Рамазон 2026

ҚАДР КЕЧАСИНИНГ ФАЗИЛАТИ ВА АҲАМИЯТИ

ҚАДР КЕЧАСИНИНГ ФАЗИЛАТИ ВА АҲАМИЯТИ

Қадр кечаси — Рамазон ойининг энг улуғ ва энг баракали кечасидир. Бу кеча Исломда жуда катта аҳамиятга эга бўлиб, Қуръони каримда алоҳида сура — «Қадр» сураси нозил қилинган. Шунинг ўзи ҳам бу кечанинг нақадар буюк эканини кўрсатади.

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

 

إِنَّا أَنزَلْنَاهُ فِي لَيْلَةِ الْقَدْرِوَمَا أَدْرَاكَ مَا لَيْلَةُ الْقَدْرِلَيْلَةُ الْقَدْرِ خَيْرٌ مِّنْ أَلْفِ شَهْرٍ تَنَزَّلُ الْمَلائِكَةُ وَالرُّوحُ فِيهَا بِإِذْنِ رَبِّهِم مِّن كُلِّ أَمْرٍ

سَلامٌ هِيَ حَتَّى مَطْلَعِ الْفَجْرِ

Маъноси:

«Албатта, Биз уни (Қуръонни) Қадр кечасида нозил қилдик.

Қадр кечаси нима эканини сен қаердан биласан?

Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир.

У кечада фаришталар ва Руҳ (Жаброил) Парвардигорларининг изни билан ҳар бир иш билан тушадилар.

У кеча тонг отгунча тинчликдир».

(Қадр сураси, 1–5)

ҚАДР КЕЧАСИНИНГ НОМИ НЕГА «ҚАДР» ДЕБ АТАЛГАН?

Уламолар бу кечанинг «Қадр» деб аталишининг бир неча сабабларини зикр қилганлар:

 1. «Қадр» — улуғлик ва шараф маъносини англатади.

Бу кеча Аллоҳ наздида жуда улуғ ва шарафли кечадир.

 2. Бу кечада тақдирлар ёзилади.

Аллоҳ таоло бир йил давомида бўладиган баъзи ишлар — ризқ, ажал ва бошқа ишлар ҳақида фаришталарга амр қилади.

 3. Бу кечада қилинган ибодатнинг қадри жуда буюк.

ҚУРЪОННИНГ НОЗИЛ БЎЛИШИ

Қадр кечасининг энг катта фазилатларидан бири — Қуръони каримнинг нозил бўлишидир.

Аллоҳ таоло яна шундай марҳамат қилади:

إِنَّا أَنْزَلْنَاهُ فِي لَيْلَةٍ مُبَارَكَةٍ

«Албатта, Биз уни муборак кечада нозил қилдик.» (Духон сураси, 3-оят)

Муфассирлар айтишларича, Қуръон аввало Лавҳи маҳфуздан осмоннинг дунёга яқин қисми — Байтул иззатга Қадр кечасида туширилган, кейин эса 23 йил давомида Пайғамбаримиз  га нозил қилинган.

Аллоҳ таоло:

لَيْلَةُ الْقَدْرِ خَيْرٌ مِنْ أَلْفِ شَهْرٍ

«Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир», деб марҳамат қилади.

Минг ой тахминан 83 йил 4 ойга тенг. Демак, бу кечада қилинган ибодат 83 йилдан ортиқ вақт давомида қилинган ибодатдан ҳам афзалдир.

Муфассирлар айтишларича, Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалам умматига раҳмат қилиб, умрлари нисбатан қисқа бўлгани учун шундай улуғ кечани ато этган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалам шундай деганлар:

مَنْ قَامَ لَيْلَةَ الْقَدْرِ إِيمَانًا وَاحْتِسَابًا غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ

(Бухорий, Муслим)

Маъноси: «Ким Қадр кечасини иймон билан ва савоб умидида ибодат билан ўтказса, унинг аввалги гуноҳлари мағфират қилинади.»

Яна бир ҳадисда:

تَحَرَّوْا لَيْلَةَ الْقَدْرِ فِي الْوِتْرِ مِنَ الْعَشْرِ الأَوَاخِرِ مِنْ رَمَضَانَ

(Бухорий)

Маъноси: «Қадр кечасини Рамазоннинг охирги ўн кунидаги тоқ кечалардан изланглар.»

РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛАМНИНГ АМАЛЛАРИ

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

 

كَانَ النَّبِيُّ ﷺ إِذَا دَخَلَ الْعَشْرُ الأَوَاخِرُ شَدَّ مِئْزَرَهُ وَأَحْيَا لَيْلَهُ وَأَيْقَظَ أَهْلَهُ

(Бухорий, Муслим)

Маъноси: «Рамазоннинг охирги ўн кечаси кирганда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалам белларини маҳкам боғлар (яъни ибодатни кўпайтириб), кечаларни тирик ўтказар ва аҳлларини ҳам уйғотар эдилар.»

Бу ҳадис Қадр кечасини топиш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалам қандай жиддий ҳаракат қилганларини кўрсатади.

ҚАДР КЕЧАСИДА ҚИЛИНАДИГАН АМАЛЛАР

Уламолар бу кечада қуйидаги амалларни кўп қилишни тавсия қилганлар:

 • Қуръон тиловати

 • Таҳажжуд ва нафл намозлар

 • Дуо ва истиғфор

 • Тавба қилиш

 • Зикр ва тасбеҳ

 • Садақа бериш

 • Салавот айтиш

ЭНГ АФЗАЛ ДУО

Оиша розияллоҳу анҳо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаламдан сўрадилар:

«Эй Расулуллоҳ, агар Қадр кечасини топсам, қандай дуо қилай?»

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалам дедилар:

اللَّهُمَّ إِنَّكَ عَفُوٌّ تُحِبُّ الْعَفْوَ فَاعْفُ عَنِّي

(Термизий)

Маъноси: «Эй Аллоҳ, албатта Сен афв қилувчисан, афв қилишни яхши кўрасан. Мени ҳам афв эт.»

Имом Ибн Ражаб Ҳанбалий раҳимаҳуллоҳ шундай деган: «Қадр кечаси — уммат учун Аллоҳнинг энг катта неъматларидан биридир. Чунки қисқа вақтда улкан савобга эришиш имконияти берилган.»

Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Бу кечада ибодатни кўпайтириш, дуо ва истиғфор қилиш мустаҳаб амаллардандир.

Қадр кечаси — мусулмон учун жуда катта имкониятдир. Бу кечада қилинган ибодатнинг савоби жуда улуғ бўлиб, инсоннинг гуноҳлари кечирилишига сабаб бўлади.

Шунинг учун ҳар бир мўмин Рамазоннинг охирги кечаларини, айниқса тоқ кечаларини ибодат, дуо ва истиғфор билан ўтказишга ҳаракат қилиши лозим.

Абдулбосит Абдураҳимов,

Наманган шаҳар “Мавлоно Алиюл қори” жоме 
масжиди ноиб имоми

Related posts