одамлар ҳам ўзгаради. Ота-онага ҳурмат ортади. Эр-хотин ўртасида меҳр кўпаяди. Болалар ҳам сокинроқ бўлиб қолади. Уйга тинчлик киради. Гўё фаришталар ҳам шу уйга тез-тез кириб тураётгандек…  Рамазон келганда дастурхонимизга барака тушади. Оддий овқат ҳам етиб ортади. Бир коса шўрва бутун оилага етади. Чунки бу ой — барака ойи. Касбимизда ҳам ғалати бир ҳолат бўлади. Савдо қилган одам айтади: “Рамазонда савдо бошқача юради”. Иш қилган одам айтади: “Рамазонда ишимиз юришиб кетади”. Чунки бу ойда Аллоҳ таоло ризқларни кенг қилади. Рамазон келганда қалб ҳам юмшайди. Масжидлар тўлади. Кўзлар ёшга тўлади. Бир оятда Қуръон тиловат қилган одам, баъзан ўзи ҳам билмай йиғлаб юборади. Чунки бу ой — раҳмат ойи. Лекин афсус… Рамазон жуда тез ўтиб кетади. Энди эса мўминнинг қалбида битта қўрқув пайдо бўлади: Қабул бўлдимикан? Аллоҳ рўзамни қабул қилдимикан? Бу Рамазон охиргиси эмасми? Солиҳ кишилар Рамазон тугаганда  айтганлар: “Биз Рамазонни соғиниб яшаймиз.” Чунки Рамазон — гуноҳлар кечириладиган ой. дуолар қабул бўладиган ой. қалблар тириладиган ой. Рамазон тугаётганида мўмин яна бир ният қилади: “Эй Аллоҳ! Агар Рамазон кетаётган бўлса ҳам, Рамазондаги қалбимни мендан олиб қўйма…” Рамазон бизга ўргатган нарсаларни унутмайлик:

— Қуръонни тарк қилмасликни.

— Масжидни тарк қилмасликни.

— Гуноҳни тарк қилишни.

— Меҳрибон бўлишни.

Агар Рамазон тугаса ҳам, Рамазон руҳияти қалбимизда қолса — демак Рамазон бизни ўзгартириб кетган бўлади. Шунда қалбимиз яна пичирлаб айтади: “Қанийди Рамазон тугамасайди…” Солиҳ кишилардан бири Рамазоннинг охирги кунларида бир одамни кўрибди. У одам масжиднинг бир бурчагида ўтириб, кўзидан ёш тўкиб йиғлаётган экан. Унга:

— “Нега йиғлаяпсан?” деб сўрабди.

У одам шундай деб жавоб берибди: “Рамазон кетаяпти… Мен эса билмайман — Аллоҳ менинг рўзаларимни қабул қилдими ёки йўқми…” Шунинг учун салаф солиҳлар шундай 6 ой давомида: “Аллоҳим, Рамазондаги ибодатларимизни қабул қилгин” деб дуо қилиб юрганлар. Шу гапни эшитган мўминнинг қалби титраб кетади… Рамазон кетади. Масжидлар секин бўшаб қолади. Таровеҳ овозлари ҳам тугайди. Лекин мўминнинг қалби яна битта гапни айтади: “Эй Аллоҳ… агар яна бир Рамазон берсанг — бу сафар янада бошқача яшайман…”

 

Нуриддин Хамрақулов,
Учқўрғон тумани Саттибой ҳалфа жоме 
масжиди имом ноиби

Related posts