Қадр кечаси — исломда энг улуғ ва баракали кечалардан бири. У ҳақида Қуръони каримда алоҳида “Қадр” сураси нозил қилинган. У кечанинг фазилатлари:
1-Минг ойдан яхшироқ экани: Аллоҳ таоло бу кечани минг ойдан афзал деб баён қилган. Яъни бу кечада қилинган ибодат 83 йилдан ортиқ вақт давомида қилинган ибодатдан ҳам яхшироқ бўлиши мумкин.
2- Қуръон нозил бўлган кеча: Бу кечада Қуръон нозил бўла бошлаган. Шунинг учун у жуда улуғ ва тарихий аҳамиятга эга.
3- Фаришталар тушади: Қадр кечасида фаришталар ва Жаброил алайҳиссалом ерга тушиб, тинчлик ва раҳмат олиб келадилар.
4- Гуноҳлар мағфират қилинади:
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар:
Ким Қадр кечасини иймон ва савоб умидида ибодат билан ўтказса, унинг аввалги гуноҳлари кечирилади.
5- Тинчлик ва барака кечаси: Бу кеча тонг отгунигача тинчлик ва барака билан ўтади.
Бу фазилатларининг далили Қадр сурасидир.
Аллоҳ таоло бу сурада “Лайтул-қадр” нима эканлигига Ўзининг жавобини беради. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Албатта Биз у (Қуроъон)ни Қадр кечаси (Лайлатул-қадр)да нозил қилдик. (Эй Муҳаммад) Қадр кечаси нима эканини Сизга не ҳам англатур? Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир. У (кеча)да фаришталар ва Руҳ (Жаброил) Парвардигорларининг изни билан (йил давомида қилинидиган) барча ишлар (режаси) билан (осмондан ерга) тушурлар. У (кеча) то тонг отгунича саломатликдир“ (Қадр сураси 1-5 оятлар). Ушбу сура тафсири ҳақида “Тафсири ирфон”да: “Қадр кечаси нимани билдиради?” Эй Пайғамбарим, Қадр кечаси ҳақида сиз қандай маълумотга эгасиз. Бу ҳақда нима биласиз? Аллоҳ таоло бирор нарса ёки ҳолатнинг шаъни улуғ, қадри баланд-юксак, шарафи чегарасиз эканини баён этмоқчи бўлганида Ўз Пайғамбарига шу тарзда хитоб қилади.
Қадр кечаси шарофатли, ҳукмлар чиқариш ва ўлчаш-белгилаш, Аллоҳ таоло томонидан ушбу кечада ўзи хоҳлаган кишига ризқ-насиба белгиланиш ва бу ишлар тақсимотини тадбир қилувчи фаришталарига топшириш кечаси бўлгани учун Парвардигор Ўз элчиси эътиборини шу фазилатли кечага қаратмоқда. Абулқосим Замахшарий (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: “Аллоҳ таоло Қуръонни уч усул билан улуғлаган: биринчиси, Қуръонни нозил этишни фақат Ўзига мансуб қилган; иккинчиси, унинг улуғлиги ва шарафини билдириб, номини очиқ айтмай, ишора билан келтирган; учинчиси, Қуръон нозил қилинган вақтнинг қадрини оширган”. Қадр кечаси нимани билдиради, деган савол ушбу кечанинг шаънии кўтариш, қадрини улуғлаш, шарафини баён этиш учундир.
“Лайлатул-қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир”. Яъни Рамазон ойидаги Қадр кечаси фазилат бобида минг ойдан ҳам яхши ва мўътабардир. Бу кечада қилинган ибодатлар минг ойда қилинган ибодатлардан яхшироқдир. Оятдаги “минг ой” жумласи маълум вақт ҳажмини кўрсатиш учун эмас, мисол тарзида келган бўлиши мумкин. Яъни, Қадр кечаси минг ой ва ундан ҳам кўпроқ муддатдан яхшидир, деган маънони ҳам билдиради. Чунки бирор миқдор айнан ўша ададни баён қилиш учун гоҳо у боғланган нарсанинг шарафи ва улуғлигини баён қилиш учун келтирилади. ” дейилади.
Манбалар асосида тайёрланди
Зухриддин Турдиматов,
Учқўрғон туман “Нурмуҳаммад бува” жоме
масжиди имом хатиби