Маълумки, муборак Рамазон ойида ислом таълимотининг асосий манбаи – Қуръони карим нозил бўлган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло хабар бериб айтади яъни: “Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят манбаи ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир. Бас, сизлардан ким бу ойда ўз яшаш жойида ҳозир бўлса, рўзасини тутсин. Кимки бемор ёки сафарда бўлса, тута олмаган кунларининг саноғи бошқа кунлардандир. Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, оғирликни хоҳламайди. Бу – ҳисобни тўлдиришингиз ҳамда ҳидоятга бошлагани учун Аллоҳга такбир (ҳамду сано) айтишингиз ва шукр қилишингиз учундир”. Ояти карима баёнида Имом Хозин ўз тафсирида қуйидаги ривоятни Абдуллоҳ ибн Аббосдан нақл қилади: “Қуръони карим тўлалигича Рамазон ойида Қадр кечасида Лавҳул-маҳфуздан нозил қилиниб, дунё осмонидаги Байтул-иззага қўйилди. Сўнгра Жаброил (а.с.) Муҳаммад (сав)га оятларни муқтазои ҳол тақозосига яъни, турли ҳолатларга мувофиқ бўлак-бўлак қилиб олиб келди”.
Демак, муборак Қуръони каримнинг пайғамбаримиз Муҳаммад (сав)га нозил бўлиши Рамазон ойида бошланган. Шу муборак ой шарофатидан барча муқаддам нозил бўлган илоҳий китоблар ушбу ойда нозил бўлгани ҳикматдан холи эмас.
Рамазон ойи фазилатларидан яна бири “Лайлатул-қадр”нинг шу ойда бўлишидир. “Лайлатул-қадр”йилнинг бошқа ойларидаги кечалардан шарофатли ва улуғ эканлиги ояти карима ва ҳадиси шарифлар билан собитдир. Зеро, Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади: “Албатта, Биз уни (Қуръонни “Лавҳул-маҳфуз”дан биринчи осмонга) Қадр кечасида нозил қилдик. (Эй, Муҳаммад!) Қадр кечаси нима эканини Сизга не ҳам англатур?! Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир. У кечада фаришталар ва Руҳ (Жаброил) Парвардигорларининг изни билан йил давомида қилинадиган барча ишлар режаси билан осмондан ерга тушарлар. У кеча то тонг отгунича саломатликдир”.
Оятдаги улуғ кеча Рамазон ойининг 27-кечаси эканига далолат қиладиган ҳадислар кўпдир. Қадр кечаси Рамазон ойининг нечанчи кечаси эканини Аллоҳ ва Расули томонидан сир тутилган эди. Лекин саҳобалар Расулуллоҳ (а.с.)дан уни аниқлаб беришларини кўп сўрашганидан кейин дастлаб ойнинг учинчи ўн кунлигидан, кейинроқ тоқ кечаларидан излаш кераклигини айтганлар. Охири у кечанинг аломатларини айтганларидан сўнг 27-кеча экани маълум бўлган (Имом Бағавий тафсиридан).
“Лайлатул-қадр” сўзининг маъноси “белгилаш кечаси”, яъни йил давомида турли амал, ҳукм, ризқ, тақдир белгиланадиган кеча деган маънони билдиради.
Аллоҳ таборака ва таоло хабар бериб айтганидек, Қадр кечаси то тонг отгунга қадар тинчлик, осойишталик ва саломатлик кечасидир. Умуман олганда Рамазон ойини барча кечалари ва ва кундузлар раҳмат, мағфират ва тинчлик-омонликка юз ўгириладиган ой бўлиб ҳисобланади. Шунинг учун ҳам ойлар султони бўлган Рамазонни хотиржамлик ва осойишталикда ўтказишимиз, уни ҳар бир кун ва соатларни ғанимат билмоғимиз лозим. Агар тинчлик, эминлик бўлмаса, турли ихтилоф ва келишмовчиликлар мавжуд бўлса, у вақтда неъматлар завол топади, ўртадан тотувлик, ҳамжиҳатлик ва барака кўтарилади.
Аллоҳ таборака ва таоло Рамазон ойида холис ниятлар билан тутаётган рўзаларимизни, кечалари қоим туриб адо этаётган таровеҳ намозларимизни ва хатму Қуръонларимизни Ўзининг лутфу карами ила қабул қилишини, барча мўмин ва мўминаларни мағфират айлаб, жойларини жаннатда қилишини сўраб дуолар қиламиз. Зеро, фақат унинг Ўзигина ижобат қилувчи ва гуноҳларни мағфират қилувчи зотдир.
Пахриддин Юсупов,
Наманган туман бош имом хатиби